Мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқлари етарли даражада ҳимоя қилинмоқдами?

    Жамиятда бозор иқтисодиёти муҳитини шакллантиришнинг ўз талаблари бор. Унда нафақат товар ёки хизмат турларини таклиф этувчи шахслар, балки уларни харид қиладиган истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳам тенг муҳофаза қилиниши керак.

    Президентимиз раислигида шу йил 28 май куни иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида кўп гапирилса-да, амалда бу тизим тўла ташкил қилинмагани таъкидланди. Аслида буни талаб қиладиган муҳит, билимнинг йўқлиги, оммавий ахборот воситаларида тарғибот етишмаслиги танқид қилинди.

    Ҳақиқатан, шундай. Авваллари халқимиз ўзбекона андиша, истиҳола сабаб ўзининг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини талаб қилмагани ёки бу ҳақида етарлича тушунчага эга бўлмагани боис, тизимни ислоҳ қилишга деярли эътибор қаратилмай келинган. Аммо сўнгги йилларда аҳолининг барча соҳаларда ҳуқуқий маданияти ортиб бормоқда. Айниқса, кўпчилик истеъмолчи сифатида ўз ҳақ-ҳуқуқини таний бошлади. Буни ўтган йили истеъмолчилардан тушган 11 мингдан ортиқ шикоятдан ҳам билиш мумкин. Таҳлилларга кўра, мазкур мурожаатларнинг 50 фоизи коммунал ва транспорт, 25 фоизи савдо, қолган 25 фоизи алоқа, молиявий хизматлар ва бошқа соҳаларга оид. Бу, ўз навбатида, монопол корхоналар ўз манфаатига мослаб ҳужжатлар ишлаб чиққанлигини, уларда истеъмолчилар манфаати тўлиқ инобатга олинмаганини ҳам кўрсатиб турибди.

    МУРОЖААТЛАРНИНГ 67,7 ФОИЗИ ИЖОБИЙ ҲАЛ ЭТИЛГАН

    Президентимизнинг 2019 йил 11 сентябрдаги "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони асосида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ташкил этилди. Энг аввало, биз коммунал хизмат кўрсатувчи субъектларга ўтган йил давомида келиб тушган аризалар ва уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид ҳолатларни ҳудудлар кесимида ўрганиб чиқдик. Натижада мазкур масалада истеъмолчилардан республика бўйича жами 130 689 та мурожаат йўллангани ва уларнинг атиги 67,7 фоизи ижобий ҳал этилгани аниқланди.

    Бу борадаги муаммоларни тизимли ҳал қилиш ҳамда агентлик томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини судгача ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида айни пайтда Энергетика вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан ҳамкорлик лойиҳаси йўлга қўйилмоқда.

    Мазкур ҳамкорликнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — истеъмолчилар мурожаатлари аниқ тартиб асосида кўриб чиқилишидир. Унга биноан, аввало, жорий йилнинг 3 июнига қадар тегишли ташкилотлар томонидан табиий газ, электр энергияси, ичимлик сув ва иссиқлик таъминоти масалалари юзасидан келиб тушадиган мурожаатлар ва уларнинг ижроси тўғрисида якуний хулосалар (жавоб хатлари) бўйича кунлик электрон маълумотлар алмашилади. Улар агентлик марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалар томонидан назорат қилинади. Натижада ҳар бир мурожаат ва унинг ижроси бўйича якуний хулосалар (истеъмолчиларга жавоб хатлари)ни чуқур таҳлил қилган ҳолда, ўрганишлар олиб борилади. Ҳар ойнинг бешинчи санасига қолмай, тегишли хулосага келинади.

    Ҳамкорликда йўлга қўйилаётган мазкур тизим коммунал хизматлар кўрсатиш соҳасида истеъмолчиларнинг номуайян доираси вакилларининг ҳуқуқларини судгача ҳимоя қилиниши ҳамда мурожаатларнинг ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлайди.

    ҲАМ ҲУҚУҚИЙ, ҲАМ АМАЛИЙ ИШЛАР ТАКОМИЛЛАШТИРИЛАДИ

    Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги зиммасига юклатилган бир қатор вазифаларни бажариб келмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида 278 та тадбир ташкил этилиб, уларда жами 25,6 минг нафар аҳоли вакиллари, талаба ва ўқувчи ёшлар, ваколатли идораларнинг 825 нафар мутахассиси ва 1,5 минг нафар тадбиркорлик субъектлари қамраб олинди. Оммавий ахборот воситалари орқали истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган 718 та чиқиш қилинди. Туман ва маҳаллалар аҳолиси, тадбиркорлар билан учрашиш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш бўйича изчил тизим йўлга қўйилди. Мазкур жараёнда 11 мингта истеъмолчи мурожаати кўриб чиқилиб, уларга тегишли бўлган 1,5 млрд. сўм маблағ қайтарилишига эришилди.

    Истеъмолчилар хабардорлигини ошириш мақсадида 51 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида пешлавҳа, республика ҳудудидаги 500 дан ортиқ бозор ва савдо мажмуаларида “Истеъмолчи бурчаги” ва “Назорат тарози”лари ўрнатилди. Истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимояланганлигининг қониқарлилиги юзасидан 3та йўналишда (транспорт, савдо, алоқа) 8,2 минг нафар аҳоли ўртасида ижтимоий сўровнома ўтказилди.

    Соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, амалдаги 80 дан ортиқ ҳужжат хатловдан ўтказилиб, уларнинг 12 тасини такомиллаштириш юзасидан тегишли таклифлар тайёрланди. Вазирлик ва идораларнинг 40 та ҳужжат лойиҳасига хулоса берилиб, 5 та янги ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди.

    Бу борадаги долзарб вазифалар 2020 йилда ҳам фаол давом эттирилмоқда. Хусусан, амалдаги 144 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни баҳолаш, мобиль алоқа, қурилиш, хусусий тиббиёт соҳасида 5 та янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқишни ташкил этиш, 35 турдаги асосий истеъмол товарлари (22 турдаги озиқ-овқат ҳамда 13 турдаги шахсий ҳимоя воситалари) чакана нархларини кунлик мониторинг қилиш, нархларни барқарорлаштириш бўйича таклифлар бериш, аҳолининг соғлиғини ҳимоялаш мақсадида озиқ-овқатлар хавфсизлиги бўйича 10 та техник регламентларга тузатишлар киритиш режалаштирилган. Шунингдек, таркибида зарарли трансёғлар, ортиқча шакар ва туз, болалар истеъмоли учун тақиқланган озиқавий бўёқлар, таъм берувчи қўшимчалар ва консервантлар тўғрисидаги маълумотлар маҳсулот ёрлиғида (маркировкасида) алоҳида ёрқин ранг ва йирик ҳажмларда кўрсатилишини жорий этиш, 1 миллионта истеъмолчи ва тадбиркорларга оммавий ахборот воситалари ва ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, ҳуқуқий ёрдам ва қонун талаблари бўйича тушунтириш ишлари олиб бориляпти.

    Назорат хариди орқали озиқ-овқат ва фармацевтика маҳсулотлари сифатини мустақил экспертиза қилиш, жойлаштирилаётган рекламаларда давлат тили, миллий қадриятларимизга зид ва истеъмолчиларни чалғитувчи ҳолатларни бартараф этиш бўйича 11 мингта ташқи реклама объектини назорат қилиш тизимини жорий этиш ҳам кўзда тутилган.

    Бир сўз билан айтганда, бугун юртимизда тараққиёт ва демократик жараёнларнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланган истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янгича ва замонавий тизимини яратиш бўйича ишлар бошлаб юборилди.

    Давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган йиғилишда агентлигимиз ваколатларини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланиб, истеъмолчиларнинг манфаатларини тўғридан-тўғри ҳимоя қиладиган халқ вакиллик органи — Олий Мажлисга ҳисобдор этиб белгилаш масаласини кўриб чиқиш топшириғи берилди. Уларнинг ўз вақтида бажарилиши мавжуд тизимни янада такомиллаштириш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида истеъмолчи ҳақ-ҳуқуқи, манфаатлари ҳимоясини устувор вазифага айлантиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

    Элмурод ҲАЙИТМЕТОВ,

    Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги

    Истеъмолчилар ҳуқуқларини
    ҳимоя қилиш агентлиги директори