Марса ал-Алам қирғоқлари яқинида Қизил денгизда бортида 45 киши бўлган туристлар яхтаси ҳалокатга учради. Бу ҳақда Al-Youm as-Sabia ахборот портали хабар берди.
Унга кўра, яхта бортида 14 нафар экипаж аъзоси ва 31 нафар сайёҳ бўлган. Қутқарувчилар уларнинг бир қисмини топиб, қирғоққа олиб чиқишга муваффақ бўлди, бироқ қутқарилганларнинг аниқ сони ҳозирча эълон қилинмади. Воқеа содир бўлган Мисрнинг Қизил денгиздаги вилояти маъмурияти вазиятни диққат билан кузатиб, қутқарув операциясига раҳбарлик қилмоқда. Туристларнинг фуқаролиги ҳақида маълумот берилмади.
Яхта 24 ноябрь куни йўлга чиққан ва 29 ноябрь куни Хургадага етиб бориши керак эди. Яхта душанба куни маҳаллий вақт билан соат 05:30 да авария сигналини юборди. Ҳалокат сабаблари ўрганилмоқда, деб хабар беради tass.ru.