Ёш мутахассислар ва ёш ватандошларга зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларига доир қарор қабул қилинди

    Мамлакатимизда 10 март 2022 2399

    Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ёш мутахассислар ва ёш ватандошларга зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (2022 йил 7 март, №101) қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

    Ҳужжатда қайд этилишича, хориждаги нуфузли олий таълим муассасаларида таълим олаётган, илм-фан билан шуғулланаётган, етакчи компанияларда ишлаётган ҳамда юксак билим ва малакага эга бўлган Ўзбекистон ёшларининг Ватанимизга келиб ишлашлари учун зарур шарт-шароит яратиш, уларга уй-жой ажратиш, муносиб маош тўлаш бўйича янги тизим жорий этилмоқда.

    Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 июлдаги «Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ – 6260-сонли Фармони эълон қилинганига эътибор қаратилади.

    Мазкур фармоннинг 5-бандида давлат органлари, ташкилот ва муассасаларида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига кирган хорижий олий таълим муассасаларини (бакалавриат, магистратура) тамомлаган ёки уларда илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча устамалар тўлаб бориш тартиби жорий этилган.

    Фармон билан белгиланган қўшимча устамалар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (Агентлик), ёш мутахассис ва унинг иш берувчиси ўртасида имзоланган шартнома асосида ҳар ой тўлаб борилади. Шартнома 3 йилгача бўлган муддатга тузилади ва тўловлар иш берувчи томонидан амалга оширилади.

    Фармонга мувофиқ, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ойлик устамалар татбиқ этиладиган таълим йўналишлари, тор мутахассисликлар рўйхати, давлат органлари, ташкилот ва муассасалари рўйхати шакллантирилиб, Агентликнинг расмий веб-сайти — argos.uz га жойлаштирилди.

    Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги ПФ-6168-сон Фармони билан тасдиқланган Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси (кейинги ўринда - Жамғарма) тўғрисидаги низомга кўра, Жамғарманинг асосий вазифалари этиб хориждаги нуфузли илмий-тадқиқот, таълим ва тиббиёт муассасаларида, иқтисодиётнинг истиқболли тармоқларида, айниқса, энг янги инновацион технологияларни ишлаб чиқариш ва қўллаш соҳаларида ишлаётган, қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларимиз билан алоқалар ўрнатиш белгиланган.

    Қарорга мувофиқ, ёш мутахассисларга қўшимча устамалар миқдори белгиланишида нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг (THE (The Times Higher Education World University Rankings), QS (Quacquarelli Symonds World University Rankings), ARWU (Academic Ranking of World Universities) юқори 500 талик рўйхатидаги энг юқори ўриндан жой олган хорижий олий таълим ташкилоти инобатга олиниши белгиланган.

    «Ташқи ишлар вазирлиги Жамғарма ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 июндан бошлаб доимий равишда хорижий давлатларда фаолият юритаётган ёш мутахассис ва ёш ватандошларнинг ахборот тизимида рўйхатдан ўтишига кўмаклашиб борсин.

    Агентлик давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда ахборот тизимида рўйхатдан ўтган юқори малакали, маънавий-ахлоқий ва ватанпарварлик сифатларига эга бўлган ёш мутахассислар ва ёш ватандошлар билан алоқалар ўрнатиш ва уларни ишга таклиф қилиш чораларини кўрсин;

    Жамғарма билан биргаликда ёш кадрларнинг малакасини ошириш ва стажировкадан ўтиш учун белгиланган тартибда ривожланган хорижий давлатларга юбориш чораларини кўрсин.

    Хорижий давлатда тажриба орттириш билан боғлиқ харажатлар вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилсин», дейилади Вазирлар Маҳкамасининг 101-сон қарорида.