Жорий йил 25 март куни пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан уюшма аъзоси, устоз журналист Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Маматқул Ҳазратқуловнинг “Қирғоқсиз дарёлар” ва “Варақсиз дафтар” номли бадиий публицистик асарлари тақдимоти бўлиб ўтди.
М.Ҳазратқуловнинг “Варақсиз дафтар” бадиий публицистик асарида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самаралари талқин этилган бўлса, “Қирғоқсиз дарёлар” китобида адабиётимиз ва санъатимизнинг дарғалари ҳаёти ва ижоди, хулқининг ибратли жиҳатлари ҳақидаги эсселар ўрин олган.
Муаллиф ўзи бевосита иштирок этган қизиқарли воқеалар, кўрган-кечирганлари ҳақида, муҳим қарорлар қабул қилишдаги мураккаб ҳолатлар тўғрисида равон тилда ҳикоя қилар экан, уларни бугунги доруламон замон билан таққослайди ва шу кунларга етказгани учун шукрона қилади.
Тақдимотни олиб борган Уюшма раиси в.б. Холмурод Салимов мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида китобхонлик маданияти ва китоб тарғиботига алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борада ижодкорларнинг ўрни, жумладан, устоз журналист, таниқли адиб Маматқул Ҳазратқуловнинг “Қирғоқсиз дарёлар”, “Варақсиз дафтар” китоблари мазмун моҳияти ҳақида қисқача сўз юритди.
Тақдимотда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа, таниқли адиб Эркин Аъзам, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳмат ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Мазкур китоблар тажрибали журналистнинг кўп йиллик ижодини ўзида мужассам қилгани билан ҳам қадрлидир. Ватанимиз тақдирига ва ўз шахсининг такомиллашишига бефарқ бўлмаган кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган. Айниқса, журналистика соҳасида фаолият юритаётган кишиларга ёхуд шу йўналишда таълим олаётган талабаларга бу китоблар яхшигина услубий қўлланма бўлиб хизмат қилади.