Музликларнинг “кўз ёшлари”

    Яқинда оммавий ахборот воситалари орқали Помир тоғининг энг баланд чўққиларидан бири – Исмоил Сомонийдаги йирик музликдан катта муз бўлаги узилиб тушгани ҳақида хабар қилинди.

    Мутахассислар музликнинг узилиб тушишини иқлим ўзгариши билан боғлашди, бундай ҳодисалар минтақада табиий офатлар хавфини ошириши, узоқ муддатли жиддий экологик ва иқтисодий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги айтилди. Мазкур ҳодиса иқлим ўзгаришининг музликлар қисқаришига қанчалик таъсир кўрсатаётганини яққол кўрсатиб берди.

    “Абадий музликлар” энди “абадий” эмас

    Музликлар иқлим ўзгаришининг энг сезгир индикатори ҳисобланади. Дарҳақиқат, иқлим ўзгариши глобал муаммога айланиб, дунёдаги йирик музликларга хавф соляпти, уларнинг қисқаришини тезлаштирмоқда. Буни рақамлар ҳам тасдиқлайди: 2022 – 2024 йилларда дунё миқёсида музликлар ҳажмининг энг катта йўқотилиши қайд этилди. Жаҳон метеорология ташкилоти ва Жаҳон музликларини мониторинг қилиш хизмати маълумотларига кўра, кўплаб минтақаларда “абадий музликлар” XXI аср давомида “омон қолмайди”.

    Дунё бўйлаб 275 000 дан ортиқ музликлар тахминан 700 000 квадрат километр майдонни эгаллайди. Муз қатламлари дунёдаги чучук сувнинг тахминан 70 фоизини ўзида сақлайди. Баланд тоғли ҳудудлар “дунёнинг сув миноралари” ҳисобланади. Шу боис, музликларнинг камайиши қиш мавсумида тўпланган сувдан йилнинг энг иссиқ ва қурғоқчил даврларида фойдаланадиган юз миллионлаб одамларнинг сув таъминотига таҳдид солади. Музликларнинг эриши сув тошқинлари каби хавфли табиий офатларни юзага келишига сабаб бўлади.

    Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 2025 йилни Халқаро музликларни муҳофаза қилиш йили деб эълон қилгани ва 21 мартни Жаҳон музликлар куни деб белгилагани мазкур муаммо бугунги кунда нақадар долзарб эканидан далолат беради.

    Чиндан ҳам бу глобал муаммо: музликларнинг йўқ бўлиб кетиши нафақат сув танқислиги, балки иқлим барқарорлигига ҳам таҳдид солади.

    “Музликларни муҳофаза қилиш нафақат экологик, балки иқтисодий ва ижтимоий заруратдир. Бу омон қолиш масаласидир”, дейди Жаҳон метеорология ташкилоти Бош котиби Селеста Сауло.

    Жаҳон музликларини мониторинг қилиш хизматининг маълумотларига кўра, музликлар (Гренландия ва Антарктидадаги континентал муз қатламларидан ташқари) 1975 йилда қайд этиш бошланганидан бери жами 9 триллион тоннадан ортиқ йўқотишга учраган.

    “Бу Германия ҳудуди ва 25 метр қалинликдаги улкан муз қатламига тенг”, дейди Жаҳон музликларини мониторинг қилиш хизмати директори Михаэль Земп.

    2024 йил барча 19 музлик минтақасида музликларнинг соф ҳажм йўқотилиши кузатилган кетма-кет учинчи йил бўлди. Ўтган йили музлик ҳажмининг йўқотилиши 450 миллиард тоннани ташкил этди. Канаданинг Арктикадаги ҳудуди ёки Гренландия каби минтақалар нисбатан музлик ҳажмини ўртача даражада йўқотган бўлса, Скандинавия, Шпицберген ва Шимолий Осиёдаги музликлар рекорд даражада қисқарди.

    Музликлар эриб, денгиз ва океанлар сатҳи кўтарилмоқда

    Ҳозирда музликларнинг эриши глобал денгиз сатҳининг кўтарилишига океан исишидан кейинги асосий омил саналади.

    GlaMBIE тадқиқотига кўра, 2000 ва 2023 йиллар оралиғида музликлар ўз ҳажмининг 5 фоизидан айрилгани аниқланди. Антарктидада ва субантарктик оролларда бу кўрсаткич 2 фоиз, Марказий Европада деярли 40 фоизгача етди.

    Ҳозирги эриш суръатлари давом этса, Канаданинг ғарбий қисми, АҚШ, Скандинавия, Марказий Европа, Кавказ, Янги Зеландия ва тропик минтақалардаги кўплаб музликлар XXI асрда йўқ бўлиб кетади.

    Тадқиқотга кўра, 2000 йилдан 2023 йилгача глобал музликлар ҳажмининг йўқотилиши 6,542 миллиард тоннани ёки йилига 273 миллиард тонна музни ташкил этди. Бу бутун сайёра аҳолисининг 30 йил давомида истеъмол қиладиган сув миқдорига тенг, бу ҳар бир кишига кунига уч литрдан тўғри келади, деганидир. Мазкур давр оралиғида музликларнинг эриши глобал денгиз сатҳининг 18 миллиметрга кўтарилишига ҳам олиб келди.

    “Бу аҳамиятсиз бўлиб туюлиши мумкин, аммо бу ўта муҳим масала: денгиз сатҳининг ҳар миллиметрга кўтарилиши ҳар йили яна 200 000 – 300 000 одамни сув тошқинларига дучор қилади”, дейди Жаҳон музликларини мониторинг қилиш хизмати директори Михаэль Земп.

    Шу ўринда Антарктидада хавотирли вазият юзага келаётганини айтиб ўтиш жоиз. Буюк Британиянинг Лидс университети жамоаси 100 000 дан ортиқ сунъий йўлдош тасвирларини таҳлил қилиб, музликлар доимий равишда емирилаётганини аниқлади. Тадқиқотга кўра, 1997 йилдан 2021 йилгача музликлар 40 фоиздан кўпроққа қисқариб, 7,5 триллион тонна сув океанга қуйилган.

    Жанубий яримшарда қишда денгиз музининг майдони бор-йўғи 17,81 миллион квадрат километрга етди, бу охирги 47 йиллик сунъий йўлдош кузатувларидаги учинчи энг паст кўрсаткичдир. Бу қиймат узоқ муддатли ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада паст бўлиб қолмоқда – 2023 йилдаги тарихий минимумдан ва 2024 йилда иккинчи энг паст даражадан ортда қолади, холос.

    Тадқиқотчи Тед Скамбоснинг сўзларига кўра, 2016 йилгача Антарктика денгиз музлари даражаси “беқарор, аммо аста-секин ўсишни” кўрсатди. Энди иссиқроқ океан сувлари қирғоқбўйи ҳудудларига кириб бормоқда, яъни глобал исишнинг оқибатлари ниҳоят жанубий денгизларга етиб борди.

    Экспертларнинг таъкидлашича, музлар Антарктида муз қатламини тўлқинлар ва шамоллардан ҳимоя қилувчи тўсиқ вазифасини бажаради. Унинг йўқолиши қирғоқбўйи ҳудудларини янада заифлаштиради ва музликларнинг қулашини тезлаштириши, бу эса бутун дунё бўйлаб денгиз сатҳини сезиларли даражада кўтарилишига олиб келиши мумкин.

    Гренландияда ҳам вазият анча оғир. Бу ерда муз қатлами илгари ўйланганидан 20 фоизга тезроқ эримоқда. Янги маълумотларга кўра, иқлим инқирози туфайли у соатига 30 миллион тонна музни йўқотмоқда. Баъзи олимлар Шимолий Атлантикага кириб келаётган чучук сувнинг мазкур қўшимча манбаи инсоният учун даҳшатли оқибатларга олиб келишидан хавотирда. Глобал исиш оқибатида Гренландиядан музнинг сезиларли даражада йўқолиши ўнлаб йиллар давомида қайд этилган.

    “Сув миноралари”нинг “қалъалари” ҳам хавф остида

    Ҳатто, Помир тоғ тизмасидаги энг барқарор, узоқ вақтдан бери глобал исишдан ҳимояланган деб ҳисобланган музликлар ҳам ўз ҳажмини йўқотмоқда. Энди “сув миноралари”нинг мазкур “қалъалари” ҳам иқлим инқирозидан холи эмаслиги аён бўлмоқда. Чунки иқлим ўзгаришлари Марказий Осиёда ҳам ўзини намоён этмоқда, музликлар силжияпти. Помирдаги Деҳдал музлиги шулар жумласидандир. Шу йилнинг ноябрь ойида музлик яна силжиди, бу унинг беқарорлигини тасдиқлади ва олимларнинг хавотирларини кучайтирди.

    Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Гидрометеорология агентлигининг Глациология маркази маълумотларига кўра, музлик ноябрь ойида 442 метрга силжиган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу беқарорлик бир неча ойдан бери давом этмоқда.

    Тожикистонда Варзоб дарёсининг юқори оқимидаги Ҳисор тизмасида жойлашган Якарча музлиги сўнгги икки йил ичида 3,5-4 метрга қисқарган. Тожикистон Миллий Фанлар академиясининг Музликларни тадқиқ қилиш маркази ҳамда Швейцариянинг Фрибург университети олимлари ана шундай хулосага келишди. Халқаро экспедиция музлик фаол равишда эриб бораётганини ва жиддий деградацияни бошдан кечираётганини аниқлади. Одатда қор ва музлик тўпланадиган зонада август ойида деярли доимий қор қоплами қолмаганди, бу эса музликнинг масса мувозанатига таҳдид солган.

    Олимларнинг таъкидлашича, иқлим ўзгариши музликларнинг эришини ва силжишини тезлаштиришда асосий омилга айланиб бормоқда. Ҳароратнинг кўтарилиши, ёғингарчилик режимининг ўзгариши ва тез-тез учрайдиган жиддий об-ҳаво ҳодисалари муз ҳажми барқарорлигининг йўқотишига олиб келмоқда. Бу, айниқса, музликлар чучук сувнинг асосий манбаи бўлган Тожикистон учун жуда муҳимдир.

    Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 80-сессиясидаги нутқида дунё эътиборини музликларнинг эриб кетаётгани билан боғлиқ муаммога қаратгани бежиз эмас, албатта.

    “Иқлим ўзгариши ва ҳароратнинг кўтарилиши музликларнинг тез эришига ва денгиз ва океан экотизимларининг ёмонлашишига олиб келди. Сизга шуни эслатиб ўтмоқчиманки, шу ёзда Тожикистон Душанбеда музликларни муҳофаза қилиш бўйича юқори даражадаги конференцияга мезбонлик қилди. Ушбу тадбир халқаро ҳамжамиятни криосфера билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун бирлаштирди. Шуни таъкидлаш керакки, Тожикистоннинг 14 000 та музлигидан 1300 тадан ортиғи бутунлай эриб кетган ва музликларимизнинг эриш жараёни тезлашмоқда. Айни пайтда, Тожикистондаги музликлар ва бошқа сув манбалари Марказий Осиё сув ресурсларининг 60 фоизигача қисмини ташкил қилади. Биз инсоният ҳаёти манбаи, яъни сув билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш жараёнига бефарқ қарамаслигимиз керак, деди Эмомали Раҳмон.

    Шимолий Тянь-Шанда ҳам музликларнинг эриши билан боғлиқ мураккаб вазият юзага келган. Қозоғистоннинг Олмаота вилоятидаги дарёларни тўйинтирадиган йирик музликлар катта суръатларда эримоқда. Хавф остидаги музликлардан бири – Туюк-Су кўп йиллар давомида Швейцарияда жойлашган Жаҳон музликларини мониторинг қилиш хизмати томонидан кузатиб келинади. Айтиш мумкинки, Шимолий Тянь-Шандаги мазкур энг катта музлик Марказий Осиё минтақасида глобал иқлим ўзгаришининг ноёб кўрсаткичи бўлиб хизмат қилади. Мутахассисларимизнинг ҳисоб-китобларига кўра, иқлим ўзгаришлари туфайли музлик йилига 58 миллион тонна ҳажмининг тахминан 1 миллион тоннасини йўқотмоқда. Агар бу жараён ҳозирги суръатда давом этса, ярим аср ичида музликдан ҳеч нарса қолмаслиги мумкин.

    Мухтасар айтганда, музликларнинг эриши билан боғлиқ бундай ҳолатлар дунёнинг бошқа минтақаларда ҳам кузатилмоқда. Музликларнинг чекиниши табиий офатлар сонининг ошишига, чучук сув таъминотининг камайишига олиб келади, суғориш ресурсларини чеклайди, гидроэлектр энергияси ишлаб чиқаришни камайтириш хавфини юзага келтиради ва экотизимнинг деградациясини тезлаштиради. Шу боис, гап нафақат табиий ўзгаришлар, балки дунё минтақаларининг сув хавфсизлиги ва ижтимоий-иқтисодий барқарорлиги масаласи ҳақида ҳам бормоқда. Бу дунё мамлакатларидан иқлим ўзгаришларига, музликларнинг эриб кетишига олиб келаётган иссиқхона газлари ташланмаларини камайтириш, сув ресурсларидан унумли ва тежамкорлик билан фойдаланиш, экологияни муҳофаза қилиш борасида янгича ёндашувларни ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга татбиқ этишни талаб этади.

    Шаҳзод Ғаффоров,

    “Yuz.uz” шарҳловчиси


    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates