Маърифат-ла бирлашайлик шу юрт, эл учун!

    Ҳаш-паш дегунча, ёз фасли якунига етиб, олтин куз кириб келди. Ушбу фасл дебочасида нафақат Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги куни, балки юртимиз таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланиши ҳам аҳамиятлидир. Бу тадорик – юрагида орзу-умидлари осмон қадар бўлган ёшлар учун билим олиш, янги марра ва чўққилар сари элтувчи катта йўлнинг муқаддимасидир.

    Бугун юртимиз олий таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” мавзусида байрам тадбири ўтказилди.

    Тантанали маросимда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғафуров, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси ўринбосари Олимжон Солиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Академия Жамоатчилик кенгаши раиси Иқбол Мирзаалиев, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов, Академия профессор-ўқитувчилари, талабалар ҳамда ота-оналар иштирок этдилар.

    Маросим Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси билан бошланди. Мадҳия садоларидан сўнг Академия ректори Уйғун Ғафуров сўзга чиқиб, йиғилганларни Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги ҳамда 2024/2025-ўқув йили билан табриклади.

    Академия ректори ўз табригида сўнгги йилларда мамлакатимиз таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини эътироф этди. Ёшларни олий таълимга қамровини ошириб бориш, замонавий ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш борасида изчил сиёсат олиб борилаётгани, бу борада Ўзбекистон халқаро ислом академияси нафақат юртимиз, балки минтақамиздаги энг нуфузли ва шарафли ўқув муассасаси ҳисобланишини қайд этди.

    Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ташкил этилган Ўзбекистон халқаро ислом академиясида жамият ривожига ҳиссасини қўшадиган, ўз соҳасининг малакали мутахассисларини камолга етказиш устувор вазифа саналади.

    Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси ўринбосари Олимжон Солиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Академия Жамоатчилик кенгаши раиси Иқбол Мирзаалиев, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов ҳамда кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаб, Академия талабаси бўлган Муслимахон Ўринбоеванинг отаси Бахтиёржон Ўринбоев сўзга чиқиб, йиғилганларни қўшалоқ байрам билан муборакбод этиб, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида қандай маънавий-маърифий мезонларга эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди.

    Шунингдек, маросимда Академияга юқори балл тўплаб, ўқишга қабул қилинган талабалар юртимиз равнақи йўлида амалга оширмоқчи бўлган илмий лойиҳалари ҳақида айтиб ўтишди.

    Маросим якунида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов янги ўқув йили барча учун муваффақиятли келишини сўраб, дуои фотиҳа қилди.

    Зуҳра МЕЛИБОЕВА,

    талаба

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates