“Мардоналиғингизни бори эл билди”

    1992 йил миллий маънавий ҳаётимизда муҳим воқеалардан бири юз берди. Буюк аждодларимизнинг илмий-адабий меросини ўрганиш, хорижда дафн этилган ота-боболаримизнинг қабр ва қадамжоларини аниқлаш ва ободонлаштириш, қўлёзмаларни Ватанимизга олиб келиб илмий истеъмолга киритиш каби хайрли ва улуғвор ишларни мақсад қилган Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ҳамда унинг илмий экспедицияси ташкил этилди.

    Бугун, орадан 30 йил вақт ўтиб, фонд ва унинг илмий экспедицияси амалга оширган ишларга назар ташлар эканмиз, кўз олдимизда тўлақонли илмий-тадқиқот институти ёхуд кичикроқ бир академия жонлангандек бўлади.

    Фонднинг бевосита иштироки билан шу кунгача ўнлаб машҳур шоир ва алломалар, давлат ва жамоат арбоблари ҳаёти ва ижоди, илмий фаолиятларига доир изланишлар бажарилиб, мингга яқин нодир қўлёзма ва китобнинг асл нусхалари юртимизга олиб келинди. Шунингдек, “Бобурнома”нинг тўртта нашри, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси”, “Ҳабиб ус-сияр”, “Захириддин Мухаммад Бабур. Бабуриды. Библиография” каби элликка яқин китоб чоп этилгани, Бобур номидаги халқаро мукофот таъсис этилиб, ҳозирга қадар ўнлаб ўзбекистонлик ва хорижий олиму адиб ушбу мукофот билан тақдирлангани — булар икки оғиз жумлада айтиб ўтиладиган мисоллар бўлса-да, уларнинг ортида чекилган заҳмату машаққатни, тунларни тонгларга, тонгларни шомларга улаб қилинган меҳнатни тасаввур этишимиз қийин эмас.

    Эндигина мустақил бўлган мамлакатимиз мураккаб иқтисодий-ижтимоий вазиятни бошдан кечираётган, одамлар тирикчилик ғамида ўзини ўтга-чўққа уриб яшаётган бир пайтда, иссиқ ўрнини совитиб, оддий автоуловда узоқ ва машаққатли сафарга отланиш учун кишида қандай хислатлар бўлмоғи керак, бугун биз — умримизнинг энг гулгун ва жўшқин дамлари истиқлол даврида, дориломон кунларда кечаётган ёшлар, очиғи, буни тўлиқ тасаввур этолмаймиз.

    Эҳтимол, бунинг учун жуда катта ­эътиқодга — Аллоҳга бор вужуди билан таваккул қилишдан тортиб, Ватан, миллат, маънавият қайғуси билан яшаш, умрини, жонини хатарга қўйиб бўлса-да, ўз ҳаётий принципларига, ёшлик орзу-умидларига садоқат туйғусига эга бўлиш керакдир.

    1992 йилнинг авжи баҳор кунларида ташкил этилиб, 19 май куни йўлга чиққан 14 кишидан иборат илмий экспедициянинг олтмиш кечаю олтмиш кундузли сафари давомида 18 минг километрдан зиёд масофани босиб, чўлу саҳролар, тоғу довонлар оша кезиб, не-не қийинчилик, машаққатларни тортса-да, барчасига сабр-тоқат, ирода билан бардош берганини кўриб, бунга қайта-қайта ишонч ҳосил қиламиз.

    Негаки, фақат мустаҳкам эътиқодгина инсонга шундай ирода ва сабр бахш эта олади. Кўнгилда ўзи қилаётган ишга, танлаган йўлга ишонч ва муҳаббатгина одамни олға қадам босишга ундайди, тану жонига, руҳиятига куч-қувват бағишлайди.

    Кўз олдимизга бир келтирайлик. Афғонистон. Урушу низолар гирдобида қолган, ундан чиқишга йўл тополмаётган мазлуму маҳзун ўлканинг Жалолобод шаҳри. Экспедиция аъзолари узоқ ва машаққатли сафарининг ҳал қилувчи палласига — ҳазрати Бобур хоки ётган манзилга яқинлашмоқда. Оқшом чўккан. Улар чарчоқларини ёзиш, бирпас ором олиш илинжида ўзлари учун бир сокин жой, хобгоҳ истамоқда. Аммо қани ўша истироҳатгоҳ? Қани ўша сокин, оромижон гўша? Қани ўша ҳаловат?

    Экспедиция аъзоси, таниқли адиб, халқимизнинг севимли ёзувчиси Хайриддин Султон “Бобурийнома” маърифий романида бундай ҳикоя қилади:

    “Афғонистон ҳудудига ўтишимиз биланоқ, табиат манзараларида ва иқлимда аниқ бир ўзгаришни пайқадик. Арабистон ва Покистоннинг намчил, кишини лоҳас қиладиган ҳавоси ўрнига тоғу тошлардан дилбар насимлар эса бошлаганини сездик. Далалар, даштлар, қишлоқлар ва яшил воҳаларнинг кўринишлари, дарахтзор ва экинзорлар шундоққина Ўзбекистонимизни эслатиб турарди.

    Аммо теварак-атрофдаги вайрона иморатлар, йўл ёқасида қалашиб ётган ҳисобсиз ҳарбий техника, портлатилган кўприклар, култепага айланган кентлару овуллар, пичан ва таппи босилган томлар тепасида тумшуғи йўлга қаратиб қўйилган тўп ва пулемётлар, етти яшаридан етмиш яшаригача қурол осиб олган сирли, бегона одамлар... юракка беихтиёр ваҳима соларди.

    Дам-бадам кетмонсоқол, тундбашара, важоҳати қўрқинчли кимсалар йўлимизни тўсади, машинамиз ичига аланглаб назар солади. Қўрққанга қўш кўринар, деганларидек, ҳар бир нарса бизга шубҳали туюлади. Гоҳ олислардан, гоҳо эса яқингинадан гумбурлаган ўқ товушлари эшитилади. Ҳаммамиз нафасимизни ютиб, ўз ўй-хаёлларимиз билан келмоқдамиз...”.

    Экспедиция аъзолари шундай таҳликали, хатарли йўллардан юриб, ниҳоят, шаҳардаги ягона меҳмонхонадан жой олади. Буни қарангки, оғир ижтимоий вазият ва шароит тақозосига кўра, у ҳам ҳарбий шифохонага айлантирилган экан. Ушбу аянчли манзара адиб тилидан бундай тасвир этилади:

    “Шаҳардаги ҳукуматга қарашли ягона меҳмонхона бўлгани учун йўлбошчиларимиз бизни шу ерга олиб келишибди. Майиб-мажруҳ уруш ногиронлари бирпасда бизни қуршаб олишди. Бирининг қўли кесилган, бирининг иккала оёғи йўқ, бирининг башараси абжақ бўлиб кетган, қўйинг-чи, урушнинг неки хунрезлиги бўлса, мана шу шўрлик ва нотавон кимсаларнинг пажмурда вужудига қараб, бу ҳақда тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Барчаси аламнок, жабрдийда инсонлар, бирортасининг чеҳрасида табассум нишонасини кўрмайсиз...

    “Шўравийлар менинг отамни, онамни, уч фарзандимни ўлдирган”, дер эди уларнинг бири.

    “Менинг уйимни ёндириб, кулини кўкка совурган — кофирлар”, дейди иккинчиси.

    “Сизларнинг солдатларингиз менинг кўзларимни кўр қилди”, дейди учинчиси.

    Биз эса уларга нима деб ҳам жавоб берар эдик?

    “Урушни халқ эмас, сиёсатдон раҳбарлар бошлаган эди, бугун энди уларнинг барчаси қораланди”, деб айтганимиз билан уларнинг кўнгли ёришармиди? Вужудларидаги, юракларидаги азобу уқубатлар, алам-армонлар сал бўлса-да камаярмиди?..

    Сарбонларимиз уларга ниманидир узоқ тушунтирди. Бир маҳал Қори домла ажаб бир иш қилди: касалхона аҳлига идишда олиб келаётган Оби Замзам сувидан қуйиб узата бошлади. Шундагина уларнинг тунд юзларидаги шубҳа ва гумонлар тарқагандек бўлди. Дуолар қилиниб, муқаддас сув барча шифоталаб беморларга улашилди...”.

    Бири тарихчи олим, фан доктори, бири ёзувчи, яна бири журналист, бири диний уламо, хуллас, барчаси илмли, зиёли кишилар бўлган, ўтган улуғ олиму фозил боболаримиз қадами етган манзилларда бўлиб, Ватан, халқ, миллат йўлида ўзлари учун муҳим нарсаларни кашф этиб, қалбларида юксак орзу-режаларни пишитиб келаётган экспедиция аъзолари афғон диёрида шундай синовларга дуч келамиз, деб ўйлаганмикан?

    Йўқ, гап улар йўлларда учраган жисмоний хавф-хатар, хусусан, Покистон чўлларида қароқчи — ашрорлар таъқибига учрагани ёки афғон заминида замбарагу танклар, автоматлар билан қуролланган жангарилар тизилишиб турган йўллардан юрак ҳовучлаб ўтганида эмас, асло! Ёхуд ёш, мустақил давлатимизнинг ҳали на элчихонаси, на бирор ваколатхонаси очилган ўлкаларнинг чегара постларидаги сарғайиб кутишлар, саргардонликларда ҳам эмас!

    Зотан, улар тинч-осойишта диёримиздан отланар экан, олдинда ўзларини йўл азобидан ташқари мана шундай оғир синовлар, хавф-хатарлар ҳам кутаётганини ҳис этарди!

    Ҳамма ерда ҳам ўзларини қучоқ очиб кутиб олмасликларини, барча борар манзиллари ҳам муқаддас Каъбатуллоҳ жойлашган Маккаи мукаррама ёхуд ­Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мангу ором топган Мадинаи мунаввара эмаслигини билардилар!

    Аммо мана бу тахлит изтиробли, ғоят қайғули манзарага дуч келиш, аламли саволлар, ҳасратли нигоҳлар, аянчли тақдирлар қаршисида қолиш хобу хаёлларига келмаган эди.

    Ҳа, осмон — узоқ, ер — қаттиқ. Мазлум аскарларга бандаси сўз билан таскин беролмаганда илоҳий куч нусрат беради. Йўл юрган одам турфа ҳолатларни бошидан кечирар экан-да.

    Қалби ҳам, тани ҳам мажруҳ инсонлар даврасидан чиқиб, экспедиция аъзолари меҳмонхонанинг биринчи қаватидан иккитагина хонага жойлашади.

    Бугун бизнинг замонавий тушунчамиз бўйича, меҳмонхона дегани — нақ истироҳатгоҳнинг ўзи. Осойишта дам олиш учун барча шароит ва қулайликларга эга шинам ва ёруғ хоналар, бир оғиз сўзингга маҳтал бўлиб тургувчи хизматчилар, лаззатли таом ва ичимликлар. Йўқ, маъзур тутасиз, ҳурматли ўқувчи. Биз ҳикоя қилаётган манзилда бу сифатлардан бирортаси йўқ эди.

    Деразалари чил-чил синган, эшиклари қулфланмайдиган, йўлакларида майиб-мажруҳ аскарлар оғриқ азобидан бетоқат, беором кезиб юрган афтодаҳол бир қўналға. Тўғри, Мирзо Бобур таърифлаганча бор, бу диёрнинг ҳавоси хуш, табиати фусункор. Жумладан, Жалолобод шаҳрида ҳам ўша тун ҳаво салқин, ёқимли, борлиқ бениҳоя мафтункор эди! Аммо... Аммо уйқу-ҳузур қайда дейсиз!

    Бу ўзи ажиб бир синоат: сен ўзинг меҳр қўйган одамингга ўхшайсанми ёки кимгадир муҳаббат, чин юракдан ихлос қўйсанг, тақдиринг, ҳаётинг уникига ўхшаб қоладими?

    Буни қарангки, беш юз йил аввал яшаб ўтган бир зотнинг этагидан тутиб, унга меҳр ва ихлос қўйиб, у юрган йўллардан юриб, унинг маънавий меросини ўрганиб, унга бағишлаб асарлар ёзиб келаётган инсонлар кўп жиҳатдан ўша зотнинг тақдирини такрорлаб турсалар?

    Ахир, Мирзо Бобур эмасмиди, айни ёш, навқирон кезларида Карнон деган бир масканда ёғий қўлида қуршовда қолиб, ўлим ваҳмини бошидан кечирган ва фақатгина Аллоҳнинг марҳамати билангина азиз жони омон қолган?

    “Оламда жон ваҳмидин ёмонроқ нима бўлмас эмиш. Мен дедимким, ростлиғини айт. Агар иш ўзгачароқ бўлғудектур, худ вузу қилай. Юсуф онтлар ичти, вале анинг онтиға ким инонадур? Ўзумда бетоқатлиғе фаҳм қилдим...” (“Бобурнома”дан).

    Бобурпарвар ватандошларимиз ҳам ўша кеча ўлим ваҳмини ҳис этди.

    “Тун бўйи яқин атрофдаги шиддатли отишма овозига қулоқ тутиб, ухламай тўлғаниб чиқдик, — дея ҳикоя қилади “Бобурийнома” муаллифи ўша дамларни хотирлаб. — Ким ким билан уришяпти, нега уришяпти — асло билиб бўлмайди. Беихтиёр бояги ногирон аскарларнинг саволларини ўзларидан қайтариб сўрагим келади: “Хўп, илгарилари-ку, кофирларга қарши, сўнг уларнинг тарафдори бўлган Нажибуллоҳ тузумига қарши курашган экансизлар. Энди мужоҳидлар ҳокимиятни қўлга олибди. Нега яна ўзаро жанг қиляпсизлар? Наҳотки мусулмон мусулмонга қарши қурол кўтарса?”

    Ҳаёт — бешафқат нарса, ақл ва мантиққа бўй бермайдиган ўз қонуниятлари бор. Бегуноҳ қон тўкилавергач, одамзоднинг дийдаси ҳам қотиб кетаркан. Афғонистон диёри бугунги кунда шундай беқарор бир вазиятни бошидан кечираётибди. Уруш — мамлакат халқининг асосий касб-корига айланиб кетгандек таассурот қолади баъзан...”.

    Энди “Бобурнома”дан ўқиймиз.

    “Ўзумни ўлумға қарор бердим, — дея қайғули қиссасини давом эттиради Бобур Мирзо. — Ўшал боғда бир сув оқиб келадур эди, вузу қилдим, икки ракат намоз ўқудим, бошимни муножотқа қўйиб, тилак тилайдур эдимким, кўзум уйқуға борибтур...”.

    Атрофда отишма овози тинмаётган кечада худди Бобур ҳазратлари сингари ўзида “бетоқатлиғ” фаҳм қилиб ётган юртдошларимиз ҳам бошини муножотга қўйиб, Худодан паноҳ тилар эди. Карами кенг Аллоҳ Мирзо Бобур сингари унинг бу заҳматкаш издошларини ҳам Ўзининг ҳифзу ҳимоясида асради.

    “Ўшал ҳолда хушҳол бўлиб уйғондимким, — дея ҳикоя қилади “Бобурнома” муаллифи, — Юсуф доруға ва ҳамроҳлари бир-бирига маслаҳат қиладурларким, баҳона қилиб ҳаял қиладур, тутуб боғламоқ керак.

    Бу сўзни эшитиб мен дедимким, сизлар бу йўсунлуқ сўзлашурсиз, аммо кўрайинким, қайсингиз менинг қошимға кела олурсиз?.. Ушбу сўзнинг устида эдимким, боғнинг деворидан ташқари қалин отлиқнинг келур овози келди...”.

    Бу жуда машҳур воқеа. Бобур бобомиз ҳаёти давомида кўп жангларни кўрган, дубулғасига қилич тегиб, шаҳид бўлишига бир баҳя қолган пайтлар ҳам бўлган, неча бор беморлик бошидан ўтса-да, ҳамиша Яратган Парвардигор у зотни паноҳида асраб, жони омон қолган. Аммо мазкур ҳодиса, душманлар қуршовида қолиб, даҳшатли ўлим ваҳмини танида ҳис қилган ҳолат бир марта бўлган.

    Энди “Бобурийнома”дан ўқинг:

    “Бомдод намозидан сўнг кечаги посбонларимиз — Абдул Вадуд ва Фарид етиб келишди. Ҳол-аҳвол сўрашиб, бизни Жалолобод бозорига бошлаб боришди. Бу ерда бир автоустахона олдида тўхтадик. Паҳлавон бир уста ҳаш-паш дегунча машинамизни созлаб, баллонларини мустаҳкамлаб берди. Сўнгра Фарид нонуштага таклиф қилди... Ниҳоятда содда ва тўйимли емак билан қаноатланиб, Кобул сари йўл олар бўлдик...”.

    Ватандошларимиз мана шундай ўт-оловли манзиллар, пасту баланд йўллар, гоҳ айрим давлатлардаги бюрократик тўсиқлардан ўтиб, гоҳ яхшиларнинг меҳру саховати, хайрихоҳлигидан баҳраманд бўлиб, зиммаларидаги вазифани шараф билан адо этганча, юртга ёруғ юз билан қайтди. Бу ҳали уларнинг яхлит экспедиция аъзолари ўлароқ дастлабки хорижий сафари эди.

    Келинг, шу ўринда ўзбек илм-фани ва маданияти, хусусан, бобуршунослиги тарихидан мустаҳкам жой олган мазкур экспедиция таркибидаги фидойи юртдошларимиз номини бир эслаб ўтсак.

    Улар: геология-минералогия фанлари номзоди Зокиржон Машрабов (экспедиция раҳбари), тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек Шамсиддинов, тиббиёт фанлари доктори, профессор Сайфиддин Турсунов (марҳум), журналист, тарих фанлари номзоди Собиржон Шокаримов (марҳум), Абдуғани Ҳамидов (марҳум), ёзувчи Хайриддин Султонов, журналист Фаррух Расулов, араб ва форс тиллари таржимони Муҳаммадсодиқ Қосимов, инглиз тили таржимони, ўша пайтда Андижон давлат тиллар институти проректори бўлган Маҳмуджон Раҳимов (марҳум), Андижон шаҳридаги мусиқа билим юрти муаллими, ҳофиз Адҳамжон Исмоилов, саноат ходимлари Шуҳрат Мадазимов ва Орифжон Урайимов (иккаласи ҳам марҳум), ҳайдовчилар Баҳром Зокиржонов ва Рустамжон Холмирзаев...

    Аллоҳ ўтганларини ўз раҳматига олиб, борларининг тану жонларини саломат, умрларини узоқ қилсин, илоҳим!

    Эҳ-ҳе, ўтган ўттиз йил давомида экспедиция аъзолари яна қанча мушкулотларни енгиб ўтишига тўғри келган, буни биз — бу кун осойишта даргоҳда, бир пиёла чой ёки қаҳва ҳўплаб, компьютер қаршисида, клавиатура тугмасини эриниб босаётган кимсалар минг уринганимиз билан тўлиқ тасвирлаб ҳам, таърифлаб ҳам беролмаймиз.

    Уларнинг машаққатини ҳис этмоқ учун камида экспедиция раҳбари, 90 ёшни қаршилаётган Зокиржон ота Машрабовдек дунё кезишимиз керакдир. Йўқ, биз адашдик. Дунё кезиш, пенсияни белга тугиб, оппоқ кепкаларни бошга қўндириб, самол­ётма-самолёт, Парижу Лондон, Дубайу Истанбулни кезишга ҳар ким ҳам қодир бўлиши мумкин.

    Бироқ дунёнинг нариги чеккасида бирор аждодимиз ҳаётига оид битта белги, учқуннинг дараги етса, ўша жойга албатта бориб, ўз кўзи билан кўриб, имкону иложини топса, уни Ватанга қайтариш умидида жидду жаҳд кўрсатиш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Эҳтимол, келар, лекин барча ҳам бунга қунт-ҳафсала қилавермайди.

    Байт:

    Асру кўп эмиш журъату ҳиммат Сизга,

    Рўзий қилгай Худой нусрат Сизга.

    Мардоналиғингизни бори эл билди,

    Раҳмат Сизга, ҳазор раҳмат Сизга!

    Заҳириддин Муҳаммад Бобур

    Ўзига ўхшаган юзлаб кишиларнинг бошини қовуштириб, бу ишга ҳисса қўшишга ундаш, Бобур мирзо ҳамда бошқа улуғ аждодлар меросини ўрганиш, тадқиқ этиш мақсадида 40 дан зиёд мамлакатга сафар уюштириш, Африкадан Ҳиндистон ярим­оролигача, Европадан Америкага довур бўлган ҳудудлар бўйлаб автомобиль ва ҳаво кемаларида 400 минг километрдан зиёд йўл босиш — бу Зокиржон Машрабов ва унинг жонкуяр сафдошлари амалга оширган ишларнинг фасади — олд кўриниши, холос. Ҳолбуки, бу ишларнинг ичига — мағзига кириб борганимиз сари меҳнатларининг моҳиятини англаймиз, қадрига етамиз.

    Ўтган йиллар давомида Бобур номидаги халқаро жамоат фонди нафақат мамлакатимиз, балки ўнлаб хорижий юртлардаги бобуршунос олим ва адибларни, маданият ва жамоат арбобларини ўз атрофида бирлаштирди.

    Дунё бобуршунослари якдиллик билан эътироф этганидек, бугунги кунда Ўзбекистон — Тошкент ва Андижон шаҳарлари бобуршунослик илмининг марказига айланди.

    Бу ҳам бўлса, давлатимиз раҳбарияти юритаётган тинчликпарвар сиёсат, мамлакатимизда илм-фан ва маданият, адабиёт ва санъат ривожига қаратилаётган юксак эътибор самарасидир.

    Шу кунларда ташкил этилганига 30 йил тўлган Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ҳамда унинг илмий экспедициясини Зокиржон Машрабовсиз тасаввур этиб бўлмайди. Таъбир жоиз бўлса, фонд ҳам, экспедиция ҳам Зокиржон отанинг фарзандидек бўлиб қолган.

    У киши худди океан тўлқинлари, довул-бўронлари аро кемани Аллоҳнинг мадади ва иродаси билан эсон-омон бошқариб борадиган моҳир дарға каби уларга раҳбарлик қилиб келаётир.

    Отахоннинг ҳаёти ҳам пўртаналарга тўла, курашларга бой. Энг қизиғи, у киши ана шу курашлардан завқ олади. Машаққатлар олдида оёғи қалтирамайди, бунга ўша илк машҳур сафар давомида ўн бешинчи ҳамроҳ — китобхон бўлиб бирга юрт кезган ҳар бир ўқувчи амин бўлиши мумкин.

    Яна бир муҳим жиҳати — экспедиция сафарлари унинг фаолиятида иштирок этган кўплаб ижодкор зиёлиларга илҳом ва иштиёқ бағишлаб, янги-янги илмий ва бадиий асарлар дунёга келишига сабаб бўлди. Хусусан, Зокиржон Машрабов ва Собиржон Шокаримовнинг “Асрларни бўйлаган Бобур”, Рустамбек Шамсиддиновнинг “Бобур изидан”, Қамчибек Кенжанинг “Андижондан Даккагача”, “Буюклар изидан”, “Буюк Соҳибқирон ўтган йўлларда”, Зокиржон Машрабовнинг “Бори элга яхшилик қилғил” китоблари, Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низомнинг Бобур мирзо ҳақидаги достони, “Сўзга айланган қилич” шеърий романи, таниқли адабиётшунос ва матншунос олим Ваҳоб Раҳмоннинг йўл хотиралари, Фаррух Расулов, Тўлқин Рўзиев, Аҳмаджон Қосимов каби теле ва кино, радио журналистларининг қатор ҳужжатли фильм, кўрсатув ва эшиттиришлари бобуршунослик йўналишида янги саҳифалар очишга хизмат қилди.

    Дарвоқе, Бобур халқаро илмий экспедицияси фаолияти ҳақида Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов бундан ўттиз йил муқаддам “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бундай фикрларни билдириб ўтган эди:

    “Маккаи мукаррамада, Мино водийсида бўлган пайтимизда истеъдодли ёзувчи укам Хайриддин Султонов ва унинг андижонлик бобуршунос дўстларини кўриб қувониб кетдим. Улар улуғ бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур изидан юриб, бир қанча мамлакатлар ҳудудида илмий-ижодий ишларни амалга ошираётган эканлар. Улар ҳам Маккада бўлиб, муқаддас Ҳаж арконларини адо этиб ҳожи бўлдилар. Сўнгра биз билан хайр-хўшлашиб, автомобилларида яна йўлларида давом этдилар. Ўзбекистон тарихида бундоқ хайрли ва ўзига хос илмий сафар ғоят ноёбдир. Унинг ўзи бир тарих бўлиб кечмишимизда ўчмас ҳарфлар билан ёзилиб қолишига ишонаман”.

    Ҳа, беназир шоиримиз ғоят топиб айтган экан. Бобур халқаро илмий экспедицияси бугун ҳам изланишдан, сафарлардан тингани йўқ.

    Сиз ўйлайсизки, 90 ёш остонасидаги Зокиржон ота тинч ўтирибдими? Сизни ишонтириб айтамизки, бу ҳақда билса-да, у киши бу масалага жиддий қараётгани ҳам йўқ. Юбилей, муҳим саналар ўз йўлига, Зокиржон ота ва унинг сафдошлари ишни, ижодни ўйлайди. Яна қаерда тарихимизга доир янгилик бор, уни қандай қилиб жамоатчиликка етказиш керак, янги ёзилажак китоблар, қилинажак тадқиқотлар, борилажак манзиллар — уларнинг ён дафтарини тўлдирган эзгу режалар.

    Яратганга беҳисоб шукр ва ҳамду санолар бўлсинки, бугун шароит ҳам, имкониятлар ҳам буткул бошқача. Илм қиламан, изланаман, хорижга илмий экспедиция уюштириб, тадқиқот ишларини олиб бораман, деган инсонга ҳамма йўл очиқ.

    Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс остонасида. Бу нима дегани? Бу — илм-маърифат, юксак интеллектуал салоҳиятнинг юзага чиқиши учун зарур муҳит, шароит яратилди, дегани. Гул, чечаклар ҳам зарур муҳит бўлмаса, унмайди. Бугун ўтмишни ўрганиш, ўзлигимизни теранроқ англаш учун барча имкониятлар бор.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ташаббуси билан улуғ аждодларимизнинг илмий-маънавий мероси, турли сабабларга кўра чет элларда қолиб кетган ноёб қўлёзмалари, китоблари ўз тарихий ватанига — мамлакатимизга қайтариб олиб келинмоқда, ўрганилиб, кенг жамоатчиликка тақдим этилмоқда. Илму маърифат, миллат равнақи, юрт тараққиёти йўлида курашиб, шаҳид кетган қанчадан-қанча фидойи ватандошларимизнинг пок номлари оқланди. Бу каби эзгу ишларни санасак, адоғи йўқдек. Лекин бир ҳикмат аёнки, қутлуғ мақсадлар рўёби, албатта, халқимизнинг маънавий юксалишига, бугун биз интилаётган Учинчи Ренессанс ҳодисасига кенг йўл очади.

    Бу йўлда Бобур халқаро илмий экспедицияси фаолияти ҳам муҳим ўрин тутади, албатта.

    Ўзбек маданий жамоатчилигини, дунёдаги барча бобуршунос ва бобурпарвар инсонларни Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ҳамда унинг илмий экспедицияси ташкил этилганининг 30 йиллиги билан чин юракдан қутлаб, унда фаолият юритаётган заҳматкаш юртдошларимизнинг кейинги ишларига ҳам муваффақият тилаймиз.

    Улуғбек АСРОРОВ,

    Элмурод НИШОНОВ

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates