Мозий остонасидаги сирли даргоҳ

    Жорий йилнинг 26 апрель куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам музейлар фаолиятини самарали ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат ИСМОИЛОВА билан айни йиғилишда ўртага ташланган саволлар ва муҳим вазифалар тўғрисида суҳбатлашдик.

    Ҳар гал музейларга борган чоғимизда маълум бир воқеликка калит бўлгувчи қайсидир экспонат олдида тўхтаб хаёлга толар эканмиз, мозий остонасидаги сирли йўлакда турганимизни ҳис қиламиз. Ўтмиш билан юзма-юз келиш, унинг сарҳадларида саёҳат қилиш эса севимли ёзувчимиз Абдулла Қодирий таъкидлаганидек, ҳамиша хайрлидир. Қолаверса, айнан ўзлигимизни бизга намоён этгувчи маданий бойликларимизни ўрганиш, асраб-авайлаш фақатгина музейшуносларнинг иши эмас, ўз халқининг ўтмиши, бугуни ва эртасига ҳушёр назар ташлагувчи ҳар бир инсоннинг бурчидир. Зеро, вақт ўтгани сайин глобал давр шиддатли тўфонлари билан бизни янада ҳушёрроқ, янада зийракроқ бўлишга ундамоқда.

    Жорий йилнинг 26 апрель куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам музейлар фаолиятини самарали ташкил этиш масаласи бежиз муҳокама қилинмади. Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат ИСМОИЛОВА билан айни йиғилишда ўртага ташланган саволлар ва муҳим вазифалар тўғрисида суҳбатлашдик.

    – Жаннат опа, музейга кириб келаётиб, тарихимиздан сўзлагувчи энг муҳим осори-атиқаларни рўйхатга олаётган Париждаги Лувр музейи мутахасисларга дуч келдик...

    Жорий йилнинг куз фаслида Лувр музейида “Марказий Осиё улуғворлиги. Ўзбекистон карвон йўлларида” номли кўргазма бўлиб ўтади. Пандемия туфайли ўтказилиш муддати чўзилиб кетган ушбу кўргазмага 2018 йилдан бери тайёргарлик кўряпмиз. Унда Ўзбекистоннинг энг нуфузли музейлари тарихимизга оид энг муҳим экспонатлари билан иштирок этишади. Мазкур кўргазманинг ўтказилиши музейларимиз фаолиятидаги туб бурилиш нуқтаси бўлади, десам муболаға қилмаган бўламан. Чунки, бундай нуфузли кўргазмада илк бора иштирок этамиз. Биз тайёрлаётган бетакрор экспозициялар Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини тарихий далиллар билан исботлаб беришга қодир эканлиги билан аҳамиятли. Луврдаги ушбу кўргазмани дунёдаги жуда кўп санъатсевар инсонлар кузатиб боришади. Ҳозирги кунда франциялик мутахассислар юртимизга келиб айни кўргазманинг каталогини тайёрлашяпти.

    – Давлатимиз раҳбари ўтказган видеоселектор йиғилишида туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган музейлар фаолиятини самарали ташкил этиш масаласи муҳокама қилинган эди. Унда республика бўйича 14 та музейда 3 мингдан зиёд нодир ва ноёб маданий бойликлар талон-торож қилингани қайд этилди...

    Мазкур видеоселекторда Президентимиз туризмни ривожлантиришнинг босқичма-босқич амалга оширилаётган йўналишлари ва музейлар фаолияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Музейлар туризмнинг ажралмас бир қисми ҳисобланади. Бугунги дунёда туризм ривожи томон катта қадам ташланаётган экан, бу қадамнинг асоси музейлар билан ҳам боғлиқ. Чунки сайёҳлар қай бир юрт сари шайланмасин, аввало ўша юрт тарихи, маданияти ва санъати билан қизиқади. Музейлар эса сайёҳларга бу борада йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилади. Йиғилишда давлатимиз раҳбари бежиз талон-тарож этилган маданий бойликларимиз ҳақида сўз очмади. Афсусуки, тарихимизда шундай ҳолатлар бўлган. Масалан, XX асрнинг 30-50-йилларида музейларда иш фаолияти яхши йўлга қўйилмаган. Аҳолидан йиғиб олинган экспонатлар ўз вақтида рўйхатга олинмаган. Шу туфайли бирин-кетин турли муаммолар ва камчиликлар келиб чиқаверган. Ҳозирги кунда эса музейларимиздаги осори-атиқаларнинг ҳатто электрон рўйхатини шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу тизим экспонатларнинг ҳуда-беҳуда ташқарига чиқиб кетишининг олдини олади.

    Биласизми, советлар даврида юртимиздаги кўплаб ноёб маданий бойликлар кўргазмалар баҳона четга олиб чиқиб кетилган ва қайтиб келмаган. Чунки уларнинг тақдирига масъулиятсизлик билан қарашган. Шукрким, айни пайтда ўз халқимизнинг маданий меросига ўзимиз эгалик қиляпмиз. Музейшунослар ўтмиш билан келажакни бир-бирига улаб турувчи кўприкдир. Келажак авлодга ноёб маданий бойликларимизни узатувчи қўлмиз. Мана шу қўл тўғри бўлиши, ҳар бир ходим виждонли ва масъулиятли бўлиши ўта муҳим. Бизга аждодларимиз меросимизни қандай топширган бўлсалар биз ҳам келажак авлодга шундай етказмоғимиз керак.

    Кўпчилик одамлар музей ҳақида гап кетганида асосан экскурсоводларни кўз олдига келтиради. Музейда улардан ташқари яна қанчадан-қанча фидойи инсонлар меҳнат қилишларини билишмайди. Бу илм-маърифат ўчоғидаги сирли жараёнда тарихнинг муҳим воқеликлари юзага чиқади, не-не асрлардан бери пинҳон бўлиб келаётиган ҳақиқатлар ошкор бўлади. Мана шу сизнинг кўз олдингиздаги чиройли экспозициялар бунёд бўлиши учун ҳам не-не одамлар изланмади, ўз умрини, ҳаётини фидо қилмади дейсиз...

    – Ҳозирда музейларимиздаги 105 минг дона экспонат реставрацияга муҳтожлиги қайд этилган. Йил якунига қадар музей биноларини таъмирлаш ҳамда ашёларни реставрация қилиш учун музейларда 15 та реставрация лабораториясини ташкил қилиниши кўзланаётган экан...

    – Реставрация масаласи музейшуносларнинг доимий оғриқли нуқталари, десам адашмаган бўламан. Айниқса, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида реставрация масалалари жуда оқсади. Шу боис эндиликда бу масалаларни қайтадан ривожлантириш, малакали реставраторларни тайёрлаш борасида ҳавас қиларли даражада эмасмиз. Давлатимиз раҳбари йиғилишда ана шу муҳим масалага эътибор қаратгани айни муддао бўлди. Бироқ реставрация лабораторияси очилгани, бўлди энди иш кетаверади дегани эмас. Ушбу лабораторияни юритадиган етук мутахассислар – кулолчилик, заргарлик, темирчилик, санъат асарлари бўйича алоҳида реставраторлар керак. Бундай мутахассисларни тайёрлашнинг ўзи жуда кўп вақт, меҳнатни талаб қилади. Ўқиш, билим олиш, тажриба орттириш зарур. Қолаверса, реставрация соҳасини битирган талаба ҳам бирданига иш бошлай олмайди. Унга малакали устоз, амалиёт сабоқлари керак. Шу боис айни жараёндаги муаммоларни тез фурсатларда ҳал қилиб бўлмайди. Биз кўп вақтимизни бой бериб қўйдик. Бироқ ҳозирги кунда айни муаммоларни ҳал қилиш учун кўрилаётган чора ва тадбирлар биз музейшуносларни ғоятда қувонтирмоқда. Шу боис фурсатдан фойдаланиб Президентимизга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. Айни пайтда нафақат реставрация борасидаги, балки бошқа жараёндаги муаммоларимиз ҳам жиддий ўрганилиб, босқичма-босқич ҳал этила бошланди.

    Шу ўринда 2020 йилдан буён музейларда илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш учун кенг шароитлар яратиб берила бошлаганини ҳам айтиб ўтмоқчиман. Президентимизнинг 2020 йил 27 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг 16-бандида “Ўзбекистон давлат санъат музейига — санъат соҳасидаги, Ўзбекистон тарихи давлат музейига — маданият ва тарих соҳасидаги барча музейлар фаолиятини илмий-тадқиқот ва методик жиҳатдан мувофиқлаштириш, уларнинг ушбу йўналишлардаги ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, кадрларнинг илмий салоҳиятини ошириш вазифаси юклансин”, деган сўзлар бор. Мазкур фармон эълон қилинганидан сўнг Ўзбекистон тарихи давлат музейи ва Ўзбекистон давлат санъат музейида илмий кенгаш очилди. Бу музейшунослик соҳасида яратилган биринчи илмий кашфиёт, десак муболаға эмас. Ушбу кенгаш ёрдамида бир ярим йил давомида музейшунослик бўйича 3 та фалсафа доктори ва битта доктор тайёрлашга муваффақ бўлдик. Соҳа бўйича бошланган бу хайрли ишлар давом этади ва музейшунос тадқиқотчиларимиз янада кўпайиб боради, деган умиддаман.

    – Шу ўринда қутлуғ бир санани ҳам таъкидлаб ўтишимиз керак. Бу йил Ўзбекистон тарихи давлат музейи ташкил этилганига 145 йил тўлди. Мана шу ўтган шонли давр ичида намойиш этилган кўргазмалар ва экспонатлар ҳам ўзига хос бир мўъжаз тарихни ташкил қилди, десак адашмаган бўламиз. Музейдаги энг ноёб ва нодир экспонатлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз...

    Ҳозирги кунгача музейимизда 350 мингга яқин экспонат жамланган. Бу экспонатлар музейшуносларимизнинг 145 йиллик меҳнати, изланишлари, машаққатлари ҳисобланади. Шунчалик катта ҳажмдаги экспонатларни коллекция қилишнинг ўзи бўлмайди. Экспонатларимизнинг ҳар бири биз учун ниҳоятда қадрли. Уларнинг 99 фоизи асл нусха эканлиги билан қимматлидир. Шуларнинг орасида дунёда ягона, аналоги йўқ, ўз даври учун ниҳоятда катта тарихий аҳамиятга эга бўлган экспонатларимиз бор. Ана шундай ноёб экспонатлардан бири икки бошли илон ҳайкалчасадир. У моҳирлик билан ишланган бўлиб, тумор ҳайкалча топилган вақтда ўзидан нур таратиб турган, дейилади. Бу ноёб экспонат тарихига тўхталадиган бўлсак, у 1983 йилда Фарғонада деҳқонлар ер ишлари билан шуғулланаётган вақтда топилган. Шундан сўнг тумор ҳайкалча Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилган. Икки бошли илоннинг битта боши узунроқ, иккинчиси калтароқ тасвирланган. Узуни яхшиликни, калтаси эса ёвузликни англатган. Яъни эзгулик ва ёвузлик курашаётганини кўришимиз мумкин. Ҳайкалча нафис хризолит тошидан ясалган, тешикчаларининг ўрнида тоғдан олинадиган хрусталлар бўлган экан. Милодий 3-асрга оид ушбу ҳайкалча Бельгия, Нью-Йорк ва Японияда бўлиб ўтган халқаро кўргазмаларда иштирок этган. Суғдийлар бу каби илон ҳайкалчаларини бойлик келтирувчи, деб билишган ҳамда уйни қўриқлайди, деган маънода уйда сақлашган. Ўзбекистон тарихи давлат музейидаги ушбу экспонат аждодларимизнинг ҳайкалтарошлик маҳоратидан дарак бериб туради.

    Сурхондарё вилоятидаги Фаёзтепа ёдгорлиги милодий I-III асрларга оид иншоот ҳисобланади. Археолог Тўхташ Аннаевнинг айтишича, буддизмнинг Ҳиндистондан Марказий Осиёга кириб келиши, Ғарб, Хитой ва Узоқ Шарққа ёйилгани ҳақида Термиз, Сурхон воҳаси ёдгорликлари дарак беради. Хусусан, Фаёзтепа ёдгорлигидан чиққан кўплаб ашёлар, археологик топилмалар жуда катта шов-шувларга сабаб бўлган ва 1989 йилда Японияда ҳам намойиш этилган. Шу тариқа Фаёзтепа нафақат ватанимиз, балки бутун Марказий Осиёнинг энг қадимги халқлари ҳақида маълумот берувчи ёдгорлик сифатида жаҳон илм-фанида танилган. Музейда “Триада” деб номланувчи ҳайкал мавжуд. Сариқ-оқ рангли қуюқ оҳактош бўлагидан ясалган бу ҳайкалларга тилла суви югуртирилган бўлган. Уни қазиб олиш давомида тиллалар тепага қум бўлиб кўтарилган, дейишади. Мутахассисларнинг фикрича, бундай ҳайкалларнинг бутун ҳолида топилиши археология илмида камдан-кам учрайди. Ҳайкалнинг юз томони ерга ётиб қолгани боис у бутун ҳолда сақланган. Тарихнинг қимматбаҳо ёдгорлигини топиш ҳамма археологларга ҳам насиб этавермайди. Археолог Лазар Албаум эса омадли археологлардан бўлди. У энг ноёб ва шов-шувларга сабаб бўлган археологик топилмаларга дуч келган ва ўрганган. Триада ҳайкалининг топилиши Албаумга омад келтирган.

    Ушбу маданий бойлигимиз учун хорижлик сайёҳлар 150 кг олтин бермоқчи бўлишгани ростми?..

    Япониялик олимлар бу маданий бойлигимизга жуда қизиқиб қолишгани ҳақида эшитганман. Биз ёш эдик. Сайёҳлар экспонатнинг оғирлигича, яъни 150 кг олтин берамиз деб айтишган экан. Лекин экспонат сотилмаган. Ҳозир ҳам Япониядан, Кореядан келган сайёҳлар ушбу экспонатимизни алоҳида эҳтиром билан зиёрат қилишади.

    – Пандемия даврида дунёдаги кўплаб музейлар виртуал саёҳат тизимини йўлга қўйишди. Ҳозирги пайтда бизнинг музейларимизда ҳам бу жараён бошланган. Шундай эмасми...

    Ҳаётимизда содир бўладиган баъзи бир салбий ҳодисалар ва воқеликларнинг иккинчи томони ҳам бўлади. Пандемия даврида нафақат музейлар, балки барча музейлар онлайн тизимида ишлашга ўрганди. Музейларимизда онлайн кўргазмалар ташкил этила бошланди. Жуда кўп вақт керак бўладиган жараёнлар қисқарди. Онлайн конференциялар, семинарлар ташкил қилинди. Ҳатто тренинглар ҳам бўлиб ўтди. Айниқса, реставрация йўналиши бўйича ўтказилган тренинг мутахассисларда ҳам, юртдошларимизда ҳам ўзгача қизиқиш уйғотди. Аксарият музейларимизда виртуал саёҳат қилиш имкони яратилди.

    – Ўша оғир ва машаққатли даврда юртимизда янги музейлар ташкил этилди...

    Тўғри айтасиз, 2020 йил жуда оғир йил бўлишига қарамасдан Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан янги музейлар ташкил этилди. Улардан бири Тошкентнинг Олмазор туманида барпо этилган “Ғалаба боғи” марказида очилган “Шон-шараф” музейидир. Шу вақтга қадар Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан 1 миллион 500 мингга яқин киши иштирок этган, деб ҳисобланар эди. Янги топилган маълумотларга кўра, 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилгани аниқланди. Шунингдек, 200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговар давлат мукофотлари билан тақдирлангани ҳужжатлар орқали ўз тасдиғини топди. Минглаб уруш қатнашчилари Ўзбекистонда ташкил этилган ҳарбий госпиталларда даволанган. Янги аниқланган маълумотларга кўра, уруш ўчоғига айланган ўлкалардан юртимизга 1 миллион 500 минг киши, жумладан, 250 мингдан зиёд бола эвакуация қилинган. Халқимиз уларга ўз уйидан жой бериб, сўнгги бурда нонини ҳам баҳам кўрган. “Шон-шараф” музейида ана шундай шонли тарих ўз ифодасини топган. Тарихий факт ва воқеалар замонавий технологиялар, интерактив усуллар ёрдамида акс эттирилган. Музейдан 20 мингга яқин экспонатлар жой олган. Уларнинг барчаси архив ҳужжатлар ва уруш қатнашчиларининг яқинларидан йиғилган. “Шон-шараф” музейини сўнгги йилларда Ўзбекистонда асос солинган замонавий ва инновацион музейлардан бири дейиш мумкин.

    2020 йил 20 майда эса пойтахтимиз Тошкент шаҳри тарихига оид музей очилди. Чиндан ҳам бу пайтгача пойтахт тарихини ўрганувчи музейимиз йўқ эди. Музейда ҳозиргача мингга яқин экспонат тўпланган. Уларда шаҳримизнинг 2200 йиллик тарихи акс этган. Музейнинг биринчи қавати “Тошкент – фан маркази”, Тошкент – бағрикенглик шаҳри”, “Амалий санъат. Кундалик ҳаёт ва маданият” бўлимларига бўлинган. Иккинчи қаватда эса қадимий хўжалик буюмлари, шунингдек, машҳур меъморий обидалар макетлари намойиш этилган. Экспонатларга ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги матнлар билан шарҳ берилади.

    Ҳозирги кунда ушбу музейда Тошкент тарихини ўрганиш бўйича илмий ишлар олиб бормоқда. Ундан кейин ҳам мана ҳар йили янги музейлар очилмоқда. Ҳозирги кунда юртимизда 130 га яқин музей фаолият юритади. Тарихимиз, маданиятимиз, аждодларимиздан қолган бой моддий-маданий меросимиз асосида яна минглаб музейлар очишга ҳақли авлодмиз.

    Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон музейларида фаолият кўрсатаётган барча музейшуносларимизни халқаро музейлар куни билан чин дилдан табриклайман. Уларнинг машаққатли ва шарафли ишларида муваффақиятлар тилай ман. Биз музейшунослар ҳамиша мана шу азиз юртимиз тарихи, маданияти, санъати дунё эътирофида бўлишини жудаям хоҳлаймиз. Она Ўзбекистонимизнинг дунё цивилизацяси тараққиётига ҳисса қўшган давлат сифатидаги ўрнини музей экспозициялари орқали муносиб кўрсатиб беришга астойдил ҳаракат қиламиз.

    – Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Яна бир бор бугунги қутлуғ байрам муборак бўлсин.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates