Бунда асосий эътибор икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди.
2024 йил январь-август ойларида товар айирбошлаш ўтган йилга нисбатан 20 фоизга ошди. Қўшма инвестициялар портфели турли соҳаларда Elsewedy Electric, Orascom Investment, Orascom Construction, Gulf Data Hub, Nile Sugar, Solyphar ва Elaraby Group каби компаниялар иштирокида амалга оширилган умумий қиймати 1,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 18 та лойиҳани ўз ичига олади.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун барча мавжуд ресурслар ва имкониятлардан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш йўлларини таҳлил қилиш ва аниқ таклифлар ишлаб чиқиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш чора-тадбирлари келишиб олинди.
Молия ва банк институтлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, Мисрлик компанияларни янги хусусийлаштириш дастури ва инфратузилмавий ривожланиш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида давлат-хусусий шериклик доирасидаги йирик лойиҳаларда иштирок этишга фаол жалб этиш каби устувор вазифалар кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликни ривожлантиришга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар ва Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини жорий йил охиригача Самарқанд шаҳрида ўтказишга келишиб олдилар, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.