Миссия аъзолари референдум ўтказиш бўйича Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Фарғона вилоятларидаги округ ва участка комиссияларида, шунингдек, Тошкент шаҳар округ комиссияларида бўлди. Комиссиялар раҳбарияти билан ўтказилган учрашувларда МДҲдан келган кузатувчиларга Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Календарь режаси доирасида референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Миссия аъзолари участка сайлов комиссияларига ташрифи давомида сайловчилар рўйхатини аниқлаштириш, фуқароларни овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиш ишлари билан танишди.
Ҳамдўстлик кузатувчилари 2023-йил 19-апрелда бошланган ва 26-апрелда якунланадиган муддатидан олдин овоз бериш мониторингига алоҳида эътибор қаратдилар.
Ҳамдўстликдан келган кузатувчилар овоз бериш учун биноларнинг референдумга тайёрлигини, зарур жиҳозлар, услубий ва ахборот материаллари билан таъминланганлигини таъкидлади.
Миссия шаклланишини якунлади. Миссия таркибида Озарбайжон Республикаси, Арманистон Республикаси, Беларус Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон, Беларус ва Россия Иттифоқи Парламент Ассамблеяси, МДҲга аъзо давлатларнинг Парламентлараро ассамблеяси ва МДҲ Ижроия қўмитасидан вакиллик қилувчи 95 нафар кузатувчи аккредитациядан ўтган, деб хабар беради МДҲ давлатлари Ижроия қўмитаси матбуот хизмати.