Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги делегацияси БААда хизмат сафарида бўлиб турибди

    Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда БАА президенти девонининг таълим ва тадқиқотлар бўйича котибияти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

    Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигидаги вазирлик делегацияси Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида бўлиб турибди.

    Унда вазирлик делегация қатор таълим ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилмоқда. Жумладан, икки томонлама ҳамкорлик учрашувлари доирасида Вазир Ҳилола Умарова БАА Таълим вазири, Доктор Аҳмад Белҳул Ал Фаласи билан учрашди.

    Учрашувда томонлар БАА ва Ўзбекистон таълим тизимларини ўрганиш ва ҳамкорликда қўшма лойиҳалар ташкил этиш, Ўзбекистонда хорижий тил сифатида араб тили ўқитиладиган мактаблар учун ўқув-методик мажмуаларни такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш, педагогларнинг малакасини ошириш, улар фаолиятини лицензиялаш бўйича тажриба алмашиш ҳамда мактаб ўқувчиларини касбга йўналтириш каби масалаларни муҳокама қилишди.

    Шунингдек, вазир БААнинг “Emirates National School” ихтисослаштирилган мактабида БАА Президенти Девонининг таълим ва тадқиқотлар бўйича котиби ўринбосари Доктор Абдуллоҳ Муғробий билан учрашди.

    Унда СТЕМ фанлари ҳамда араб тилини ўқитиш бўйича БААдан мутахассисларни жалб этиш каби соҳаларда ҳамкорлик қилиш масалалар муҳокама қилинди.

    Музокаралар натижасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Бирлашган Араб Амирлиги Президенти Девонининг таълим ва тадқиқотлар бўйича котибияти ўртасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

    Вазир Ҳилола Умарова бошчилигидаги вазирлик делегацияси Бирлашган Араб Амирликларининг Alef Education ташкилоти бош офисида бўлишди.

    Ташкилот Бош директори Жефри Алонсо ва компания вакиллари билан бўлган ўзаро учрашувлар давомида Alef рақамли таълим платформасини Ўзбекистонда маҳаллий шароитга мослаштирилган ҳолда жорий этиш, катта ҳажмдаги маълумотлар (Big Data) ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда таълим бошқарувида энг оптимал қарор қабул қилиш бўйича Республикамиз ҳудудида тажриба-синов лойиҳасини ишга тушириш, форматив ва сумматив баҳолаш механизмини йўлга қўйиш каби йўналишларда яқиндан ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.

    Маълумот ўрнида, Alef рақамли таълим платформаси ўқувчилар билимини баҳолаш, педагоглар фаолиятини ўқувчилар билимига асосланган ҳолда Big Data ва сунъий интеллект ёрдамида баҳолаб бориш, ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичларини тизимдаги маълумотлар таҳлили асосида прогнозлаш, араб тилини чет тили сифатида ўқитиш ҳамда СТЕАМ йўналишидаги таълимни онлайн платформа ёрдамида йўлга қўйиш каби имкониятларга эга платформа ҳисобланади.

    Ҳилола Умарова, “Янги Ўзбекистон” университети вакиллари ҳамда Халифа фан ва технологиялар университети ижрочи вице-президенти Доктор Аҳмад ал Шоиби билан учрашди.

    Унда қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга келишиб олинди:

    - Ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш;

    - халқаро илмий конференсияларни биргаликда ташкил этиш;

    - тажриба алмашиш дастурини жорий этиш.

    Маълумот учун, Халифа фан ва технологиялар университети дунёда 181-ўринда туради.

    Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги “Янги Ўзбекистон” университетининг БААда бўлиб турган делегацияси Ал Аин университети президенти Ghaleb Awad El Refae билан учрашди.

    Учрашув давомида ўқув дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш, муҳандислик мактаби фаолиятини такомиллаштириш бўйича тажриба алмашиш, профессор-ўқитувчилар алмашинуви дастурини амалга ошириш, биргаликда илмий-тадқиқотлар олиб бориш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш муҳокама қилинди.