Мудом ёнгай уйда чироғинг

    Қуйи Чотқол ГЭС ишга туширилгач, 122 мингдан ортиқ хонадонни электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади

    Бу йил тоғларга қор эрта тушди. Унинг чўққиларга ёйган чойшаби қуёш нурларида кумушдай ятирайди. Офтоб ёғдуси Чотқол дарёси кесиб тушган дарага ҳам таралаётганига қарамай, эсаётган совуқ шамол этни жунжиктиради, кўзни очиртирмайди.

    — Бу ерда шамол гидростанциясини ҳам қуриш керак экан, — дейман ҳамроҳларимизга шамолнинг катта кучига ишора қилиб.

    —Бу жиҳат ҳам ҳар томонлама ўрганилган, — дейди “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов. — Ҳозирги теҳнологиялар учун бу ерда эсадиган шамол тезлиги кучлилик қилади. Генераторлар кўтара олмайди. Насиб этса, олим-муҳандисларимиз уларни такомиллаштирса, кучли шамолларда ҳам ишлайдиган станциялар яратилса, албатта, улардан ҳам фойдаланамиз.

    Президентимиз топшириғига кўра, эндиликда биз гибрид станциялар қуришимиз керак. Қуйи Чотқол ГЭСи ҳам шундай барпо этилади, Тоғ ён бағирларига қуёш панелларини ўрнатамиз, Сувдан ҳам, қуёшдан ҳам электр энергияси ҳосил қилинади.

    Чотқол дарёси денгиз сатҳидан 4000 метргача баландликда жойлашган музликлардан бошланади. 217 километр йўл босиб Чорвоқ сув омборига келиб қуйилади. Унинг Бўстонлиқ туманидаги тоғ этакларига туташ қисми Қуйи Чотқол деб аталади. Мана шу кенгликда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 январдаги “Чотқол дарёсида Қуйи Чотқол ГЭС қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан,“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан қурилиш ишлари олиб бориляпти.

    Ҳар қандай катта қурилиш лойиҳадан, муайян майдонни танлашдан бошланади. ГЭСнинг лойиҳаси Марказий Осиёда энг нуфузли ташкилотлардан ҳисобланган “Гидропроект” АЖ томонидан ишлаб чиқилган. Бу борадаги ишлар Туркиянинг “Dolsar Engineering“ ва Эроннинг “U suv alan ” Ltd лойиҳа ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

    ГЭС қурилиши учун бу ер танланганида, даранинг икки томони тик тошли тоғлардан иборат бўлгани учун техника тугул, одамнинг юриши қийин бўлган. Қурувчилар бу ерда автотранспорт йўлларини қуриш, кўприклар солиш учун туну кун, ҳар қандай об-ҳаво шаритида ишлашларига тўғри келди. Хусусан, дарё устидан ўтган узунлиги 63, эни ўн метр бўлган янги кўприк 100 тонна юкни кўтара олади. У замонавий стандартлар асосида мустаҳкам барпо этилган. Ундан елкасига ўнлаб тонна юк ортган қудратли техникалар бемалол ўтиб,қайтмоқда. ГЭС ёнида кўчма бетон заводи ҳам барпо этилди. Бу ерда соатига 60, кунига 400—600 куб метр тайёр бетон қоришмалари қурилиш ишларига етказиб берилмоқда. Шу туфайли қурувчилар ГЭСнинг асосий 438 метрлик сув туннелини белгиланган режага мувофиқ, битказилиб, бетонлаш ишлари ҳам сифатли бажаришди.

    Эндиликда ана шу туннелдан дарё суви оқмоқда. Бу, ўз навбатида, Қуйи Чотқол ўзанини тўсиш ва тўғон қурилиши учун сувнинг йўналишини вақтинча бошқа томондан йўналтириб туришга зарурий шароит яратди.

    Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда мазкур ГЭСнинг иқтисодиётимизда тутган ўрни ва афзалликлари ҳақида сўз борди.

    Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаевнинг қайд этишича, янги гидроиншоот 60 ой давомида, яъни 2025 йилгача қурилиб, фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Ҳисоб-китобларга қараганда, ГЭС ишга туширилгач, унинг мамлакат ички ялпи маҳсулотдаги улуши ўртача 25 477,8 минг еврони ташкил қилади ва 122 мингдан ортиқ хонадонни электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади. Қурилиш жараёнида уч мингдан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилса, иншоот ишга тушгач, 50 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

    — Барпо этилаётган ушбу ГЭС лойиҳасида ҳар бирининг қуввати 22,5 МВт бўлган 4 та гидроагрегатни ўрнатиш мўлжалланган, — дейди “Гидропроект” бош директори Роман Оришкук. — Уларнинг ўрнатилган қуввати 90 МВт бўлиб, йиллик ўртача электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 292,24 миллион киловатт-соатга тенг. Унинг асосий асбоб-ускуналари норматив муддатларга кўра, 40 йилгача хизмат қилиши мумкин, амалда эса улар 80 йилгача ҳам ишлайди. Яна бир жиҳати, у темир бетондан қурилади. Иншоот гидрологик режимга таъсир қилмайди ва гидробиологик объектларга зарар етмайди, атроф-муҳит ва табиат ўзгаришига таъсир кўрсатмайди.

    Қурилиши бошланаётган Қуйи-Чотқол сув омборининг лойиҳа бўйича умумий сув тўплаш ҳажми 6,8 миллион куб метрни ташкил этади. Лекин бу жараёнда яйлов ёки қишлоқлар сув тагида қолмайди, Даранинг беш километрдан ортиқ қисми сув омбори вазифасини ўтайди.

    Ҳисоб-китобларга қараганда, янги ГЭС ишга туширилгач, унинг мамлакат ички ялпи маҳсулотдаги улуши ўртача 25 477,8 минг еврони ташкил қилади ва 122 мингдан ортиқ уй хўжалигини электр энергия билан таъминлашга хизмат қилади. 50 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

    — Агар қураётган ушбу ГЭСимизни иссиқлик электростанцияларига нисбатан қиёслайдиган бўлсак, кун давомида электр энергияга талаб кескин ошган даврда ҳам уни етказиб бера олади, — дейди Абдуғани Сангинов. — Ҳар йили 91 283,4 минг куб метр табиий газни иқтисод қилади, Экологик жиҳатдан тоза электр энергиясини ишлаб чиқариши боис атмосферага зарарли чиқиндилар чиқиши қисқаради. Электр энергия таннархи нисбатан паст, яъни иссиқлик электростанциялари томонидан узатиладиган электр энергия нархидан 8-10 баробар арзон бўлади. ГЭС ва унинг асбоб-ускуналарини эксплуатация қилишнинг техник муддати узоқ, иссиқлик электростанциялардан икки баробар кўпроқ вақтга хизмат қилади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates