Марказий Осиёда ягона бўлган корхона ўзлаштирган инновацион лойиҳаларни татбиқ қилмоқда

    “Zarbuloq Engineering” корхонаси Буюк Британиянинг “Belzona” компанияси билан ўзаро алоқаларни ўрнатиш натижасида Ўзбекистонга янги технологияни олиб келган.

    Кўрсатилаётган хизмат турлари Марказий Осиёда ягона бўлган маъсулияти чекланган жамият мақомидаги “Zarbuloq Engineering” МЧЖ ўзи ихтисослашган торкрет услубида қувурларни қайта тиклаш ҳамда қурилиш соҳасида тадбиқ қилинган инновацион лойиҳаларга оид семинар-тақдимотини ўтказди. Республикамиздаги бир қатор вазирликлар ва манфаатдор идораларидан иборат 65 та ташкилот вакиллари иштирок этган ушбу тадбир пойтахтимиздаги INTERNATIONAL (собиқ Интерконтинентал) меҳмонхонасининг конференция залида ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 июлдаги топшириғига асосан ўтказилган анжуман “Zarbuloq Engineering” МЧЖ ўзлаштирган инновацион лойиҳаларни республикамиз ҳудудларида кенг қамровли тадбиқ қилишга қаратилган.

    Муҳокама чоғида қувурларни инновацион торкретлаш услуби билан қайта тиклаш ишлари эскирган қувурларни анъанавий янги қувурларга алмаштиришга нисбатан 4-6, катта диаметрли қувурларда эса 8 баробаргача арзонлиги ҳамда 3-4 баробар кам вақт талаб қилиниши таъкидланди. Шунингдек, қайта тикланган қувурлар 50 йилгача хизмат қилишига кафолат берилди. Тадбирда намойиш қилинган инновацион торкретлаш услуби акс этган планшетлар, видеороликлар ва бошқа турдаги тақдимот материаллари иштирокчилар томонидан ижобий баҳоланди. Тақдим қилинган технология Ўзбекистон сифат стандартдартларига киритилганлиги, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида кўзда тутилган қурилиш соҳаси талабларига мувофиқлиги ҳамда ичимлик суви қувурларига ишлатилишга Республика санитария эпидимиология хизматининг рухсати мавжудлиги қайд этилди. Бундан ташқари, торкрет технологиясини республикада тадбиқ қилиш тажрибаси, мавжуд масалалар ва муаммолар ҳақида сўз юритилди.

    — Биринчи галда торкрет ўзи нима, деган тушунчага ойдинлик киритсак, — дейди “Zarbuloq Engineering” корхонаси Бош директори Дониёр Юсупов. — Торкретлаш – қум ва портландцемент қоришмасидан иборат гидротехник бетонни ҳимояланиши лозим бўлган юзага сиқилган ҳаво ёрдамида бир нечта қатлам қилиб пуркашдир. Бу услуб босимли қувурларнинг коррозияга (емирилиш) чидамлилигини оширишда қўлланиладиган дунёда кенг тарқалган технологиядир.

    Одатда, торкретлаш услуби гидротехник иншоотларнинг бетон ва темир-бетон қисмларини коррозиядан ҳимоялаш учун сув ўтказмайдиган чора сифатида кенг қўлланилади. Ушбу жараён қуруқ ва суюқ қоришма билан торкретлаш орқали бажарилади. “Zarbuloq Engineering” МЧЖ корхонаси торкретлаш технологиясида “Kalmatron” (АҚШ) қўшимчасини қўллайди. Эскирган қувурларни қайта тиклаш ишларидан ташқари корхона кесакиларни мустаҳкамлаш, яьни пойдевор ва бошқа чуқурликлар кесакиларини (откосларини) сиқилган ҳаво ёрдамида махсус таркибдаги бетон қоришмасини пуркаш орқали мустаҳкамлаш ишларига ҳам ихтисослашган. Шунга ўхшаш услублардан фойдаланиш қурилишда хавфсизлик меъёрларига риоя қилишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Ушбу технологияни қўллаган ҳолда корхона бир нечта нуфузли объектларда иш ҳажмларини амалга оширган.

    Жумладан, “Тошкент сити” мажмуасида Хитой Халқ Республикасининг “Shanghai Contruction Group” компанияси томонидан барпо этилган “Халқаро молия маркази” иншооти пойдеворининг 6600 м2 га тенг юзаси 2 ой муддат ичида торкрет услуби билан мустаҳкамланди. “Toshkent DEU” корхонасининг Тошкент шаҳар жанубий вокзал яқинидаги биноси 2021 йил июнь-август ойларида юзаси 520 м2 бўлган қиялик кесаки майдонда инновацион торкретлаш услуби татбиқ қилинди. Ҳозирда мустаҳкамланган кесаки юзалари ёғингарчилик ва бошқа иқлим таъсирларга бардош бериб келмоқда. Айни пайтда кесаки юзасида ёриқ ва майда тешикчалар кузатилмаган.

    Бундан ташқари, Тошкент шаҳри марказидаги “Халқлар дўстлиги” майдони яқинида Қозоғистоннинг “NRG Group” компанияси томонидан барпо этилган 26 қаватли меҳмонхона мажмуасида чуқурлиги 11 метрдан ортиқ пойдеворнинг тўрт тарафлама 1400 м2 юзадан иборат кесакиси 2021 йилнинг август-сентябрь ойларида торкретлаш услуби билан мустаҳкамланди. Ушбу ишларни бажариш жараёнида буюртмачилар “Zarbuloq Engineering” МЧЖ юқори малакали ходимлардан иборат эканлиги, иш ҳажмларини муддатида ва яхши сифат кўрсатгичлари билан бажара оладиган корхона сифатида эътироф этишди.

    Корхона бажарган ишлар орасида 2021 йилнинг ноябрь ойида Навоий вилояти “Issiqlik manbai” ДУК Учқудуқ филиали тасарруфидаги диаметри 10.4 метрга тенг ва 1000 м3 ҳажмдан иборат яроқсиз ҳамда ишдан чиққан “Иссиқ сув резервуари”ни инновацион торкретлаш услуби билан қайта тиклаб берилиши алоҳида аҳамият касб этади. Бунда резервуарни 1,2 миллиард сўмга янги металл билан қоплашга нисбатан 175 миллион сўм харажат қилиниб, 6,8 баробар кам маблағ тежаб қолинди. Шу ўринда айтиш жоизки, охириги йилларда корхона қувурларни марказдан қочма пуркаш орқали торкретлаш инновацион технологиясини тўлиқ ўзлаштиришга эришди.

    Одатда, бу усул узоқ йиллар ишлатилиши оқибатида эскирган ва носоз ҳолдаги қувурларни қайта тиклашда қўлланилади. Бу жараён тикланаётган қувурга “Kalmatron” (АҚШ) қўшимчаси қўшилган бетон қоришмасини марказдан қочма пуркаш орқали амалга оширимоқда. Бетон қоришмасига “Kalmatron” (АҚШ) компонентининг қўшилиши бетон мустаҳкамлигини 25 фоизгача ошириб, қопламада ёриқ ҳамда тирқишларни пайдо бўлишига йўл қўймайди. Компонентнинг кристаллизацияланиши ва бетон ичига сингиб бориши пайдо бўлаётган “нуқсонларни” даволайди.

    Дарҳақиқат, тадбиқ қилинган технология Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан “инновацион технология” деб эътироф қилинган ва корхона “Яшнобод” инновацион технопарки резидентлари рўйхатига киритилган. Қувурларни марказдан қочма торкретлаш услуби билан қайта тиклаш технологияси Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Тармоқ илмий-техник кенгашининг қарори билан маъқулланган.

    — Корхона ўтган вақт мобайнида жами 35 километрга яқин турли вазирлик ва идоралар тасарруфидаги қувурларни қайта тиклаб беришга эришди. Бунда таьмирлаш харажатлари – 157 миллиард сўмга тежалиб, яьни 5 баробар кам миқдорни ташкил қилди, — дейди “Zarbuloq Engineering” МЧЖнинг инновацион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича бош директор ўринбосари, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD Азимжон Рахимов. — Ҳозирда қайта тикланган қувурлар ҳеч қандай камчиликсиз эксплуатация қилиниб келинмоқда.

    Шу ўринда айтиш жоизки, “Zarbuloq Engineering” корхонаси мутахассислари Швециянинг Стокгольм шаҳридаги “Xylem Water Solutions” AB корхонасида мураккаб насос ускуналарини ўрнатиш, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича машғулотларда қатнашиб, малакасини оширган ҳамда тегишли сертификатга эга бўлган. Эътиборлиси, “Zarbuloq Engineering” МЧЖ шунчаки савдо ва техник ёрдам корхонаси эмас, балки муҳандислик компанияси ҳамдир.

    Шунинг учун жаҳондаги етакчи ишлаб чиқарувчиларнинг ёрдами билан ҳар бир мижознинг ўзига хос эҳтиёжларига мослаштирилган ечимларни таклиф қилиш қобилиятига эга. Бу борадаги асосий мижозлари қаторига Шўртон газ-кимё мажмуаси, “Suvsoz” ДУК, “Discover Invest” МЧЖ, “UZBAT” АЖ Қўшма корхонаси, “Сувмаш” АЖ, “TOSHKENTVINO KOMBINATI” АЖ ва бошқалар киради.

    Марказий Осиёда ягона хизмат кўрсатувчи муассаса ҳисобланган “Zarbuloq Injiniring” МЧЖ корхонаси охириги вақтда “Belzona” инновацион технологиясининг тадбиқ қилиш тажрибасини ҳам мукаммал ўзлаштирган. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, “Belzona” компанияси 1952 йилда Англиянинг Элланд шаҳрида ускуналарни коррозиядан ҳимоя қилиш мақсадида пўлат юзаларга руҳни олов билан пуркашга ихтисослашган компания сифатида ташкил этилган.

    Ҳозирда у саноат ҳимоя қопламалари ва таъмирлаш композитларини яратиш ҳамда ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. “Belzona” турли соҳалардаги мижозларнинг муаммоларига энг мақбул ечимларни таклиф қилиш билан бирга, ўз маҳсулотларининг сони ва сифатини ошириш мақсадида илмий-тадқиқот ишларига мунтазам маблағ сарфлаш билан ажралиб туради. “Belzona” материалларини таъмирлаш ишларида тадбиқ қилиш қисқа вақт, кам меҳнат ва маблағ талаб қилиш билан эътиборлидир. Компания материллари – эрозия, коррозия, кимёвий таъсир, жисмонан эскириш ва бошқа жиддий муаммоларни ҳал қилишда идеал ечим саналади.

    Шу боис, 2019 йилда “Zarbuloq Engineering” корхонаси Буюк Британиянинг “Belzona” компанияси билан ўзаро алоқаларни ўрнатиш натижасида Ўзбекистонга янги технологияни олиб келишга эришган. Корхона муҳандислари “Belzona” компаниясининг Таиланд давлатида жойлашган Тинч океан ва Осиё регионини бошқарув маркази ўқув машғулотларда иштирок этиб, ўрнатилган тартибдаги гувоҳномаларни олишган. “Belzona” технологиясини республикамизда тадбиқ қилиниши узоқ йиллик эксплуатация натижасида емирилган, қалинлигини йўқотган, турли нуқсонлар ҳосил бўлган металл ва бошқа материаллардан тайёрланган машина ҳамда ноёб ускуналар қисмлари геометриясини қайта тиклаш имкониятини яратиб, ишлаш муддатини сезиларли равишда узайтиради.

    — 2019 йилда “Туямуйин” сув омборидан Нукус шаҳрини ичимлик суви билан таъминлашда ишлатилган ва эскирганлиги туфайли ишлаш унумдорлиги жиддий пасайган 4 та ичимлик сув насослари “Belzona” технологиясини қўллаган ҳолда қайта таъмирлаб берилди, — дейди “Zarbuloq Engineering” МЧЖ бош муҳандиси Александр Объедков. — Ўтган 3 йил мобайнида ушбу насослар ҳеч бир камчиликларсиз ва унумдорлиги сақланган ҳолда ишлатилмоқда. Бундан ташқари, “Аму-Бухоро машина каналидан фойдаланиш бошқармаси” тасарруфидаги “Қизилтепа-1” насос станциясида 1020 мм бўлган 26 та сўрувчи қувурларини емирилган қисмлари 500 миллион сўм иқтисод қилинган ҳолда 2,78 миллиард сўмга қайта тикланиб берилди. “Belzona” технологиясини кенг тадбиқ қилиш халқ хўжалигини турли соҳаларида унумдор таъмирлаш ишларини амалга оширишга имконият яратади.

    Бундан ташқари, тадбирда “Zarbuloq Engineering” МЧЖ корхонаси Ўзбекистон бозорига қароргоҳи АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган дунёдаги энг йирик насос ускуналарини ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланган Xylem Inc.Co компанияси маҳсулотларини таклиф қилишни билдирди. Мазкур компания 50 дан ортиқ жаҳондаги етакчи брендларга эгалик қилади. Жумладан, Flygt (Швеция) – ўта ишончли ва энг юқори самарадорлиги билан ажралиб турадиган таниқли сувга ботириладиган оқова сувлари, сизот сувлари ва лойқа ҳайдовчи насос ускуналари ишлаб чиқарувчисидир. Lowara (Италия) – асосан ичимлик ва иссиқлик таъминоти учун марказдан қочма, циркуляцион, кўп босқичли, қудуқ насослари ва насос агрегатларининг кенг ассортиментда ишлаб чиқарувчиси бўлган ва жаҳондаги бошқа кўплаб етакчи брендларга эгалик қилади. Хуллас, компания маҳсулотлари йирик корхоналар ва аҳоли пунктлари учун ўз афзаллиги билан ажралиб туради.

    Тадбир якунида иштирокчилар халқаро малакага эга мутахасслардан ва соҳага алоқадор масъул ходимлардан ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олишди. Шунингдек, республикамизнинг турли вилоятларидан келган корхона ва ташкилот вакиллари билан келишувларга эришилди. Ҳозирда вилоятлар ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда таъмирлаш объектлари кесимида иш режа-графиклари ишлаб чиқилмоқда.

    Гулсум ШОДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон”мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates