Мева-сабзавотчилик: янгича тизим ва самара

    Агросектор 29 июн 2023 1538

    2018 йилда боғдорчилик сирларини жиддий ўрганган тадбиркор Анзур Нормуродов шу йўналишда “Дармон-фарм” кластерини ташкил этишга бел боғлади. Қисқа фурсатда ишга киришиб, Яккабоғ туманидаги “Жийда” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бўш турган ер майдонини олиб, ишни бошлади.

    Туркиядан юқори ҳосил берувчи олма навини келтириб, икки юз гектар ерда каттагина боғ ташкил этди. Шунингдек, шу йилнинг ўзида 210 гектар жойга “Қора кишмиш”, “Тойфи”, “Ризамат ота” навли узум кўчатлари ўтқазиб, токзорга айлантирди. Каттагина ҳудудни эгаллаган олма ва токларни суғориш тизими ҳам Туркия технологияси асосида жорий этилди. Натижада уч юз нафарга яқин аҳоли иш билан таъминланди.

    — Ўтган йили олмаларимиз илк марта ҳосилга кирди, — дейди ушбу кластер агрономи Шербек Нормуродов. — Агротехник тадбирларни ўз вақтида бажаришимиз, дарахтларга яхши ишлов беришимиз натижасида биринчи йилнинг ўзидаёқ минг тоннага яқин ҳосил олдик. Бу эса дастлабки йил учун яхши самара. Токзоримиздан ҳам яхшигина узум йиғиштириб олдик.

    Олмаларимиздан жорий йилги мавсумда янада юқори унумдорлик кутилмоқда. Яъни, ўртача уч минг тонна ҳосил олишни мақсад қилганмиз. Бундан ташқари, боғ орасига сабзавот маҳсулотлари экишни ҳам йўлга қўйдик. Ҳозирда 35 гектар майдонга эккан брокколи карам тайёр бўлди ва уларни экспорт қилишга ҳозирлик кўрилмоқда. Шунингдек, 110 гектар майдондаги токлар орасига эккан мош ҳам яқин орада тайёр бўлиб қолади. Бундай вақтда мавсумий ишчилар сафини ошириб, беш юз нафарга яқин хотин-қиз жалб этилади.

    Кластерда мева-сабзавотни қайта ишлаш заводи фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Шунингдек, умумий қуввати беш минг тонна мева-сабзавот сақловчи омборхона ҳам мавжуд.

    — Корхонамизда 60 нафар хотин-қиз икки сменада иш олиб боришади, — дейди завод технологи Сардор Холиёров. — Олисдан қатновчилар учун автобус ташкил этилган. Ишчилар уч маҳал иссиқ овқат, керакли шароит билан таъминланган. Ҳозирда асосий ишимиз – даладан карамни йиғиштириб хорижга сотишга тайёрлаш. Куз фаслига бориб мевалар пишиб етилгач, заводимизда қайта ишлашга киришамиз.

    Жорий йилдан кластерда кўчатчилик ҳам йўлга қўйилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларига кўчат етказиб берилди. Ўтган йили корхона хорижий давлатларга бир миллион доллардан ортиқ маҳсулот экспорт қилди. Бу йил эса жамоа бу кўрсаткични икки баробарга етказишни мақсад қилган.

    Наманганлик деҳқонлар Қашқадарёда

    Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлими ташаббуси билан воҳада бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2022 йилда фермерлар учун қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда ишлатиладиган харажатларни молиялаштиришда беш юзга яқин таклиф билдирганларга фьючерс шартномаси тузиш ва тижорат банкларига ариза тақдим этишда амалий ёрдам кўрсатилди. Бунинг оқибатида 232 та фермер хўжалигига ўттиз миллиард сўмга яқин кредит ажратилди.

    “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижросини таъминлаш учун 177 мингдан ортиқ туп мевали дарахт кўчатлари Ғузор, Касби, Китоб, Косон, Миришкор, Яккабоғ туманларига етказиб берилди. Шу билан бирга, бўлим саъй-ҳаракати билан бир ярим миллион донага яқин помидор, бақлажон, булғор қалампири, карам, қовун ҳамда тарвуз ниҳоллари ҳудудларга тарқатилди. Истеъмол бозорида талаб юқори бўлган картошкани кўпайтириш мақсадида биргина ўтган йилнинг ўзида Қарши туманига 20, Косонга 165, Касбига 75, Муборак туманига 34 тоннадан, вилоят бўйича жами уч юз минг тоннага яқин сифатли уруғлик етказиб берилди.

    Фермер хўжаликларида дала четларидан унумли фойдаланиш мақсадида ошқовоқ уруғи экиш анъанага айланди. Шу боис, ҳудудий бўлим маъмурияти бу борада ҳам ташаббускорлик кўрсатиб, 500 килограмм ошқовоқ уруғини жойларга етказиб берди. Бунинг самарасида бўш турган ердан даромад олишга эришилди.

    — Воҳада мева-сабзавотчиликни янада ривожлантириш мақсадида бошқа вилоятлардан ҳам тажрибали деҳқонларни жалб этиш йўлга қўйилди, — дейди Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлим бошлиғи ўринбосари Зокир Янгибоев. — Ўтган йил бошида Наманган вилоятидан бир гуруҳ малакали деҳқонлар Ғузор ҳамда Шаҳрисабз туманларига келишиб, тажрибалари билан ўртоқлашди. Касбга доир янгиликлар, ўсимликларни парваришда қилиниши лозим бўлган жараёнлар ҳақида маълумотлар алмашилди. Уларнинг кўмагида Ғузор туманида 93 гектар майдонда янги токзор ташкил этилди. Бугунги кунда ҳам ҳамкорлик ишлари давом эттирилмоқда.

    Республика Президентининг 2022 йил 27 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш харажатларини молиялаштириш ва уларни харид қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида ҳам вилоятдаги қишлоқ хўжалиги корхоналарида тизимли ишлар жорий этилмоқда. Жумладан, қарорнинг тегишли бандига кўра, бюджет ссудаси ҳисобидан қишлоқ хўжалиги корхоналарига мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, тут, пилла, маккажўхори дони, дуккакли ва мойли экинлар етиштириш учун зарур бўлган моддий-техник ресурслар, жумладан, уруғлик ва кўчат етказиб бериш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги хизматларини кўрсатиш учун қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга, хусусан, “Агросервис оператор” давлат унитар корхонасига етиштирилган қишлоқ хўжалиги экинларини харид қилиш учун талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдириш мақсадида йиллик 14 фоиз ставкада қарз маблағлари ажратилиши белгилаб берилган. Шу мақсадда вилоятда фаолият олиб бораётган тегишли ташкилот ва корхоналарга, фермер хўжаликларига “Агросервис оператор” ДУК томонидан ҳозирга қадар жами 23,3 миллиард сўмлик моддий-техник ресурслар етказилган.

    Такрорий экин — кони фойда

    Қашқадарёда такрорий экин экиш ва ундан яхшигина даромад олиш борасида каттагина тажриба тўпланган.

    — Мева-сабзавотчилик тизимида фаолият бошлаганимга икки йилдан ошди, — дейди “Косон соф агро” МЧЖ кластери раҳбари Ҳусниддин Шаймардонов. — Кўп йиллик тажрибамга таяниб гапирадиган бўлсам, такрорий экин яхши самара беради, деб бемалол айта оламан. Мен ҳам бу йил эллик гектар майдонга полиз экинлари экканман. Яқинда ҳосилни йиғиштириб, унинг ўрнига тариқ экишни режалаштиряпман. Ҳисоб-китоб қилиб кўрсак, бу ўсимлик икки ойда тайёр бўлар экан. Ҳозирда ўртача бир гектар ердан икки тоннадан ошиқроқ тариқ оламиз. Демак, эллик гектар майдонга экадиган бўлсак, камида юз тонна ҳосил оламиз. Айни пайтда буни сотиб олиш истагини билдирган хорижлик тадбиркорлар билан ҳам мулоқот олиб бордик. Улар ўз таклифларини билдиришди. Тез орада шартномалар тузилиб, ишни бошлаб юборамиз.

    Воҳада ўтган йили ғалла ҳосилидан бўшаган ер майдонларидан 750 гектарга харидоргир бўлган брокколи карами экилди. Бунинг учун Яккабоғ туманидан 10 гектар майдон танлаб олиниб, замонавий кўчатхона ташкил этилди. Етиштирилган 30 миллион дона шу турдаги карам ниҳоллари жойларга етказиб берилди. Натижада вилоят бўйича жами 3200 фуқаронинг доимий, олти минг нафарининг мавсумий бандлиги таъминланди. Етиштирилган маҳсулотлар эвазига 55 миллиард сўмлик полиз экинлари бозорга чиқарилиб, халқимиз дастурхони тўкинлигига эришилди.

    Тўкин ва файзли

    2023 йил якунига қадар мева-сабзавотчилик йўналишида воҳада юқори натижа кутилаётгани прогоноз қилинмоқда. Бунинг учун асосий ер майдонларига — 10,9 минг гектар ерга сабзавот, 5 минг гектар майдонга полиз, 7 минг гектарлик боғ ва токзорлар оралиғига картошка, қўшимча 7,8 минг гектар ҳудудга сабзавот экинлари экилган. Қишлоқ хўжалигида асосан томчилатиб, ёмғирлатиб суғоришдан фойдаланилмоқда.

    Юртимиз бозорларини мева-сабзавот маҳсулотлари билан бойитишда деҳқон хўжаликларининг ҳам ҳиссаси катта. Хусусан, ҳозирга қадар вилоятда “E-auksion” электрон платформаси орқали жами 17 минг фуқарога 9,3 минг гектар деҳқон хўжалиги учун ер ажратилган. Жорий йилда ушбу хўжаликларда айнан импорт ўрнини босувчи экинлар экиш таклифи берилган. Натижада 2,1 минг гектарга сабзавот, 3,3 минг гектарга полиз, 1,4 минг гектарга картошка, 657 гектарга мойли экинлар, 1132 гектарга дуккакли ва 814 гектарига бошқа экинлар экилди. Бундан жами 59 минг тонна ҳосил олиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, “Бир контур—бир маҳсулот” тамойили асосида етиштирилган маҳсулотлар қайта ишловчи, сақловчи ва экспортёрлар томонидан сотиб олиниши каби хизматлар қониқарли равишда йўлга қўйилди.

    Маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятда жами 35 та мева-сабзавотчилик кластери фаолият олиб бормоқда. Керакли имкониятлар яратилиши ва итиёзлардан мақсадли фойдаланаётган кластерлар бугун нафақат ички, балки хориж бозорларини ҳам сархил мевалар, сифатли сабзавотлар билан таъминлашда жонбозлик кўрсатишмоқда. Соҳадаги кластерларнинг истиқболдаги режаларига назар ташлайдиган бўлсак, 2023–2024 йилларда янада йирик лойиҳаларни амалга ошириб, яхши кўрсаткичларга эришиш устида иш олиб боришмоқда. Шу билан бирга, аҳолини иш билан таъминлашни устувор вазифаларидан бири этиб белгилашган.

    Хулоса ўрнида айтганда, соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар аҳоли турмуш тарзининг янада яхшиланишига, бозорларимизнинг тўкин ва файзли бўлишига хизмат қилмоқда.

    Акбар РАҲМОНОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates