БАА аэропортларида ушланиб қолган фуқароларни ҳимоя қилиш чоралари кўрилмоқда — ТИВ

    Ижтимоий тармоқларда шу йилнинг 2 июнь куни Жаҳон чемпионати саралаши доирасида БАА–Ўзбекистон ўйинини кўриш учун борган юзлаб ўзбекистонлик мухлислар Шаржа аэропортида 6-7 соат давомида ушлаб турилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан расмий маълумот берилди.

    Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, БААдаги турли аэропортлар орқали мамлакат ҳудудига кириб келаётган хорижликларнинг, шу жумладан Ўзбекистон фуқароларининг текширувлари чўзилиб кетаётган ҳолатларни алоҳида мониторинг қилиб борилмоқда.

    Айни пайтда фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Мамлакатимизнинг Абу-Даби шаҳридаги элчихонаси ҳамда Дубай шаҳридаги Бош консулхонаси БААнинг тегишли ташкилотлари билан ушбу масалада зудлик билан музокаралар ўтказди ва вазиятни яхшилаш бўйича доимий алоқада бўлиб турмоқда, — дейилади хабарда.

    БАА томони маълумотларига кўра, мамлакатда турли халқаро тадбирлар муносабати билан хавфсизлик чоралари кучайтирилгани сабабли аэропортларда текширув вақтлари чўзилиб кетмоқда.

    Ҳозирда фуқароларимизни тезлик билан текширувдан ўтказиш учун барча имкониятлар сафарбар этилган ва натижада улар мамлакат ҳудудига кириб келишни бошлаган, — дейди ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурхонов.