Маҳкумларнинг ҳам таълим олиш ҳуқуқи кафолатланади

    Долзарб 2 июн 2020 4045

    Мамлакатимизда барча фуқаролар учун билим олиб, касб-ҳунар эгаллаш ҳуқуқи кафолатланган. Ҳатто жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган, озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг ҳам таълим олиши учун шароит яратилмоқда.

    Зеро, қонунга итоаткорлик, жамиятда юриш-туриш қоидаларига амалга қилиш, ижтимоий ҳаётга мослашувчанлик кўникмасини шакллантириш, янги жиноят содир этилишининг олдини олиш учун маҳкумларни ўқитиб, касб-ҳунарга йўналтириш муҳим саналади.

    2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштиришнинг мутлақо янги устувор йўналишларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш мақсадида Президентимизнинг 2018 йил 14 майдаги 3723-сонли қарорига биноан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинди. Концепция доирасида жазоларни либераллаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилди.

    Ўтган қисқа даврда озодликдан маҳрум қилинган шахсларнинг умумий ўрта ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олиши учун олтита жазони ижро этиш муассасасида умумтаълим, тўрттасида эса касб-ҳунар ўргатиш марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, “Уста-шогирд” тизими асосида маҳкумларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

    Умумтаълим ва касб-ҳунар ўргатиш марказлари фаолият кўрсатмаётган жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олиши, шунингдек, барча жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг олий таълим эгаллаши учун имконият ва шароитлар яратиш, қолаверса, пробация хизмати учун кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш зарурати мавжуд. Шу боис, Ўзбекистон Президентининг “Жиноий жазони ижро этиш тизимида таълимни ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

    Илк бор қарор лойиҳасида умумтаълим муассасалари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари фаолият кўрсатмаётган жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олиши, шунингдек, барча жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг олий маълумотли бўлиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш назарда тутилган.

    Шунингдек, меъёрий ҳужжат лойиҳасида 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб озодликдан маҳрум қилинган шахсларнинг масофавий таълим шакли орқали умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олиши учун жазони ижро этиш муассасаларида фаолият кўрсатаётган умумтаълим ва касб-ҳунар ўргатиш марказларида, олий маълумот олиши учун эса тегишли олий таълим масканларида махсус ўқув гуруҳлари ташкил этилиши кўрсатилган. Махсус ўқув гуруҳида таълим олувчиларнинг ўрни олий таълим муассасаларининг белгиланган умумий қабул квоталарига кирмайди ва давлат бюджетидан молиялаштирилади.

    Шунингдек, қарорда китобхонлик маданиятини шакллантиришга қаратилган вазифалар ҳам белгиланган. Жазога ҳукм қилинганлар ҳар ойда камида битта тавсия этилган адабиётни ўқиши лозим. Хулқ-атворини баҳолаш, жазосини енгиллатиш, муддатидан илгари шартли озод қилишда маҳкумларнинг билим ва касб-ҳунар эгаллашга виждонан ёндашувини ҳисобга олиш назарда тутилган. Бу уларнинг китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда таълим олишга интилишини рағбатлантирувчи ўзига хос механизмдир.

    Қарор лойиҳасида тегишли вазирлик ва идоралар олдига масофавий таълим шакли орқали билим олиш истагида бўлган маҳкумларни ўқишга қабул қилиш, шу жумладан, ҳужжатларини расмийлаштириш, топшириш, имтиҳонларни ўтказиш ва натижасини эълон қилиш, маҳбусларнинг умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим олишини ташкил этиш, уларга муайян маълумот олганини тасдиқловчи ҳужжатларни бериш, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган собиқ ўқувчи ёки талабаларнинг таълим муассасаларидаги ўқишини давом эттириш тартиби каби қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрлаш вазифаси қўйилган.

    Жиноят-ижроия кодексининг 18-моддасига асосан, шикоятларни кўриб чиқиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатлари бузилгани ҳолларини ўз ташаббуси билан текширишда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз кириш ҳуқуқига эга. Ушбу қоидадан келиб чиқиб, таълим олиш истагидаги маҳкумларни ўқишга қабул қилиш, шу жумладан, ҳужжатларини расмийлаштириш, топшириш, имтиҳонларни ўтказиш ва натижасини эълон қилишда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи миллий институтлар вакиллари иштироки назарда тутилса, жараённинг адолатли ва шаффоф ўтиши таъминланади.

    Бизнингча, қарор лойиҳасидаги “ўрта махсус касб-ҳунар таълими” жумласи ўрнида “ўрта махсус профессионал таълим” жумласини ишлатиш мақсадга мувофиқ. Шунда қарор лойиҳаси Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони талабларига мувофиқ келади.

    Озодликдан маҳрум этилган шахслар орасида билиб-билмай жиноят содир этган зиёлилар, илм-фан вакиллари ҳам мавжудлигини инобатга олсак, бу тоифа маҳкумлар учун олий таълимдан кейинги таълимни давом эттириш, илм-фан билан шуғулланиш, муайян соҳаларда тадқиқотлар олиб бориш, мавзуларни танлаш, тасдиқлаш ёки олдин танлаган мавзусини давом эттириш имконияти яратилса, электрон кутубхоналар ташкил этилиб, улардан илм йўлида фойдаланилса, бу саъй-ҳаракатлар, албатта, ижобий натижа беради.

    Хулоса шуки, ушбу қарор лойиҳаси тасдиқланса, маҳкумларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш ва китобхонлик маданиятини шакллантириш орқали уларнинг тафаккурини кенгайтириб, жамиятга ижтимоий мослашувида ёрдам берилган, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва кафолатлашда яна бир муҳим қадам қўйилган бўлар эди.

    Лазизахон ҒАФУРОВА,

    Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман)нинг

    Тошкент вилояти бўйича вакили, профессор

    Раъно ТУРДИБОЕВА,

    юридик фанлар номзоди, доцент

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates