Марказий сайлов комиссияси вакиллари халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этди

    Халқаро ҳамкорлик 7 октябр 2022 1183

    6 октябрда Санкт-Петербург шаҳрида (Россия Федерацияси) «МДҲнинг демократик сайловлар стандартлари тўғрисидаги конвенцияси: халқаро ҳамкорлик учун очиқ майдон» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.

    Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларда демократик сайловлар, сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари стандартлари тўғрисидаги конвенция имзоланганининг 20 йиллигига бағишланган анжуман МДҲга аъзо давлатларнинг Парламентлараро ассамблеяси, МДҲ Ижроия қўмитаси ва Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда ташкил этилган.

    Илмий-амалий конференцияда МДҲ ПАга аъзо давлатларнинг парламент аъзолари, МДҲнинг низом органлари раҳбарлари, ЕХҲТ ПА, Туркий давлатлар ПА, ШҲТ, Парламентлараро иттифоқ, Марказий Америка парламенти, Қора денгиз иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ПА, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Миср Араб Республикаси, Арманистон, Беларусия, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Сербия, Тожикистон, Ўзбекистон, Марказий Африка Республикаси сайлов органлари вакиллари, олимлар ва мутахассислар иштирок этяпти.

    Ўзбекистон Республикаси делегациясига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раисининг ўринбосари Ш. Чуллиев бошчилик қиляпти. Делегация таркибида МСК вакиллари ҳам иштирок этяпти.

    Анжуман дастурига кўра икки кун давомида тўртта мавзудаги давра суҳбати ва тантанали ялпи мажлис ўтказилиши кўзда тутилган.

    Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низамходжаев ҳам видеоалоқа орқали иштирок этди ва «Демократик сайлов стандартлари» давра суҳбатида «Демократик сайловларнинг ягона стандартларини шакллантиришда МДҲ сайлов органларининг мувофиқлаштирувчи кенгаши» мавзусида маъруза қилди.

    Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси томонидан МДҲ сайлов органларини мувофиқлаштирувчи кенгашини тузиш ташаббуси билан чиқиш масалаларига тўхталар экан, у Ҳамдўстлик доирасида иштирокчи давлатларнинг сиёсий соҳаларда биргаликдаги фаолияти амалга оширилаётганини, қолаверса, сайловларни кузатиш сиёсий ҳамкорликнинг муҳим элементи эканлигини алоҳида таъкидлади.

    Бўлажак маслаҳат органининг долзарблиги ва аҳамияти ҳақида гапирар экан, З.Низамходжаев мазкур органнинг асосий устувор йўналишлари этиб, МДҲга аъзо давлатлар сайлов органларининг сайлов соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш, сайлов тизимини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, МДҲга аъзо давлатларда сайлов жараёни, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, шунингдек, демократик сайловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш эканлигини таъкидлаб ўтди.

    Хулоса ўрнида, Ўзбекистон МСК раиси давом этаётган Конференция Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасида демократияни ривожлантириш ва сайлов жараёнларининг долзарб масалалари бўйича ҳамкорлигини чуқурлаштиришда муҳим воқеа эканлигига ишонч билдирди.

    Куннинг иккинчи ярмида «Сайловни ташкил этишнинг илғор тажрибаси» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбатида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг доимий аъзоси Г.Рахимова «Сайлов жараёнида аёлларнинг иштироки» мавзусидаги маърузаси билан қатнашди.

    Г.Рахимова ўз маърузасида сайлов жараёнида гендер тенглигини таъминлашнинг аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар борасидаги кафолатлар, сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказишнинг барча босқичларида аёллар иштирокини янада кенгайтириш, аёлларнинг сайловолди фаоллиги кўрсаткичларини қамраб олувчи мақсадли индикаторларни жорий этиш, шунингдек, сайловолди ташвиқот пайтидаги фаоллик каби масалаларни қамраб олди.

    Ш. Чуллиев «Сайловни кузатиш» давра суҳбатининг модератори сифатида иштирок этди ҳамда «МДҲ ПА халқаро кузатувчилар гуруҳи томонидан референдумлар ўтказилиши мониторинги» мавзусида маъруза қилди.

    Конференция доирасида Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси ва Қирғизистон Республикаси Сайлов ва референдумларни ўтказувчи Марказий комиссия томонидан ташкил этилган «Сайлов жараёнидаги илғор технологиялар» кўргазмаси тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар беради Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати.

    Илмий-амалий конференция ўз ишини бугун, 7 октябрда ҳам давом эттиради.