«Маргимуш қабристони»дан Чорвоқ сув омборига заҳарли чиқиндилар тушиши рад этилди

    Ижтимоий тармоқларда «Маргимуш қабристони»нинг Чорвоқ сув омборига хавф экани тўғрисида хабарлар тарқади.

    Тошкент вилояти Экология бошқармаси Матбуот хизмати мазкур иддаолар юзасидан муносабат билдирди.

    Қайд этилишича, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманининг «Яккатут» МФЙ ҳудудида 1938-1946 йилларда собиқ «Союзмишяк» комбинати томонидан 0,64 га ер майдонига тахминан 40 000 (қирқ минг) тонна маргимуш чиқиндилари атрофи ва устки қисми бетонланиб, ҳаво чиқариш трубалари ўрнатилиб, кўмилган.

    Бетон устидан 70-80 см қалинликда тупроқ ётқизилган. Мурожаатда маргимуш қабристони ҳақида айтилган хавотирли фикрлар 2022 йилдаги ҳолат бўйича берилган бўлиб, бугунги кунда қабристон атрофи бетон тўсиқли деворлар билан ўраб, консервация қилинган ва ҳудуд бўйлаб сим ёғочлар ҳамда назорат учун камералар ўрнатилган.

    Маргимуш таркибли чиқиндилар кўмилган махсус полигонни консервация қилиш учун объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, ижобий экспертиза хулосалари олинган.

    Объект консервацияси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 9- августдаги 501-сонли Фармойиши билан маблағ ажратилиб, пудратчи танлаб олинган. Пудратчи билан икки томонлама қиймати 3 млрд 984 млн 644 минг сўмлик шартнома имзоланган. Ушбу шартномага асосан объектни консервация қилиш ишлари 2024 йилда тўлиқ якунланган.

    Лойиҳа доирасида қабристоннинг устки қисмига тоза инерт тупроқ ётқизилган ва девор қисмига ёмғир ва оқова сувларини ҳамда нам массани ўтказмаслик мақсадида бурғилаш (тешиш) ишлари амалга оширилган ва ушбу нуқталарга кимёвий суюқлик кальций хлорид суюлтирилиб, юқори босим остида натрий алюминат моддаси орқали яъни ер ости уколи қилиш ишлари амалга оширилган.

    Шунингдек, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги, Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда тегишли ташкилот ходимлари билан ҳамкорликда ҳар чоракда режавий сув, тупроқ намуналарини олиб назорат мониторинг тадбирлари ўтказилиб бориши ташкил этилган.