Ҳозирда жариманинг 15 кун ичида 50 фоизи, 30 кун ичида 70 фоизи ихтиёрий тўланса, қолган қисмини тўлашдан озод қилиш амалиёти жорий этилган.
Бироқ қайд этилишича, йўл ҳаракати қоидаларини бузган айрим ҳайдовчилар жаримани имтиёзли муддат у ёқда турсин, ихтиёрий муддатда ҳам тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари кўп учрамоқда.
Шу кунларда «AutoCon-SC/M-онлайн» ва «Планшет» мосламалари ёрдамида туман ва шаҳарлар марказий кўчаларида ҳамда ҳудудий йўл-патруль хизмати стационар постларида рейдлар ўтказилмоқда.
Маълум қилинишича, рейд бошидан бугунги кунга қадар ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар давомида Бюро органлари иш юритувидаги 51 321 та ижро ҳужжати бўйича 24,4 млрд. сўмлик қарздорликлар ундирилишига эришилган.
Бундан ташқари, жаримани ўз вақтида тўламаган ва тадбир давомида қарздорликни тўлашдан бўйин товлаган шахсларга тегишли 14.614 та транспорт воситаси вақтинчалик сақлаш учун жарима майдонларига жойлаштирилган, қидирувдаги 2.684 та транспорт воситалари топилган.
Тадбир давомида 1.477 та транспорт воситаси хатланиб, 95 таси электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган.
Масалан, қарздор Ш.А. дан 13 та (7,3 млн. сўм) маъмурий жарима ва 1 та (399,2 млн. сўм) кредит қарздорлигини ундириш мақсадида, «Kia Sportage» русумли автотранспорт воситаси хатланиб, E-auksion.uz савдоларига чиқарилди.
Қарздор А.Р.дан 55 та (26,8 млн. сўм) маъмурий жарималарни ундириш мақсадида, «Venucia» русумли автотранспорт воситаси жарима майдонига қўйилди.
Қизиқарли жиҳати, аслида кўплаб жаримаси бор автомашиналарнинг қарздорлиги ўрганилганда, солиқ ва банклардан олинган кредит маблағларини ҳам қасддан тўламасдан келаётганлиги аниқланган.
Мисол учун, Бюронинг Учтепа туман бўлими томонидан қарздор Х.Ш.дан маъмурий жарима ундириш ҳақидаги нақ 128 та жарима (59 млн. сўм) ва «Капитал банк» АТБ фойдасига кредит қарздорлигини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати бўйича 200 давлат рақамига эга бўлган «MALIBU» русумли транспорт воситаси вақтинчалик сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилди.
Шу каби, қарздор «V.INV.TUM» МЧЖдан жами 372,9 млн. сўм маъмурий жарималар ва солиқ қарздорлиги ундириш мақсадида, Jeep русумли автотранспорт воситаси жарима майдонига қўйилди.
Автомшаинаси жарима майдонидан олиб чиқиш учун айрим фуқаролар қарздорлигини бартараф этишган.
Автомашинаси жарима майдончасига бориши билган фуқаро Б.Х. 12 та (4,1 млн.) маъмурий жарималарини жойида тўлашни афзал кўрган.
Тошкент вилоятининг «Чинор» йўл-патруль хизмати стационар постида 2022 йилнинг 1 декабрь кунидан ишга туширилган «Яшил» ва «Қизил» йўлак тамойили тизимидан ҳам самарали фойдаланиб келинмоқда.
Мазкур ЙПХ постида 2022 йилнинг 1 декабрь кунидан жорий йилнинг 1 декабрь кунига қадар Бюро органлари иш юритувидаги йўл ҳаракати қоидаларини бузишга оид 4,4 млрд. сўмлик (28 885 та) қарздорликлар ундирилган.