Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси Ҳулкар Ҳамроева, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти, шарқшунос олим Муртазо Сайдумаров, «Inside Kashkadarya» журнали бош муҳаррири Асрор Аллаёров, шунингдек, Миср матбуот уйи вакиллари, фаол ватандошлар иштирок этди.
Бадиий кеча давомида сўнгги йилларда ўзбек тили ва адабиётининг ривожига қаратилаётган юксак эътибор, мамлакатимизда адабиётимиз дурдоналарининг қайта чоп этилиб кенг жамоатчиликка тақдим этилаётгани қайд этилди.
Таржимонлик соҳасидаги ривожланиш натижасида хорижий, хусусан, араб шоир ва ёзувчилари асарлари ҳам ўзбек тилига ўгирилиб, ўқувчилар жаҳон адабиёти намуналаридан баҳраманд бўлаётгани алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Муртазо Сайдумаров араб ва ўзбек адабиётидаги умумийликлар ва модернизм жараёнлари, асарлар таржимасидаги ўзига хос жиҳатлар, ўзаро бадиий ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида маъруза қилди.
Тадбир давомида шоир ва ёзувчилар шеър ва ғазаллардан парчалар ўқиб, йиғилганларни мамнун этдилар.
Учрашув доирасида ўзбек халқининг атоқли ижодкорлари Ўзбекистон халқ ёзувчиси Анвар Обиджон, таниқли шоирлар Минҳожиддин Мирзо, Ҳулкар Ҳамроева, Ҳалима Жуманиёзова, Шаҳодат Исохонова, Чори Аваз, Раъно Сайфуллаева, Аъзам Ўктам ижодига мансуб шеърларнинг инглиз ва араб тилларига таржималари жамланган китоблар тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари Искандария ва Шарм ам-Шайх шаҳарлари ҳамда Иорданияга ижодий сафар қилади.








