Маъмун академиясининг барпо этилишида хоразмшоҳ Маъмунийлар сулоласининг, Иккинчи Уйғониш даврининг юзага келишида эса буюк бобомиз Амир Темурнинг ва темурий авлодларнинг ҳиссаси беқиёсдир. Ҳар икки сулола ҳукмдорлари ўз даврининг ёрқин истеъдодларини, олимларини давлат қаноти остига тўплаган ва ғамхўрлик қилиб, керакли шарт шароитларни яратиб бергани учун тарихан қисқа давр ичида она юртимиз дунё илм-фанига пойдевор бўлгулик буюк кашфиётларни яратдилар.
Барча даврларда маърифатчилик йўналиши асосан уч соҳа орқали тараққий топиб борган. Булар – маориф (янгича мактаблар очиш, таълим усулини янгилаш), санъат (бадиий адабиёт, театр) ва матбуот (газета ва журналлар).
XX аср жадид намоёндалари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир сингари маърифатпарвар боболаримиз ўз даврида ҳам янги авлод таълим ва тарбияси муаммолари фақат орзу бўлганлиги, жамият тараққиётида ўзгаришлар қилиш эса осон кечмаслигини, улуғ мақсадларга эришиш эса миллат маданияти, маърифати, илм-фаннинг ривожи билан боғлиқлигини ҳар томонлама теран англаганлар.
Жамиятда маънавий муҳитни шакллантиришдаги муҳим омил эса мамлакат ёшларининг таълим-тарбия тизими бўлиб, унинг долзарблигини жадидларнинг етук намоёндаларидан бири Абдулла Авлонийнинг «Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ» асаридаги қуйидаги сатрлар ҳам исботлайди:
«Алҳосил, тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур», «Илм инсонларнинг мадори ҳаёти, раҳбари, нажотидур» деган фикрлари ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Шунга кўра, миллатимиз учун ёш авлод тарбияси жараёни, жумладан, маънавий тарбия нечоғлиқ муҳим, долзарб ва у давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Давр талабларига жавоб бермай қолган таълим-тарбия тизими тубдан ислоҳ қилинишининг зарурият эканлиги мамлакатимизнинг мустақиллигини дастлабки кунлариданоқ йўлга қўйилганлиги айни ҳақиқатдир.
Жумладан таълим ва тарбия тўғрисида фикр юритганда авваламбор шу соҳага дахлдор тизимларни ислоҳ этиш янгича йўналишларни кашф этиш тақозо этади ва бугунги давр талаби ҳамдир.
Умуман мамлакатимизда халқ таълими соҳасида амалга оширилган ишлар ислоҳотларга назар соладиган бўлсак, сўнги тўрт йил давомида давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан халқ таълимини ислоҳ қилиш бўйича 2 та Фармон, 14 та қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан 16 та қарорлар қабул қилиниши, таълим тизими учун тарихий йил бўлди, десак муболаға бўлмайди. Шунингдек халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбари 1 октябрь «Ўқитувчилар ва мураббийлар» куни муносабати билан сўзлаган нутқида кейинги йилларда юртимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, янги Ўзбекистонни яратиш мақсадида барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилаётганига тўхталиб, «Биз кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик. Бу ҳақда гапирар эканмиз, аввало, учинчи Ренессанснинг мазмун-моҳиятини ҳар биримиз, бутун жамиятимиз чуқур англаб олиши керак» деб таъкидлаб ўтдилар.
Ана шу мақсадларни амалга оширишда соҳада янгича “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Мазкур Фармон лойиҳаси соҳада ўтган йиллар давомида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг янгиланган тарихий ҳужжатдир. Фармонда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари депутатларига катта масъулият юкланмоқда. Эндиликда ҳар бир мактаб директори лавозимига муносиб номзодни тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари билан келишилган ҳолда амалга ошириш тартиби жорий қилинмоқда. Шу билан бирга, миллий таълим-тарбия тизимининг амалдаги ҳолати уни замон талаблари асосида модернизация қилиш, ёшларни юксак билим-маърифат эгалари, жисмоний ва маънавий соғлом инсонлар этиб тарбиялаш, таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимлари нуфузини ошириш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда ҳамда мамлакатимиз таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини такомиллаштириш, жамиятимизда ўқитувчи ва педагог ходимлар, илмий ва ижодкор зиёлиларга бўлган ҳурмат-эътиборни янада ошириш, таълим олувчиларнинг касбий маҳоратини ривожлантириш, таълим тизимида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш имкони бермоқда. Бу борада таълим хизматларини кўрсатиш бўйича хусусий секторнинг салмоғини кенгайтириш, ҳудудларда нодавлат таълим ташкилотларини ташкил этиш орқали рақобат муҳитини шакллантириш, таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш орқали таълим жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган холда таълимни бошқаришни автоматлаштириш ва ҳар томонлама таҳлил қилиб бориш тизимини яратиш, электрон ресурслар ва масофавий таълим технологияларини янада ривожлантириш, таълим олувчилар ўртасида IT-соҳасидаги касбларни оммалаштириш, шунингдек илм-фанни иқтисодиётнинг асосий драйверига айлантириш, илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, иқтидорли ёш олимларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, мавжуд илмий ташкилотлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юртимизда Учинчи Ренессанс ғояси ҳам давлатнинг, ҳам ёшларнинг, ҳам ота-оналар ва устозларнинг орзу истакларини бирлаштириб, бугун ва келажакни бирлаштирувчи ҳаётбахш ғоя бўлгани учун ҳам Президентимиз Учинчи Ренессанс масаласини миллий ғоя сифатида кўтардилар.
Азиз ҲАКИМОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Бухоро шаҳар бўлинмаси раҳбари,
«Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси









