Бугун матонатли сирдарёликлар яна бир тарихий ғалабани қўлга киритди. Гап шундаки, вилоятда 168 минг 399 тонна пахта териб олиниб, кўзланган ҳосил ошиғи билан, яъни 100,48 фоизга бажарилди.
Умумий терилган пахтанинг 45 минг тоннаси механизаторлар ҳиссасига тўғри келди. Айниқса 7 та пахтачилик кластерининг улуши катта бўлди. Хусусан “Бек кластер”, “Поли текс Сирдарё” ва бошқа кластерлар юқори ҳосил етиштириб, пахтани ёғин-сочинли кунларга қолдирмай териб олиш чораларини кўрди.
Мирзаобод, Ховос, Боёвут, Сайхунобод ва Сирдарё туманлари пахтакорлари вилоятнинг умумий хирмони юксалишида ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшди.
Ҳали фермерлар, деҳқонлар даласида ҳосил мўл. Вилоят деҳқонлари қуёшли кунларнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, етиштирилган ҳосилини охиригача йиғиб-териб олишга бел боғлаган.
Маълумки, Сардоба сув омбори тошқинидан айрим экин майдонлари ҳам жиддий зарар кўрган эди. Бу деҳқону фермерларни янада кўпроқ меҳнат қилишга ундади.