Муҳандислик таълимида илғор тажриба: саноатни рақамли ўзгартириш дастури

    Жаҳон кимё саноати ҳозир жуда жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Булар: кимёвий маҳсулотларни қўллаш соҳасининг мисли кўрилмаган кенгайиши ва экологик хавфсизлик талабларининг ошиши, электроника ва “яшил” энергетика ривожланиши билан боғлиқ масалалар, аммо биринчи навбатда, бу саноат 4.0 га ўтиш ва рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллектни, роботлаштиришни кенг жорий этишдир.

    Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги инсон капиталига асосланади. Шунинг учун ҳам кадрлар билан таъминлаш масаласи ёнилғи-энергетика комплексини ривожлантириш стратегиясида муҳим ўрин тутади. Вақт кўрсатганидек, янги компетенциялар пайдо бўлмоқда. Улар асосий фанлар, жумладан, кимё фанини ўрганишга асосланган бўлиши керак. Шу маънода, Тошкент кимё технология институти кафедра ва лабораторияларида жараён муваффақиятли бажарилмоқда.

    Бугунги ОТМ ўқитувчиси кунига 24 соат онлайн янги авлод талабаларига мос усул ва услубларни танлаши лозим. Уларга ҳам фаол ўрганиш, ҳам мулоҳаза юритиш учун вақт керак. Муҳандислик педагогикасининг ютуқларига асосланиб, ўқитувчиларга тўрт асосий таълим назариясидан фойдаланиш тавсия этилади: амалий машғулот, энг муҳим билимни узатиш, юмшоқ компетенция, масъулият.

    Тошкент кимё технология институтидаги муҳандислик таълими моделининг муҳим хусусияти кўп тармоқлилик, турли вазифа ва мультитехнологияларга асосланганидадир. Институтда талабалар учун ўзгарувчан технологик парадигмаларга мослашувчан ва фаол муносабатда бўлиш имконини берувчи индивидуал таълим траекториялари тизими жорий этилмоқда, “Олий муҳандислик мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

    Нефть ва газ муҳандислиги, минерал ўғитлар, полимер маҳсулотлари, қурилиш материаллари, қимматбаҳо ва нодир ер металларини қазиб олишнинг кимёвий ва физик жараёнлари бўйича бакалаврлар тайёрланмоқда. Шунингдек, иқтисодиётнинг озиқ-овқат кимёси ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш каби реал сектори учун кадрлар етказиб бериш йўлга қўйилган.

    Саноатни рақамли ўзгартириш дастури доирасида ахборот тизимлари ва технологиялари мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрлаш устида ишланмоқда. Жараёнда илғор хорижий тажриба, хусусан, Болония декларациясини имзолаган Европа давлатлари, Қозоғистон ҳамда АҚШ университетларининг таклифи инобатга олинмоқда.

    Жаҳон кимё саноати ҳозир жуда жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Булар: кимёвий маҳсулотларни қўллаш соҳасининг мисли кўрилмаган кенгайиши ва экологик хавфсизлик талабларининг ошиши, электроника ва “яшил” энергетика ривожланиши билан боғлиқ масалалар, аммо биринчи навбатда, бу саноат 4.0 га ўтиш ва рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллектни, роботлаштиришни кенг жорий этишдир.

    Бу энди муҳандислардан табиий, техника ва математика фанлари бўйича юқори даражадаги тайёргарлик талаб этилишини англатади. Роботлаштириш жараёни ва сунъий интеллектни жорий этиш кўлами кенгайишига қарамай, малакали муҳандис кадрларга эҳтиёж долзарблигича қолмоқда. Муайян ечимлардан бири сифатида “электрон институт” моделини жорий этиш, хусусан, оммавий онлайн курслар очиш зарурати мавжуд.

    Қашқадарё вилоятида корхона — касб-ҳунар мактаби — ОТМ ҳамкорлигида кадрларни узлуксиз тайёрлаш тизимини яратиш борасида Uzbekistan GTL компаниясининг қизиқарли тажрибаси мавжуд. Компания ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга бориб, биргина Uzbekistan GTL ҳар йили юзлаб ёш мутахассисларга эҳтиёж сезади. Шу боис, битирувчининг профили халқаро инжиниринг компаниялари профилига мос келиши керак.

    Бу эса соҳада ишлаётганлар сони янада кўпайиши ҳамда кўпроқ ёшларни муҳандислар тайёрлаш тизими билан қамраб олиш кераклигини англатади. Ўзбекистоннинг илмий-техникавий тараққиётида кадрлар салоҳияти масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Гап, биринчи навбатда, янги кадрлар тайёрлайдиган ўқитувчиларни қаердан топиш ҳақида кетади.

    Айни пайтда маҳаллий олий ўқув юртлари талабалари ва ўқитувчиларининг белгиланган мақсадлар доирасида янги технологияларни жорий этишга тайёрлиги кўп ишни ҳал қилади. Зотан, муҳандислик таълими муҳандислик тажрибасини ривожлантиришни назарда тутади. У кенг кўламли масалаларни қамраб олади.

    Рақамлаштириш муаммолари, рақамли иқтисодиётнинг асосий технологиялари, рақамли трансформация сценарийлари, муҳандислик фаолиятининг янги устувор йўналишлари, келажак таълимининг асосий тенденциялари шулар жумласидан. Муҳандиснинг вазифаси ҳам ўзгариб бормоқда. Демак, муҳандислик таълими ҳам мазмунан, ҳам услубий жиҳатдан ўзгариши керак.

    Хорижий етакчи олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларни тайёрлашга тизимли ёндашиб, жаҳоннинг илғор тажрибасига эътибор қаратмоқда. Муҳандислик таълими бўйича илғор педагогик тажриба Ўзбекистон университетлари учун ҳам жуда муҳим.

    Олий таълим мазмуни ва технологияларидаги ўзгаришларнинг юқори динамикаси натижасида профессор-ўқитувчилар малакаси қадрсизланиши бир томондан илмий-педагогик фаолият интеграциясига, бошқа томондан, олий STEM таълим бўйича жорий стратегия ва халқаро стандартларга мувофиқ, университетда ўқитувчилар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга зарурат сезилмоқда.

    Ушбу масала ечими сифатида турли тоифадаги (профессор, доцент, ассистент) ўқитувчилар меҳнат тақсимотини ҳисобга олган ҳолда илмий-педагогик фаолиятнинг турли йўналишлари бўйича профессор-ўқитувчилар таркибини тайёрлашга комплекс ёндашув таклиф қиламиз.

    Уларнинг юқори иш унумдорлигига эришиши учун шахсий компьютер дастурини тенглаштириш, профессор, доцент ва ассистентлар фаолиятининг устувор йўналишларини ҳисобга олиш керак. Бу, биринчи навбатда, илмий-педагогик фаолият таркибий қисмларини ҳамда педагог ходимларнинг тегишли компетенцияларини аниқлашни талаб этади.

    ОТМ ўқув ва илмий фаолиятини рақамлаштириш ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёни бўйича қилинадиган ишлар кўп. Аввало, “Таянч докторантура ўзининг асосий вазифасини бажара оладими?” деган саволга жавоб бериш керак. Зотан, илмий соҳа таълим тизими каби сезиларли инерцияга эга. Шунинг учун бунда ҳаддан ташқари кескин бурилишлар хавфли ва салбий оқибатларга олиб келади.

    Мураккаб ижтимоий тизимларни самарали бошқариш учун ушбу тизимлар ҳолатини тавсифловчи параметрларни инобатга олмаслик мумкин эмас. Бу ўринда докторантларнинг фан ва олий таълимдаги касбий фаолиятга рағбати йўқлиги ҳақидаги фикрлар ҳақиқий ҳолатга мос келмайди. Чунки Ўзбекистонда ёш олимлар улуши Россия Федерацияси ва МДҲ мамлакатларидагидан кам эмас.

    Муаммо бошқа тарафда — ўрта ёшдаги (40+ ёш) тадқиқотчилар сафи камайиб бормоқда. Шу боис, илм-фан ва олий таълимни кадрлар билан таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг вазифаси ёшларни жалб қилишдан кўра, ўрта ёшдаги тадқиқотчиларни сақлаб қолиш механизмларини излашдан иборат бўлиши керак. Бироқ бу вазифа докторлик институтининг функционал имкониятларидан ташқарида.

    Диссертация кенгашларининг фаолияти юқори малакали кадрлар тайёрлашга кўмаклашишга қаратилган. Бугун мамлакатимизда педагогика фанлари бўйича 19 та кенгаш мавжуд. Улар, асосан, кўп тармоқли олий ўқув юртлари, жумладан, педагогика, гуманитар, ижодий, жисмоний тарбия йўналишларидаги ОТМларда жамланган. Фақат иккитасида техник олий ўқув юртларида касб-ҳунар таълими назарияси ва методикаси мутахассислиги бўйича битта кенгаш фаолият юритмоқда.

    Кенгашлар сонини кўпайтириб, диссертациялар мавзусининг хилма-хил бўлиши педагогик таълимнинг касбий мазмунини лойиҳалаш, касб-ҳунар таълимини фундаменталлаштириш, техника йўналишидаги университетда икки томонлама компетенцияга эга мутахассислар тайёрлаш, дастурий инжиниринг соҳасида мутахассисларни инновацион тайёрлашнинг дидактик тизими, вилоятлардаги машинасозлик корхоналари учун босқичма-босқич малака ошириш учун кўп тармоқли тизимларни ишга туширишда кўмаклашади.

    Нефть-кимё мажмуасини технологик ўзгартириш шароитида муҳандислик олий таълим муассасаси рақобатбардош битирувчиларини тайёрлашнинг яна бир варианти илғор технологияларни кенг кўламда жорий этиш, янги ишлаб чиқариш қувватини яратиш, саноатни рақамлаштириш ва тежамкор ишлаб чиқаришни жорий этишдан иборат. Бу ишчилар фаолиятининг мазмунини ўзгартиришга олиб келади.

    Жумладан, функционал мажбуриятлар кенгаяди, янги ваколатлар пайдо бўлади ва меҳнат шароити ўзгаради. Технологик ўзгаришларни амалга ошириш учун малакали кадрлар тайёрлашнинг самарали механизми узлуксиз ўқитишдир. Мактаб ўқувчиларида муҳандислик қарашини эрта шакллантиришга қаратилган тайёргарлик бўйича кўп ишлар қилиш мумкин.

    Бу жараённинг асосий субъекти саноатнинг узоқ муддатли ривожланишини белгиловчи ва уни амалга оширувчи тадбиркорлик жамиятидир. Янги таълим дастурлари, ўқув фанларини ишлаб чиқувчи, илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларининг долзарб мавзуларини аниқлайдиган ўқитувчилар, ихтисослаштирилган конференция ва грант дастурларида иштирок этувчи талабалар янги ғояларни ишлаб чиқади.

    Бўлғуси мутахассислар ўртасида мураккаб технологик муаммоларни ҳал қилиш учун комплекс муҳандислик ёндашувини ривожлантиришда ўқув жараёнига фанлараро таълим дастурлари ва модулларини жорий этиш ёрдам беради. Олий ўқув юртига танлов асосида қабул қилинган ва юқори ўтиш балига эга 1-курс талабалари хорижлик профессор-ўқитувчилар, университетнинг бизнес ҳамкорлари, экспертлар иштирокидаги семинар ва маҳорат дарсларида иштирок этади. Кимё саноати корхоналарига экскурсияларда қатнашади.

    Ишлаб чиқариш муаммоларини ҳал қилишга қаратилган халқаро конференция, танлов, ҳакатон, муҳандислик давралари ва чемпионатларида қатнашади. Мазкур мулоҳазаларни умумлаштириб, муайян хулосалар чиқариш мумкин. Аввало, анъанавий таълим тизими ижодий фикрлайдиган мутахассисларни тайёрлашда юқори салоҳиятга эга.

    Шу боис, мамлакатимизда мутахассислар тафаккурини “умумийдан хусусийга” тизимли таълим тамойили асосида шакллантириш зарурати мавжуд.

    Иккинчидан, саноат 4.0 тизими муҳандислик, ахборот ва когнитив технологиялар, лойиҳаларни бошқариш, математика, физика, кимё, механика, материалшунослик, амалий математика, физик ва кимёвий суюқликлар динамикаси, тизим таҳлили, моделлаштириш соҳаларида чуқур билимга эга мутахассислар талаб қилинади.

    Учинчидан, рақамли иқтисодиёт (4.0 индустрияси) мақсад ва вазифаларини муваффақиятли амалга ошириш учун таълимни фундаменталлаштириш, муҳандислик таълимини рақамлаштиришда юзага келган тўсиқларни бартараф этиш зарур.

    Тўртинчидан, муҳандислик фаолияти ва таълимида муҳандислик педагогикаси муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, уни ривожлантиришга алоҳида эътибор ва ёндашув талаб этилади.

    Ботир УСМОНОВ,

    техника фанлари доктори, профессор

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates