«Masdar Energy» Навоий вилоятида шамол электр станцияси қурмоқчи

    Энергетика 17 сентябр 2020 1682

    «Masdar Energy» компанияси (БАА) Навоий вилоятининг Томди туманида шамол салоҳиятини ўрганиш учун тўртта метереологик устун (метео-мачта) ўрнатди.

    Бу Навоий вилоятида 500 МВт қувватга эга шамол электр станциясини (ШEС) қуриш лойиҳасини амалга оширишнинг навбатдаги босқичи ҳисобланади.

    Аввал хабар қилинганидек, 2020 йил 8 июнь куни «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва «Masdar Energy» компаниялари ўртасида электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида шартнома имзоланган эди. Ушбу шамол электр станциясини ишга тушириш 2023 йилга режалаштирилган.

    Маълумот учун: «Masdar Energy» шунингдек, Навоий вилоятида 100 МВт қувватга эга фотоэлектр (қуёш) станциясини қуриш бўйича халқаро танловнинг биринчи босқичи ғолиби ҳисобланади.

    Компаниянинг ғалабаси ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 1 кВт/ соатига 2,679 АҚШ центи тарифини ва ФEС қурилишининг 12 ойлик муддатини таклиф қилган. БАА мутахассисларининг фикрига кўра, қуёш электр станцияси йилига 260 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.