Ҳолат юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ахборот хизмати ўз муносабатини билдирди.
Тошкент вилоятида атмосфера ҳавосининг ифлосланиши мониторинги акс этган видеолавҳада ўлчаш ускунаси РМ 2,5 бўйича бир марталик 0,209 мг/м3 ни кўрсатган.
Мутахассислар томонидан айнан ушбу ҳудуд учун ўртача бир кунлик ифлосланиш даражасини аниқлаш мақсадида Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг (ЖССТ) тавсиялари ва уларга мувофиқ ишлаб чиқилган 2023 йил 7 августдаги 0053-23-сон Санитария қоидалари ва нормалари бўйича кун давомида бир неча бор ўлчов ишлари амалга оширилган.
Ҳудуддаги аксарият иссиқхоналар Тошкент иссиқлик электростанциясидан ҳосил бўладиган иссиқ сув орқали иситиш тизимидан фойдаланганлиги сабабли, кунлик локал ифлосланиш даражаси белгиланган меъёрлардан ошмаганлиги аниқланган.
Ижтимоий тармоқларда атмосфера ҳавосида РМ 2,5 зарраларининг белгиланган меъёридан 40 маротаба ортгани тўғрисидаги хабарда ҳисоблаш методикаларига амал қилинмаган, яъни унда 209 мг/м3 – бир марталик меъёрни ЖССТнинг ҳаво сифати бўйича тавсиясининг эришилиши мумкин бўлган энг юқори ўртача йиллик кўрсаткичга – 0.005 мг/м3 (5 мкг/м3)га бўлиш орқали ҳисобланган.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикасида ЖССТнинг ҳаво сифати бўйича глобал тавсияларидаги 1-оралиқ мақсадларига мувофиқ 2023 йил 7 августдаги 0053-23-сон Санитария қоидалари ва нормалари тасдиқланган. Унга кўра, (РМ 2,5) бир марталак ўлчаш меъёри белгиланмаган, унинг кунлик меъёри (0,06 мг/м3,) ва йиллик меъёри (0,035 мг/м3,) этиб белгиланган.
ЖССТнинг ҳаво сифати бўйича глобал тавсияларида ҳаво сифатини яхшилашда босқичма-босқич ривожланиш ва оралиқ мақсадларга эришиш аҳоли саломатлиги учун шароитларни яхшилашда муҳим эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Атмосфера ҳавосидаги ПМ 2.5 майда дисперсияли заррачаларнинг рухсат этилган концентрацияси бўйича халқаро меъёрлар.
Маълумот учун: ЖССТнинг ҳаво сифати бўйича глобал тавсиялари (https://iris.who.int/bitstream/handle/10665/345334/9789240035409-rus.pdf)
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Тошкент шаҳрига туташ 5 км ҳудудда жойлашган 1875 га яқин иссиқхона харитаси тузилган. Тошкент шаҳрига кириб келадиган «Шамол гули» оқимининг ўртача йиллик 80 фоизи иссиқхоналар максимал жойлашган ҳудудлар орқали ўтади. Ҳаво ҳароратининг пасайиши кузатилаётган кунларда иссиқхоналар максимал равишда жойлашган ҳудудда иситиш тизимларидан фойдаланганлиги ҳисобига атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддаларнинг юкламаси ортмоқда. Шу сабабли рейд ва лаборатор изланишларнинг асосий қисми тунги вақтларга тўғри келади.
Маълумот учун, ноябрь февраль ойларида 607 та иссиқхона ўрганилган. Улардан фақат 53 тасида чанг-газ тозалаш фильтрлари ўрнатилганлиги (улар ҳам талабга жавоб бермайдиган (99,5 фоиз) қўлбола усулда ишлаб чиқарилган бўлиб, самарадорлиги 60 фоиздан ошмайди), 199 тасида экологик экспертиза хулосалари олинмаганлиги, 18 тасида кўмирдан ташқари резина қолдиқлари, шох-шаббалар ва бошқа чиқиндилар ёқилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар бўйича иссиқхоналарнинг 154 тасига нисбатан қатъий жазо чоралари кўрилди, жумладан, 95 таси фаолияти тўхтатилди ва 49 тасига маъмурий жарима қўлланилди, 376 тасига экологик талабларга риоя этилиши бўйича кўрсатмалар берилди.
Ушбу муаммонинг ечими борасида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 сентябрдаги «Чанг бўронларига қарши курашиш ва атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–338-сон қарорида Тошкент вилоятининг Тошкент шаҳрига туташ ҳудудларида кўмир билан ишлайдиган иссиқхоналарда самарадорлиги камида 99,5 фоиз бўлган сертификатланган чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш вазифаси белгиланган.
Бу бўйича ҳозирда Ҳукумат, Марказий банк ҳамда Инвестиция, саноат ва савдо вазирлиги томонидан чанг-газ тозалаш ускуналарини харид қилишни молиялаштириш ва ушбу ускуналарни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш борасида аниқ чоралар кўрилмоқда.
Шунингдек, «Ўзбекистон-2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида экологик ҳолатни яхшилаш, жумладан атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилмоқда.
Хусусан:
- атроф-муҳитга юқори даражада салбий таъсир кўрсатувчи фаолият турларини амалга оширишни тақиқлаш ва уларни Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларидан босқичма-босқич кўчириш;
- «Евро – 4» стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисидан фойдаланиш ва сотишни чеклаш;
- иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш корхоналарида ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланишни тақиқлаш;
- атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича I ва II тоифаларга мансуб корхоналарга атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторинги станциялари, чанг-газ ва локал сув тозалаш ускуналари ўрнатишни моддий рағбатлантириш;
- хўжалик фаолиятини юритувчи корхона ва ташкилотлар томонидан етказилган экологик зарарларни мажбурий суғурталаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.
"Юқоридагиларни инобатга олиб, соҳа юзасидан бериб борилаётган маълумотларнинг аниқлигига шубҳа пайдо бўлган тақдирда, Экология вазирлиги ахборот хизмати ҳамда ташкилот масъулларига мурожаат қилишингизни сўраймиз", — дейилади вазирлик баёнотида.