Москва шаҳрида МДҲ ҳукуматлар раҳбарлари учрашди

    Халқаро ҳамкорлик 18 декабр 2023 339

    Москва шаҳрида 18 декабрь куни Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.

    Қирғизистон Бош вазири Ақилбек Жапаров раислигида ўтган йиғилишда Беларусь Бош вазири Роман Головченко, Озарбайжон Бош вазири Али Идоят ўғли, Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов, Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин, Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода, Арманистон Бош вазири ўринбосари Мгер Григорян, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Хожамират Гелдимирадов ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Бош котиби Сергей Лебедев иштирок этди.

    Дастлаб, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг делегациялар раҳбарларига йўллаган видеомурожаати намойиш этилди.

    Ҳукуматлар делегациялари раҳбарлари йиғилиш мавзусидан келиб чиқиб, ҳамкорликнинг маданий-гуманитар йўналишига алоҳида эътибор қаратишди.

    Қайд этилганидек, Ҳамдўстлик учун ўтаётган йил маданият, санъат, адабиёт, кино, фан, таълим ва спорт соҳаларида воқеаларга бой бўлди.

    Жумладан, миллий рақс санъатининг юксак намунаси бўлган “Лазги — Муҳаббат ва Қалб рақси” балет спектакли Россия Катта театрида намойиш этилди.

    Санкт-Петербургда “Ўзбек киноси кунлари” бўлиб ўтди. Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамблининг Нижний Новгород, Екатеринбург, Уфа, Қозон ва Санкт-Петербург шаҳарларида гастроль сафарлари ташкил этилди.

    Бундан ташқари, Озарбайжон ва Беларусда Ўзбекистон маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди. Мамлакатимизда Қозоғистон ва Туркманистон маданият кунлари ташкил этилди.

    Мунтазам равишда театрлар ва ижодий гуруҳлар томонидан Қирғизистон ва Тожикистон давлатларига гастроль сафарлари, қўшма концертлар уюштирилмоқда.

    Умуман олганда, Ўзбекистонда “Пушкин ўқишлари”, Абай кунлари, Махтумқули, Садриддин Айний, Чингиз Айтматов, Расул Хамзатов ва бошқа кўплаб буюк ёзувчи ва шоирлар хотирасига бағишланган байрам тадбирлари анъанага айланган.

    Буларнинг барчаси халқларимиз ўртасидаги дўстлик, ўзаро англашув ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

    Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов сўзлаган нутқида Давлатимиз раҳбарининг Самарқанд шаҳрини “Ҳамдўстлик мамлакатларининг маданий пойтахти”, шунингдек, Тошкент шаҳрини “Ҳамдўстликнинг ёшлар пойтахти” деб эълон қилиш бўйича билдирган ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлагани учун делегациялар раҳбарларига миннатдорлик билдирди.

    МДҲ давлатлари вакилларини шу муносабат билан ўтказиладиган тадбирларда фаол иштирок этишига чақирди.

    Таълим ва фан, талабалар ҳамда академик алмашинувлар, замонавий таълим технологияларини жорий этиш бўйича ўзаро ҳамкорликни давом эттириш муҳим экани билдирилди.

    Йиғилиш сўнггида маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари тўғрисида қўшма баён имзоланди.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates