Мамлакатимиз экспорт географияси ортиб бормоқда

    Бизнес 10 ноябр 2023 834

    Италия ва Латвияга ипакдан аёллар кўйлаги, Камерунга мис сим маҳсулотлари, Туркия ва Эронга тикув машинаси, Молдовага кир ювиш машинаси, Исроилга миллий чолғу асбоблари, Кореяга мош уни ҳамда Анголага автомобиль эҳтиёт қисмлари илк марта етказиб берилди.

    Сўнгги даврда савдони ривожлантириш Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналиши сифатида қаралмоқда. Ҳукумат ушбу соҳани янада ислоҳ қилиш, ундаги тартиб-қоидаларни соддалаштириш ва оптималлаштириш, тариф ва тарифсиз тўсиқларни олиб ташлаш, экспорт номенклатураси ва географиясини кенгайтириш бўйича бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

    Жумладан:

    Божхона маъмурияти соҳасида божхона тўловлари ставкалари икки баравар камайтирилди, 3500 дан ортиқ маҳсулот турларига импорт ставкаси ва 1000 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар учун акциз солиғи нолга тенглаштирилди.

    Шу билан бирга, ҳавфни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилди, экспорт-импорт операциялари давомида кераксиз ҳужжатларни талаб қилиш тартиби бекор қилинди ва "ягона ойна" божхона ахборот тизими жорий этилди.

    Бу каби ишлар солиқ маъмурияти соҳасида ҳам амалга оширилди. Хусусан,

    - тўланадиган солиқлар 13 турдан 9 турга қисқартирилди;

    - солиқ органларининг солиқ тўловчининг дебиторлари ҳисобидан солиқ қарзларини ундириш ҳуқуқи бекор қилинди;

    - солиқ имтиёзлари ва преференциялари фақатгина Солиқ кодексига биноан берилиши амалиёти жорий этилди;

    - тадбиркорлар учун қулай солиқ тизими яратилиб, қўшилган қиймат солиғи ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилди ва ҚҚСни қайтаришнинг тезлаштирилган тартиби жорий этилди;

    - солиқ низоларини судгача ҳал қилиш тартиби белгиланди ва солиқ ҳуқуқбузарлиги турига қараб жавобгарлик чоралари белгиланди;

    - айланмадан олинадиган солиқнинг 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган ставкалари ўрнига ягона 4 фоизлик солиқ ставкаси жорий этилди;

    - экспортга реализация қилишдан олинган фойда тўлиқ солиқдан озод қилинди (2022 йил 1 ноябрдан);

    Солиқларнинг камайтирилиши, солиқ имтёзлари натижасида маблағлар тадбиркорлик субъектлари ҳисобида қолиб, уларнинг айланма маблағлари ошди (тадбиркорлар ихтиёрида 14 трлн сўм маблағ қолиши кутилмоқда).

    Булардан ташқари сўнгги йилларда:

    - экспортидан тушган валюта тушумини мажбурий сотиш тартиби барча экспортчи корхонлар учун бутунлай бекор қилинди;

    - товар ва хизматлар экспортини кафолатланган тўлов (олдиндан тўлов, аккредитив, банк кафолати ва суғурта) мавжуд бўлмасдан хорижий валютага экспорт қилиш ҳуқуқи берилди;

    - умумий қиймати 5 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган товарларни божхона декларацияси тақдим этмасдан Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишга рухсат этилди;

    - маҳсулотларни экспортга реализация қилиш ҳажмига тўғри келадиган қисми юзасидан юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича имтиёзлар тақдим этилди;

    - экспортчи корхонларга молиявий хизмат кўрсатувчи ва уларни экспорт йўналишида зарурий ахборот билан таминловчи Экспортни рағбатлантириш агентлиги фаолияти йўлга қўйилди.

    Экспортни ривожлантириш ҳамда уни рағбатлантириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида республикада 6 031 та корхонанинг 10 558 та мурожаатига мувофиқ қўшилган қиймат солиғидан 15,4 трлн сўм салбий фарқ суммалари қоплаб берилди.

    Бундан ташқари, ушбу даврда жами 1 249 та экспортчи корхонанинг 3 936 та мурожаатига асосан 4,6 трлн сўм, шундан дастур доирасидаги корхоналарининг 429 та мурожаати асосида 603,9 млрд сўм қўшилган қиймат солиғи салбий фарқ суммалари тезлаштирилган тартибда қайтариб берилди.

    Шу билан биргаликда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига яратилаётган кенг имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш мақсадида Савдо саноат палатаси томонидан сўнгги даврда жами 600 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларига умумий қиймати 548,7 млн АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларни хорижий мамлакатларга экспорт қилишда кўмаклашилди.

    Келгусида экспорт ва ташқи савдо йўналишдаги ишлар давом этади ва нафақат тартибга солиш чоралари, балки экспортни ҳар томонлама кенгайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар ҳам тадбиқ этилади.

    Мисол учун 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси «Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти» ғояси асосида 200 та экспортчини очиқ танлов асосида саралаб, уларни етакчи экспортёрларга айлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари белгиланган.

    Шу билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижий давлатларга чиқаришда кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш ҳисобига экспортчи корхоналар сонини ҳозирги 6 500 тадан 15 000 тага, товарларнинг экспорт географиясини 115 тадан 150 тага етказиш мақсад қилинган.

    Мухтасар қилиб айтганда, бугунги кунда мамлакатимизда экспортни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун барча зарур имкониятлар яратилган.

    Ушбу мақсадларда экспорт қилувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва амалга оширилди, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 6 апрелдаги "Ташқи савдо фаолияти иштирокчиларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони билан маҳсулотларни экспорт қилишда транспорт харажатларини қоплаш учун маҳаллий корхоналарга субсидиялар берилмоқда, аккредитация ва сертификатлаш билан боғлиқ харажатлар Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қопланмоқда.

    Буларнинг натижасидан мамлакатимиз экспорт географияси ҳам ортиб бормоқда. Жумладан, ушбу кўрсаткич 52 та янги давлатлар бозорлари ҳисобига кенгайтирилиб, Италия ва Латвияга ипакдан аёллар кўйлаги, Камерунга мис сим маҳсулотлари, Туркия ва Эронга тикув машинаси, Молдовага кир ювиш машинаси, Исроилга миллий чолғу асбоблари, Кореяга мош уни ҳамда Анголага автомобиль эҳтиёт қисмлари илк марта етказиб берилди.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates