Мультииндикатор кластер кузатувлари муҳим стратегик қарорларни қабул қилишда мустаҳкам асос бўлади

    Халқаро ҳамкорлик 21 октябр 2022 1469

    2022 йил 20 октябрда пойтахтимизда Давлат статистика қўмитаси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро болалар жамғармаси (ЮНИСEФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ўтказилган «Мультииндикатор кластер кузатувлари»нинг (МКК) дастлабки натижалари юзасидан тақдимот ўтказилди.

    Мультииндикатор кластер кузатувлари ЮНИСEФ томонидан ишлаб чиқилган уй хўжаликларининг танланма кузатув халқаро дастури бўлиб, асосан болалар ва аёллар ҳолатини баҳолаш мақсадида кўп кўрсаткичли маълумотларни тўплайди.

    МКК 1995 йилдан бошлаб бутун дунё мамлакатлари ўртасида 118 та давлатда ўтказилган. Ушбу кузатувларда она ва бола саломатлиги, аёлларнинг репродуктив саломатлиги, болалар ҳуқуқлари ва уларнинг таълим олиш даражаси, болаларнинг соғлом ва жисмоний ривожланиши каби муҳим статистик кўрсаткичлар жамланади.

    Тақдимотда қутлов сўзи билан иштирок этган Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева мультииндикатор кластер кузатувлари асосида болалар, ёшлар ва аёллар тўғрисида чуқур ўрганилган маълумотларга эга бўлиш, ҳукуматга аҳолининг ушбу гуруҳлари эҳтиёжларини қондиришга қаратилган мақсадли дастурларни ишлаб чиқишда ниҳоятда муҳимлигини таъкидлаб, ушбу маълумотлар қонунчиликни такомиллаштириш ва ижтимоий сиёсат борасидаги ислоҳотларни янада самарали амалга ошириш имконини яратишига алоҳида урғу берди. Жумладан, мазкур кузатувлар натижалари миллий бюджет инвестицияларини мақсадли йўналтириш, шунингдек, болалар манфаатларига салбий таъсир қиладиган омилларнинг туб илдиз сабабларини аниқлаш ва ҳал қилиш имконини берувчи дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни оқилона баҳолашга хизмат қилади.

    Тадбир давомида таъкидланишича, МКК натижалари охирги йилларда Ўзбекистонда болалар ва аёллар билан боғлиқ ҳолатнинг барқарор ўсиш траекториясини кўрсатяпти. Хусусан, болалар ўлими камайиб боряпти, мактабгача таълим кўрсаткичлари кескин ошган, болалар саломатлиги ва таълими соҳасида хизматлар деярли барча жойда таъминланяпти. Масалан, 2-4 ёшдаги болаларнинг 96 фоизи саломатлик, ўқиш ва психо-ижтимоий фаровонлик нуқтаи назаридан нормал ривожланишга эга. Бу минтақамиздаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир.

    Тадбир иштирокчилари томонидан алоҳида айтилишича, мультииндикатор кластер кузатувлари мамлакатда муҳим стратегик ижтимоий-иқтисодий қарорларни қабул қилишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Хусусан, кузатувлар натижалари бўйича берилган таклифлар қонунчиликда, Президент ва ҳукумат даражасидаги қарорларда ўзининг амалий натижасини топади. Барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсад ва вазифаларга тегишли бўлган 20 дан ортиқ индикатор кўрсаткичлари шакллантирилади.

    Тадбир якунида мультииндикатор кластер кузатувларини олиб бориш жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, фаол фуқаролар ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди ва бу борада конструктив мулоқот ва ўзаро самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишилди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates