Малака ошириш зарурати профессионал таълим истиқболини белгилайди

    Хориждаги тажрибага кўра, ўқитишнинг инновацион модели асосида катта ёшлилар таълимининг назарияси ва амалиёти муайян ҳолатда шакллантирилган. Жумладан, таълим олувчининг тажрибасидан ўқитиш мазмунини белгиловчи манбалардан бири сифатида фойдаланилади.

    Мамлакатимиз иқтисодиёти равнақида бозор механизмларининг шаклланиши ҳамда нисбатан барқарорлашуви ўқитишнинг барча босқичида, жумладан, профессионал таълимда ҳам юқори малакали кадрларни тайёрлаш муҳимлиги ва зарурлигини кўрсатди. Бу эса бозор талаблари асосида профессионал таълим тизимини ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, мутахассисларнинг меҳнат бозорида ўз йўлини осон топиши учун касбий компетентга эга бўлишини тақозо этмоқда.

    Энди профессионал таълим тизимининг раҳбар ва педагог ходимлари нафақат педагогика, психология йўналишидаги билимларга, шу билан бирга маъмурий бошқарув кўникмасига эга бўлиши талаб қилинади. Айни пайтда, ишлаб чиқариш, молиявий менежмент, маркетинг ва ресурслар билан таъминлаш вазифаларининг ўзаро боғлиқлигини ҳисобга олган ҳолда қарорлар қабул қилиши, ташқи ва ички муҳитни таҳлил қилиш натижалари асосида бошқарув фаолиятини ташкил эта билиши лозим.

    Мазкур жараёнлар профессионал ўқув муассасаларининг иқтисодий мустақиллигини кенгайтириш билан бирга, таълим хизматлари бозорида рақобат муҳитини яратиш, хизматлар сифатини ошириш ва, ўз навбатида, соҳада замонавий фикрлайдиган, узлуксиз касбий ривожланишга тайёр бошқарув ходимларига эҳтиёжни оширмоқда.

    “Таълим тўғрисида”ги қонунга асосан, кадрлар малакасини ошириш касбий билим, малака ва кўникмаларнинг чуқурлаштирилиши ҳамда янгилаб борилишини таъминлайди. Кадрларнинг тоифаси, даражаси, разряди ва лавозими ошишига хизмат қилади.

    Мунтазам касбий маҳорати, билими, кўникмаларини янгилаб бориш, юқори самарали янги ахборот-коммуникация ва инновацион технологияларни, фан-техника ютуқларини амалиётга татбиқ этиш, бошқарувнинг замонавий тенденцияларини ўзлаштиришда иқтисодиётнинг турли соҳасидаги бошқарув ходимлари учун малака ошириш жараёни жуда муҳим. Мазкур ҳолат, ўз навбатида, узлуксиз малака оширишга эҳтиёжни юзага келтиради ва шу йўналишдаги муаммоларни илмий-тадқиқот сифатида ўрганиш учун ҳам асос вазифасини ўтайди.

    Шу боис, профессионал таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрлари малакасини оширишнинг қатор шакллари назарда тутилган. Асосий ишдан бўшаган ва бўшамаган ҳолда ОТМлари ҳузуридаги тармоқ марказларда ва Педагогик инновациялар институтида малака ошириш, турли ташкилотлар ёки хорижий давлатларда стажировка ўташ, якка тартибдаги режа бўйича ўқитиш шаклида мустақил таълим олиш шулар жумласидан.

    Тажриба ва кузатувлар, таҳлилларга кўра, раҳбар кадрлар асосан асосий ишдан бўшаган ҳолда ОТМлар ҳузуридаги тармоқ марказларда ва Педагогик инновациялар институтида малака оширмоқда. Билим ва кўникмани мустаҳкамлашнинг бошқа тўғридан-тўғри шакллари нисбатан жуда кам қўлланган ва айримлари бўйича жараённи ташкил этиш қўшимча меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқишни талаб этади.

    Бугуннинг талабларига жавоб бериш учун раҳбар ва педагог кадрлар малакасини ошириш тизими, аввало, таълим тизимида юз бераётган муаммо ва жараёнларга мос, асосланган ва етарли даражада ишончли методологик базани танлаши мақсадга мувофиқ.

    Иккинчидан, малака ошириш тизимидаги муаммоли ва зиддиятли вазиятларни ўқитиш тизими ривожланишининг асосий ғоялари ҳамда тамойилларига таянган ҳолда кўриб чиқиш даркор.

    Учинчидан, малака ошириш тизимининг асосий концептуал ривожланиши йўналишларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш усуллари бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш зарурати мавжуд.

    Узлуксиз таълим назариясининг концептуал ҳолатларидан фарқли ўлароқ, катталар таълими назарияси ва амалиёти асосида ёши катта одам табиатидан келиб чиққан тамойиллар ётади. Катта ёшли одам эҳтиёж сезмагунча ўқимайди. У фақат ўз фикрига кўра, зарур кўникмаларни ўрганади ва иш жараёнида ўқийди. Бошқача қилиб айтганда, ёши катта одам таълим жараёнида, аниқроғи, унинг барча параметрини аниқлашда етакчи ролини ўйнашга тайёр.

    Хориждаги тажрибага кўра, ўқитишнинг инновацион модели асосида катта ёшлилар таълимининг назарияси ва амалиёти муайян ҳолатда шакллантирилган. Жумладан, таълим олувчининг тажрибасидан ўқитиш мазмунини белгиловчи манбалардан бири сифатида фойдаланилади.

    XXI асрда етакчи давлатлардаги малака ошириш тизимида очиқ ва ёпиқ курсларни ташкил этиш касбий ривожланишда муҳим омилдир. Қисқа муддатли курсларни ташкил этишда асосий эътиборни ўқув-услубий таъминотни яратишга қаратиш керак. Зеро, малака ошириш тизимини такомиллаштириш ўқитиш сифатини таъминлайдиган асосий омиллардан. Бу жараёнда профессионал таълим мутасаддилари, соҳа мутахассислари ва педагоглар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш, фаолиятини мувофиқлаштириш зарур бўлади.

    Шунингдек, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш жараёнини илғор хориж тажрибаси (Сингапур, Германия, Жанубий Корея, Буюк Британия, Япония) асосида такомиллаштириш, касбий фаолиятда зарур бўлган билим, малака ва кўникмаларнинг ҳаёт давомида эгалланишини қўллаб-қувватловчи ва рағбатлантирувчи узлуксиз касбий ривожланиш тизимини яратиш мақсадга мувофиқ.

    Профессионал таълимда малака ошириш сифатини юксалтиришда бошқарув ва педагог ходимларнинг шахсий ташаббуси асосида таълим олишга эҳтиёжи, мотивациясини ривожлантириш, ўқув жараёнида ўзаро ишонч ва хайрихоҳликка асосланган ҳамкорлик муҳитини яратиш, таълим дастурларини амалга оширишнинг модулли тизимини жорий этиш алоҳида аҳамият касб этади.

    Бу жараёнда катта ёшдагилар таълимининг ўзига хос хусусиятлари бор. Шахсий ва касбий жиҳатларнинг ўзаро боғлиқлиги, етакчилик роли, касбий, ижтимоий, маиший ва амалий тажриба каби омилларни ҳисобга олиш, касбий фаолият мақсадлари, вазифалари, натижалари ва эҳтиёжларига мувофиқлиги асосида ўқув-услубий таъминотини такомиллаштириб бориш муҳим саналади.

    Зайниддин ХУДОЙБЕРДИЕВ,

    Педагогик инновациялар, профессионал

    таълим бошқаруви ҳамда педагог кадрларни

    қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини

    ошириш институти директори, профессор

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates