Миллий адабиёт – миллат қалби ва руҳияти кўзгуси

    Таржима нафақат лисоний ҳодиса, балки адабий-тарихий, қолаверса, ижтимоий-сиёсий муаммоларни ҳал қилишга ҳам дахлдор соҳа. У турли халқ, миллат, мамлакатларни боғловчи олтин кўприк.

    Таржима юртимиз цивилизациянинг юқори чўққисига чиққан паллаларда бой илмий-маданий меросимизни бутун дунё эътиборига тақдим этишга ҳам хизмат қилган.

    Ҳозир мамлакатимизда жаҳон адабиёти­нинг энг яхши намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш ва чоп этиш, мумтоз ва за­монавий адабиётимизнинг энг сара намуна­ларини хорижий тилларга ўгириш ҳамда чет элларда тарғиб этиш тизимини яратиш, ўзбек тилида интернет адабиётини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чи­қиш ва амалга ошириш ишлари жадал давом этмоқда. “Ўзбекистон — 2030” стратегия­сининг “Маънавий тараққиётни таъминлаш ва маданият соҳасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича ислоҳотлар” йўналишида ҳам ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини кенг оммалаштириш, жамиятда китобхонлик ҳамда аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни ривожлантириш мақсади илгари сурилган.

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси­нинг биринчи ўринбосари Минҳожиддин МИРЗО билан бугунги кунда бадиий таржи­манинг ўрни борасида суҳбатлашдик.

    — Ўзбек таржимачилик мактабининг ўн асрга яқин тарихи бор. Бу мактаб ки­тобхонлар қўлига жаҳон ва қардош халқ­лар адабиётининг дунёқарашни кенгайти­радиган, фикрлашга ўргатадиган дурдона асарлари таржимасини тақдим қилиб кел­ган. Бугун ушбу анъана қандай давом этяпти?

    — “Адабиёт яшаса, миллат яшайди”. Буюк ўзбек шоири Чўлпоннинг бу пурмаъно сўзла­ри ҳар бир миллат ўзлигининг шаклланиши, намоён бўлиши, сақланиб, ривожланиб бо­ришида адабиёт қанчалар муҳим аҳамиятга эга эканини яққол кўрсатиб турибди. Ана шу маънода, ҳар бир миллатнинг маънавий камо­лотида миллий адабиёти билан бирга жаҳон адабиёти дурдоналари, уларда илгари сурил­ган гуманистик ғоялар катта роль ўйнайди. Аслида, дунёда ҳеч бир адабиёт ўз миллий чегараларида ривожланмайди. Жаҳон ада­биёти асрлар давомида бир-бирини бойитиб, бир-бирини таъсирлантириб, адабиёт истиқ­болларини яратади.

    Ўзбекистондаги янги давр руҳи, шиддати, адабиётга, адабий алоқалар ривожига бери­лаётган эътибор барчамизни мамнун этмоқ­да. Бугунги кунда юртимизда миллат қалби ва руҳияти ифодачиси бўлган миллий адабиё­тимизни хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилишга, чет эл адабиётининг энг сара наму­наларини ўзбек тилига ўгириб, ундан халқи­мизни баҳраманд этишга, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, юксак фазилатлар руҳида тарбиялашга, китобхонликка жуда катта аҳамият берилмоқда. Негаки жаҳон халқлари қалбидан аллақачон мустаҳкам жой олган, XXI асрда ўз ижоди билан инсоният­ни эзгулик, олижаноблик каби юксак ғоялар асосида ҳаёт кечиришга даъват этиб келаёт­ган миллий ва жаҳон адабиёти намояндалари бўлган шоир ва ёзувчилар асарлари юртимиз ва дунё халқлари ўртасидаги мавжуд мада­ний, маънавий кўприкларни мустаҳкамлашга хизмат этаётир.

    Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “адабий дўстлик — абадий дўстлик” сари таш­ланган маънавий қадамдир. Ўзбек адиблари, китобхон халқимиз жаҳон халқлари тарихи, улуғ маданияти ва адабиётига катта ҳурмат билан қарайди. Айни дамда адабий алоқалар­нинг мустаҳкамланиши таъсирида жаҳоннинг жуда кўплаб ижодий ташкилотлари ва нашрла­рининг мамлакатимиз адабиёти, адабий меро­симиз, бугунги кунда ижод қилаётган адибла­римиз ижодига қизиқиши йилдан йилга ортиб бормоқда. Ўтган йиллар давомида жаҳон ада­биётининг бебаҳо мулки бўлган қанчадан қанча асарлар ўзбек тилига, миллий адабиёти­мизнинг нодир намуналари жаҳон тилларига таржима қилинди, бу борада ўзига хос мактаб ва анъаналар шаклланди.

    Таъкидлаб ўтганимиздек, жаҳон адабиёти ҳамиша бадиий таржима асарлари ҳисобига бойиган ва бу жараён бугун ҳам давом этмоқ­да. Айнан таржима сабаб Ғарб Шарқ адабиё­тидаги гўзал анъаналар ва уларнинг замона­вий талқинидан баҳраманд бўлган, Шарқ эса Ғарбдаги ғаройиб шаклий изланишларни ўз­лаштирган ва икки қутб адабиёти шу асосда барқарор ривожланиб борган.

    Ўзбек тилида ижод қилган мумтоз шоир­ларимизнинг барчаси истеъдодли ижодкор бўлиш билан бирга маҳоратли таржимон ва билимдон тилшунос бўлган. Улар ўз она тили билан биргаликда араб, форс, ҳинд, юнон ва лотин тилларини ҳам ўрганган, бу тиллар­даги асарларни бемалол ўқиган ва таржима қилган.

    Ўзбек замонавий таржима мактаби неча юз йиллик тажрибага эга бўлгани ҳолда бу бора­даги анъаналарга таяниб, ХХ аср адабиёти­нинг маърифатпарвар вакиллари — жадидлар илгари сурган илғор тамойилларга эргашиб ривожланди. Бугунги кунда Президентимиз­нинг қардош ва хорижий давлат раҳбарлари­га совға қилаётган китоблари — В.Гюгонинг Франция Президенти Э.Макронга ҳадя этил­ган “Кулаётган одам” романи, Р.Тагорнинг Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модига тор­тиқ қилинган 8 жилдли асарлар тўплами, Я.Ко­ласнинг Беларусь Президенти А.Лукашенкога топширилган “Қадрдон қўшиқлар” шеърий тўплами, Жомийнинг Тожикистон Президенти Э.Раҳмонга берилган “Сайланма”си, Махтум­қулининг Туркманистон халқ етакчиси Г.Бер­димуҳамедовга совға қилинган “Сайланма”си ҳам халқлар, миллатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашда ада­биёт қанчалар муҳим ўрин тутишини яққол намоён этиб турибди. Шу маънода, бадиий таржима бугунга келиб, Ўзбекистоннинг на­фақат маданий, балки ижтимоий ва сиёсий ҳаётининг узвий қисмига айланди.

    Ўзбек бадиий таржима мактаби анъана­лари давом этиб келяпти. Бугун бадиий тар­жимада Ғарб адабиётини аслиятдан ўгириш анъанаси жадал ривожланмоқда. Бу борада олдинги ўринларни ёшлар эгалламоқда. Шу билан бирга, адабиётимиз Шарқ ва Ғарбнинг замонавий анъаналари билан уйғунлашган ҳолда янги бир қиёфада яшамоқда. Бу ҳам бадиий таржиманинг хизматидир.

    — Давлатимиз раҳбари 2024 йил 4 июн­да “Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот­ни таъсис этиш тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди. Айни паллада унинг ижро­сига қаратилган ишлар қандай босқичда?

    — Мазкур қарор бугунги адабий ҳаётнинг энг муҳим воқеаси бўлди. Бу мукофот мил­лий адабиётимизга жаҳон адабиётидаги ил­ғор шакл ва изланишларни олиб кираётган, ўзбек адабиётининг сара асарларини хориж­да тарғиб қилаётган фидойи таржимонлар меҳнатига муносиб рағбатдир.

    Ёзувчилар уюшмаси ушбу мукофотнинг ишчи органи ҳисобланади. Қоидага кўра, халқаро мукофот танловига асарларни тар­жимонларнинг ўзи ёки шу асарни чоп қилган нашриётлар тақдим этди. Танлов 1 июнда эълон қилингандан кейин асарлар уч ой ичи­да қабул қилинди. 3 сентябрдан асарларни кўриб чиқиш бошланди. Таниқли таржимон­лар, адабиётшунослар, ёзувчи ва шоирлардан иборат ҳайъат иккита таркибда ишлади. Бири ўзбек тилидан хорижий тилга қилинган тар­жималарни кўриб чиқса, иккинчиси жаҳон тилларидан ўзбек тилига ўгирилган асарлар­ни назардан ўтказди.

    Ҳозир танлов ўзининг ҳал қилувчи босқи­чига етиб келди, яқин орада мукофотни топ­шириш маросимида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари номи эълон қилинади. Бу танлов таржимон­лар учун катта имкониятлар эшигини очади. Аввало, адабий жамоатчиликнинг юксак эътирофи, қолаверса, таржимоннинг ижо­дий биографияси учун жуда яхши тавсиф, албатта, салмоқли моддий рағбат — булар­нинг бари таржимоннинг меҳнати, унинг ке­йинги қадамлари учун ижобий туртки вази­фасини ўтайди.

    Танлов бадиий таржима соҳасининг риво­жи учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Таржима­шунослик соҳаси учун тадқиқот объектлари яратилади, ўзбек адабиёти тарғиботи учун уфқлар кенгаяди, ёш таржимонларни етиш­тириш ишлари ҳам янги босқичга кўтарила­ди, чунки ёшлар интилиши учун юксак эъти­роф чўққиси юзага келади.

    — Ёзувчилар уюшмаси томонидан бу­гунги кунда бадиий таржимани ривожлан­тириш бўйича қилинаётган ишлар, янги­ликлар, режалар билан ўртоқлашсангиз.

    — Ўзбекистонда бадиий таржима фао­лиятининг ривожланиш истиқболлари, агар бугунги куннинг суръатини ҳисобга олса, албатта, кечагидан баландроқ. Чунки бугун бадиий таржимага эҳтиёж кучли, мана шу талаб ривожланиш учун туртки бўлиб хизмат қилмоқда. Шу йил бошидаёқ Дўрмонда “Ба­диий таржима: кеча, бугун, эртага” форуми ўтказилди. Унда таржима олдида турган ва­зифалар муҳокама қилиб олинди.

    Уюшмада Халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими фаолият юритади, у бадиий таржима соҳаси учун масъул бўлинмадир. Шунингдек, жамоатчилик асосида ишлай­диган Бадиий таржима кенгаши ҳам бор. Бадиий таржима соҳасидаги ишларни мана шу икки бўлинма мувофиқлаштириб боради. Таржима соҳасини ривожлантириш учун тар­жимонлар ва таржимашуносларни жамлаб ўтказилувчи қатор тадбирларимиз борки, шу­лар доирасида соҳанинг мавжуд муаммолари таҳлил қилиниб, ечимлар изланади.

    Яқинда Паркент туманидаги “Заркент” ижод уйида Республика таржимонлари II фо­руми ўтказилди. Форумда уч йўналиш — тур­кий тиллардан таржима, инглиз тили ва рус тили орқали таржима қилиш бўйича ёшлар учун маҳорат сабоқлари, тажрибали таржи­монлар билан ижодий суҳбатлар ва таҳлил­лар бўлиб ўтди. Республика ёш ижодкорла­рининг Зомин семинарида ҳар йили бадиий таржима йўналишида махсус “маҳорат сабоқ­лари” бўлиб ўтади ва унинг натижасида янги- янги иқтидор эгалари аниқланади. “Дўрмон баҳори” форуми эса бадиий таржима орқали Ўзбекистондаги русийзабон адабиётни ўзбек ўқувчисига, ўзбек адабиётини рус ўқувчисига етказиш масаласини муҳокама қилади.

    Ҳозир ўзбек таржимачилигини янада ри­вожлантириш учун зарур бўлган барча таг­заминлар мавжуд. Ёзувчилар уюшмаси мана шу тагзаминдан кўмак олиб, миллий адабиё­тимизни янги анъаналар билан бойитиш, шу билан бирга, ўзбек адибларини жаҳон миқё­сида танитиш асосларини яратишга интил­моқда.

    — Бадиий таржима фаолиятининг асо­сий йўналишлари қандай, бу борада қайси мамлакатлар билан алоқалар фаол, шу­нингдек, қайси ўзбек ёзувчисининг асар­лари хорижий тилларга, қайси хорижий ёзувчининг асарлари ўзбек тилига таржи­ма қилиниб, адабий жамоатчилик ва ўқув­чилар ўртасида катта қизиқиш уйғотган?

    — Ўзбек замонавий бадиий таржимачили­гининг қамрови жуда кенг. Бунга амин бўлиш учун биргина “Жаҳон адабиёти” журнали­ни варақлаб кўришнинг ўзи кифоя қилади. Январь сонининг ўзида Канада, Колумбия, Ирландия, Россия, Озарбайжон, Туркия ада­биёти вакиллари асарларидан таржималар жамланган. Шу маънода, қайси мамлакат­нинг адабиёти кўпроқ таржима қилинади де­ган саволга қисқа жавоб беришнинг имкони йўқ. Бугун туркий халқларнинг замонавий адабиётига қизиқиш кучли. Буни сўнгги пайтларда ижтимоий ва маданий ҳаётимизда рўй бераётган янгиланишлар билан изоҳлаш мумкин.

    Қирғиз адабиётида Чингиз Айтматов ор­тидан эргашиб келаётган адиблар ижоди их­лосмандларни жуда қизиқтиради. Шу маъ­нода қирғиз насридан сўнгги икки йил ичида қатор йирик таржималар қилинди. Масалан, Тугалбой Сидиқбековнинг “Кўк ялов”, Сул­тон Раевнинг “Тўфон” романларининг ўзбек тилида чоп этилиши катта янгилик бўлди. Озар адабиётига қизиқиш бизда ҳамиша куч­ли эди. Ёзувчи Ифтихорнинг “Низомий Ган­жавий” тарихий драмаси ўзбек тилига ўги­рилиши ҳам ижобий воқеалардан биридир. АҚШ, Австралия ва Европа адабиётидан тар­жималар илгари фақат рус тили орқали амал­га ошириб келинган эди. Сўнгги пайтларда асарни аслиятдан ўгириш амалиёти кучайиб боряпти.

    Иброҳим Ғафуров, Абдулла Шер, Мирза­ли Акбаровдек устозлар ортидан келаётган Алишер Отабоев, Абдуқаҳҳор Иминов, Шаҳ­ноза Раҳмонова, Фурқат Соатов, Давронбек Мамарасулов, Қандилат Юсупова, Назира Юсупова каби таржимонлар бугунги кунда инглиз, немис, француз тилларида ёзилган насрий асарларни бевосита аслиятдан таржи­ма қилаётир. Шарқ адабиёти, хусусан, туркий тилли адабиёт вакиллари ижодини аслиятдан ўгираётган Тоҳир Қаҳҳор, Муртазо Саидума­ров, Шорустам Шомусаров, Музаффар Аҳмад, Бобохон Муҳаммад Шариф, Шермурод Суб­ҳон, Шаҳло Қосимова ортидан келаётган янги авлод — Дилафрўз Муҳиддинова, Шаҳло Аҳ­медова, Раҳмат Бобожон, Севара Алижонова, Зилола Абдуғафурова, Жасур Зиямуҳамедов, Алишер Сабрий араб, турк, корейс, хитой, форс тилларида яратилган асарларни аслият­дан ўзбек тилига ўгирмоқда.

    Бугунги кунда Ёзувчилар уюшмаси етти мамлакат — Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь Ёзувчи­лар уюшмалари ва Саудия Арабистонидаги иккита илмий-адабий ташкилот билан ҳам­корлик ҳақида меморандум имзолаган. 2023 йилда ушбу ҳамкорлик доирасида Қозоғис­тоннинг “Тан-шолпан” журналида 27 нафар ёзувчи ва шоиримизнинг шеър ва ҳикоялари қозоқ тилида чоп қилинди. 2024 йилда Абдул­ла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асари араб тилида Мисрда ва Саудия Арабистонида нашр этилган бўлса, ушбу ўлмас асар шу йилнинг ўзида хитой тилида Пекинда нашр этилди, Ўт­кир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” қис­саси инглиз тилида АҚШда, Бокуда Исажон Султоннинг “Алишер Навоий” романи озар­байжон тилида, Нормурод Норқобиловнинг насрий тўплами турк тилида босилди. 2025 йил Москвада “Антология узбекской поэзии” китобининг 3-жилди, “Ўткан кунлар” романи қирғиз тилида, Анвар Обиджоннинг “Меш­полвон” қиссаси ҳинд тилида, Муҳаммад Али­нинг “Клеопатра” романи рус тилида нашр қилинди. Бу маълумотлар бугунги адабий ало­қалар денгизидан бир неча томчи, холос.

    — Туркий халқлар адабиётининг юз жилдлиги ўқирманларга тортиқ қилинган эди. Халқаро жамоатчиликнинг муносаба­ти қандай бўлди?

    — “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдли асарлар мажмуаси 2022 йилда чоп этилган бўлса-да, қардош ўлкалардаги ада­бий ташкилотларнинг ҳайратлари ҳануз тин­маган. Чунки бундай кўламдор, катта лойиҳа туркий тилли бошқа мамлакатларда амалга оширилмаган. Ўтган давр ичида мажмуа тақ­димотлари Туркия, Озарбайжон ва Қирғизис­тонда ўтказилди, бир қанча халқаро китоб яр­маркаларида намойиш этилди. Мажмуа барча вилоят ва олий ўқув юртлари кутубхонала­рига топширилган, Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида бу мажмуани нашрга тайёрлаган ижодкорлар билан учрашувлар, тақдимот­лар бўлиб ўтди. Ушбу мажмуа туркий тилли адабиётнинг бор салобатини намойиш этиш баробарида китобхонлар учун туркий тилли давлатлар адабиёти қиёфасини ўзида жамла­ган беқиёс нашр, ўзбек бадиий таржимачи­лигининг иқтидорини кўрсатадиган намуна бўлиб қолди.

    Ҳозир кейинги икки-уч йилга мўлжаллан­ган иккита катта лойиҳа бошланмоқда. Бу­лар “Туркий эллар фольклори дурдоналари” ва “Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари” 100 жилдликларини ўзбек тилида нашр этиш вазифасидир. Агар “Туркий эллар фольклори дурдоналари” муайян жуғрофик ўлчам билан кифояланса, “Жаҳон болалар адабиёти дур­доналари” асарлар мажмуаси бешта қитъа болалар адабиёти вакиллари ижодини қамраб олади. Яъни 5 та қитъадаги 65 та давлатда ис­тиқомат қилаётган болалар шоирлари ва ёзув­чилари асарлари ўзбек тилида чоп этилади. Шу кунгача “Жаҳон болалар адабиёти дурдо­налари” 100 жилдлигига жами 428 муаллиф­нинг асарлари киритилиши аниқланган ва бу рақам нашр ишларига тайёргарлик жараёни­да янада кўпайиши мумкин.

    Шундай кўламдор лойиҳалар истеъдодли таржимонларнинг бошини қовуштиришни тақозо қилади. Ёзувчилар уюшмаси ташкил қилаётган анжуманлар, конференция ва ёш­лар учун маҳорат сабоқлари янги лойиҳалар­га тайёргарлик ишларини мувофиқлашти­ришда катта аҳамиятга эга.

    — Бугунги кундаги таржима асарлари­нинг маънавий қиёфаси нималарга боғ­лиқ ҳолда шаклланмоқда?

    — Бу ҳақда гапирганда, бир неча муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Жамият­нинг глобаллашуви ва маданий мулоқотнинг ортиши билан таржима асарлари нафақат адабиёт соҳасида, балки умумий маданий ҳаётда ҳам муҳим роль ўйнайди. Ҳар бир таржима асари бир маданиятни бошқасига кўчиришнинг бир қирраси бўлиб, унинг маъ­навий, адабий ва ижтимоий қиёфаси ҳар хил омиллардан таъсирланади.

    Глобаллашув кучайиши билан маданий алмашинув янада тезлашди. Бу эса турли халқлар, миллатлар ва маданиятлар ораси­да адабий алоқаларни кучайтирди. Таржима асарлари ушбу жараёнда муҳим восита сифа­тида хизмат қилади.

    Таржима асарлари тил ва ундаги маънавий хусусиятларни сақлаш ёки ўзгартириш орқали ўз маънавий қиёфасини олиб келади. Таржима асарларининг маънавий қиёфаси шундан ибо­ратки, улар одатда маъноларнинг ёрқинлиги, образлар, рамзлар ва сезгиларнинг конверсия­сига таъсир кўрсатади. Маънавий таъсирнинг юзага келиши чоғида таржимоннинг шахсий ёндашуви, ижодий қобилияти ва маданий би­лимлари муҳим роль ўйнайди.

    Бадиий адабиёт таржимасида глобал иж­тимоий муҳитнинг кучли таъсири сезилмоқ­да. Бошқа мамлакатлардан келган асарлар кў­пинча ўша юртлардаги ижтимоий ва сиёсий ҳолатларга ҳамда умумий инсон ҳуқуқлари, адолат, инсон ҳуқуқларига оид фикрларни ўз ичига олади. Бундай асарлар глобал маъна­вий қиёфа билан ҳамоҳанг бўлади.

    Бугунги кундаги таржима асарларининг маънавий қиёфаси жамиятнинг глобалла­шуви, маданий-ижтимоий муҳит, тилнинг ўзгариши ва маданий алмашинувлар билан боғлиқ. Таржима асарлари ҳам ижодий, ҳам маданий, ҳам маънавий нуқтаи назардан катта аҳамиятга эга. Маънавий мезонлар ва маданий хусусиятларни аниқлаш ва уларни сақлаш таржимоннинг энг муҳим вазифаси даражасига кўтарилган.

    Ўзбек таржимонлари мана шундай ша­роитда миллий адабиётимизни бойитиш йўлида меҳнат қилмоқда. Айтиш керакки, бадиий таржима ижодкорнинг танилишида­ги энг муҳим воситадир. Шу маънода, ўзбек адабий муҳитига кириб келишни истовчи хорижий ижодкорлар талайгина. Лекин улар­дан фақатгина халқимиз менталитетига мос, унинг бадиий тафаккурини кенгайтирувчи, умуминсоний тамойиллар руҳидаги асарлар­гина ўзбек адабий майдонига кириб келиши керак. Таржимонлар эса бу борада чинакам заргар вазифасини ҳам бажаради. Бир томон­дан, таржима учун чинакам маънавий қим­матга эга асарни танлаб олса, иккинчи томон­дан, ушбу асарнинг асл қимматини сақлаган ҳолда таржима қилишга интилади.

    Суҳбатдош: Нодир МАҲМУДОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates