Марғилонда фуқаронинг уйидан 37 килограммдан зиёд гиёҳванд модда топилди

    Фарғонада тезкор тадбирлар давомида “Туягум” МФЙда яшовчи фуқаро хонадонидаги экин майдонида 13 туп марихуана гиёҳванд ўсимлигини парваришлаб келаётганлиги аниқланди.

    Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати маълумот берди.

    Қайд этилишича, шу йилнинг 29 июнь куни, Фарғона вилояти ИИБ ҳамда Марғилон шаҳар ИИБ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган «Қорадори-2024» тадбирида, 1971 йилда туғилган, «Туягум» МФЙда яшовчи А.К.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда ҳовлисида гиёҳванд ўсимлигини парваришлаб келаётганлиги аниқланди.

    Маълум бўлишича, фуқаро А.К. 10 дона 3 литрли идишда 12 кг 537 гр кўкнори бошоқларини, 2 дона 3 литрли идишда 2 кг 570 гр марихуана моддасини, оқ полиэтилен пакетда эса, 41 гр гашиш гиёҳвандлик моддасини ҳамда оқ полиэтилен қопда 22 кг 550 гр кўкнори сомонини сақлаб келаётганлиги аниқланиб тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди.

    Тезкор тадбирда аниқланган жами гиёҳванд моддалар миқдори 37 килограммдан зиёдни ташкил қилди.

    Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.