Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган “Озарбайжон журналистлари тармоғи” нодавлат нотижорат ташкилоти раиси Айаз Мирзаев, Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқароларга хизматлар ва ижтимоий инновациялар давлат агентлигининг жамоатчилик билан ишлаш бўлими бошлиғи Элнур Нифталиев пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов ва Уюшма масъуллари билан учрашди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан учрашувларда эришилган келишувлар ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар, Янги Ўзбекистон тараққиёти, икки мамлакат халқлари ўртасидаги ўзаро дўстона алоқалар бугунги кунда барча соҳаларда изчил ривожланаётгани, анъаналар, маънавий қадрият ва маданиятларимиз муштараклиги эътироф этилди. Шунингдек, мамлакатларимиз оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, соҳа вакилларининг ўзаро тажриба алмашишини таъминлаш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.
“Озарбайжон журналистлари тармоғи” нодавлат нотижорат ташкилоти раиси Айаз Мирзаев Ўзбекистон ва Озарбайжон ОАВ ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, икки мамлакат журналистларининг ҳамкорлиги истиқболлари, уларнинг тажриба алмашинувини самарали йўлга қўйиш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Самимий руҳда ўтган учрашувда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси билан “Озарбайжон журналистлари тармоғи” ўртасида ҳамкорлик келишуви лойиҳасини биргаликда тайёрлаш, такомиллаштириш ва келгусида имзолашга келишиб олинди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Ахборот хизмати









