«Ўзбекгидроэнерго» АЖ ҳамда «Management Certification» халқаро сертификатлаштириш ташкилоти вакиллари ўртасида навбатдаги тадбир бўлиб ўтди.
«Ўзбекгидроэнерго» АЖ Бошқаруви раиси ўринбосари Фаррух Нуруллаев тадбир иштирокчиларини жамиятда «Коррупцияга қарши кураш бошқарув тизими» бўйича олиб борилаётган ишлар, бу борада эришилган ютуқларга қисқача тўхталиб ўтди.
Учрашув доирасида «Ўзбекгидроэнерго» АЖга «Коррупцияга қарши кураш бошқарув тизими» бўйича ISO 37001:2016 миллий мувофиқлик ҳамда халқаро сертификатларни топширишга бағишланган маросим ўтказилди.
Айтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасидаги изчил ислоҳотлар янги босқичга чиқди. Бу борада иқтисодий соҳанинг барча тармоқлари доирасида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар томонидан халқаро стандартларга мос равишда ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратилмоқда.
Маълумки, 2021 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги сонли фармони ҳамда ISO 37001:2016 «Коррупцияга қарши кураш бошқарув тизими. Фойдаланиш бўйича кўрсатма ва талаблар» халқаро стандартини жорий қилиш ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзбекгидроэнерго» АЖ фаолияти «Cert International» МЧЖ халқаро сертификатлаштириш органи томонидан тегишли аудитдан ўтказилиб, натижада ISO 37001:2016 бўйича миллий мувофиқлик ва халқаро сертификатлар қўлга киритилган эди.
Орадан 3 йил ўтиб, 2024 йил ноябрь ойида «Management Certification» халқаро сертификатлаштириш ташкилоти томонидан навбатдаги аудит ўтказилди ҳамда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ISO 37001:2016 «Коррупцияга қарши кураш бошқарув тизими» бўйича миллий мувофиқлик ва халқаро сертификатларни қайтадан қўлга киритди.
Ахборот хизмати