Машҳур тадбиркорлар иштирокидаги бизнес марафон Наманганда қандай ўтди?

    Кейинги авлод 9 апрел 2021 3606

    Республика бўйлаб янги лойиҳа - «Biznes Marafon»нинг илк манзили сифатида Наманган танлангани бежизмас. Чунки тадбиркорликни бошлаш ниятидаги ёшларнинг энг кўп улуши айнан шу ҳудудга тўғри келади.

    Дастлаб номдор бизнесменларни вилоят ҳокими қабул қилди, бизнес учрашув бўлди. «Тадбиркор ўз ўрнини топиши учун қаттиқ меҳнат қилиши керак. Муваффақиятга ўз-ўзидан эришилмайди. Ҳар бир ютуқ замирида заҳматли ҳаракат, уйқусиз тунлар ётади. Ёш тадбиркорларимиз бу сўзларни сизлардан эшитишлари - уларга дадиллик ва шижоат бағишлайди. Наманганнинг тадбиркорликда ўз мактаби бор. Уни ривожлантириб, янги нуқтага олиб чиқишда сизларнинг ўрнингиз беқиёс», - деди Наманган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов.

    Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор Алишер Саъдуллаев, «Yoshlar – kelajagimiz» жамғармаси ижрочи директори Хайрулла Саттаров, Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази директори Меҳрож Рашидов ҳамда юксак натижаларга эришган таниқли тадбиркорлар - «Dekos.uz» ва «Deli.uz» таъсисчилари Ҳасан ва Ҳусан Мамасаидовлар, «Asaxiy.uz» онлайн дўкон асосчиси Фирузбек Аллаев, «Cambridge» ўқув маркази, «Selfmade» лойиҳаси асосчиси Жаҳонгир Пўлатов, «Najot ta’lim» ўқув маркази асосчиси Темур Адҳамовлар сўзга чиқиб, Намангандаги ижобий тадбиркорлик муҳити тўғрисида самимий эътирофларини айтишди.

    Марафоннинг иккинчи асосий қисми Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида яқинда фойдаланишга топширилган замонавий «Янги Ўзбекистон - ёшлар зиё маскани» ахборот-кутубхона марказида давом этди. «Муваффақиятга эришиш сирлари» мавзусидаги мотивацион тренинг тадбиркорлик соҳасига қизиқувчи 400 га яқин ёшлар иштирокида қизғин ва кўтаринки руҳда кечди.

    «Yoshlar – kelajagimiz» жамғармаси ижрочи директори Хайрулла Саттаров, вилоят ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев мазкур лойиҳа мақсади ва йигит-қизларнинг ўзига бўлган ишончини орттиришдаги аҳамияти хусусида фикрларини билдиришди.

    Юртимизнинг кўзга кўринган, соҳасида катта марраларни забт этган бизнес вакиллари ўз тажрибалари, тадбиркорлик билан самарали шуғулланиш ва маркетингда муваффақиятга эришишда нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида йиғилганларга қимматли тавсияларини, маҳорат сабоқларини улашдилар.

    - Ёш тадбиркорлар учун энг муҳими кредит эмас! Яхши устозлардан билим олиш, уларнинг хато ва ютуқларидан тўғри хулоса чиқариш муҳимроқ, - деди машҳур тадбиркор Ҳусан Мамасаидов. - Инсонларга манфаат бериш учун фаолият бошланса, пул ҳам, шахсий бренд, обрў ҳам ўзи келади ва сизни топади!..

    Ёшлар спикерларга ўзлари учраган муаммоли вазиятга ечим топиш борасидаги ноодатий саволларни йўллашди ҳамда фойдали, муҳим маслаҳатларни, жавобларни қизиқарли, содда ва атрофлича тарзда олишди. Мингбулоқлик ёш дастурчи Сардорбек Ҳакимов «Тўғри, тадбиркорликни пул билан ривожлантирилади, лекин билим, кучли хоҳиш, аниқ режа ва умид билан бирор мақсад учун чин дилдан ҳаракатланилса, молиявий масалалар ҳам секин-аста изига тушаркан. Ҳаётий олтин қоидани пойтахтдан ташриф буюрган, ўша босқичларни енгиб ўтиб, ҳозирда хусусий секторда ҳурмат қозонган, бизнес мактабини яратган меҳмонлар қатъий таъкидлашди», дея таассуротларини ўртоқлашди.

    - Бизнес марафон эндигина тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагидаги ука-сингилларимиз учун унутилмас кўникма ва мотивация майдони бўлди десак, янглишмаймиз. Албатта, бу ҳали бошланиши, айни лойиҳани келгусида албатта давом эттирамиз. Йўналишларга бўлинган ҳолда махсус ўқув-семинарлар ҳам уюштирамиз, - деди биз билан суҳбатда «Yoshlar - kelajagimiz» жамғармасининг Наманган вилояти филиали раҳбари Исломбек Қутфиддинов.

    Орифжон ЖЎРАЕВ,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates