“Namangan Flowers — 2022”: гул сайли — қувонч тараннуми

    Гўзал Наманганнинг ташриф қоғозига айланган гуллар байрами, мана, уч йилдирки, халқаро мақомда нишонланмоқда. Манаман деган мамлакатлар ўз ҳарбий қудратини кўз-кўз қилаётган бир даврда Ўзбекистоннинг гуллар пойтахти сифатида донғи кетган Наманган гуллар паради билан гўзалликни бутун жаҳонга тараннум этди.

    Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов фестивалнинг очилиш маросимидаги табрик сўзида тадбирдан кўзланган мақсад жаҳонга юртимизнинг гулчилик анъаналарини, қолаверса, Наманган вилояти шаҳар ва туманларининг туризм салоҳиятини ошириш, инвестициявий жозибадорлигини чуқур тарғиб этиш эканини таъкидлади.

    22 майдан 5 июнгача

    Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллигига бағишлаб 61-маротаба ташкил этилган анъ­анавий Халқаро гуллар фестивали кўтаринки руҳда ва юксак даражада ўтказилди. Бетакрор гул композициялари билан тўлган ўн олти гектар боғ икки ҳафта мобайнида гул шайдолари билан туну кун гавжум бўлди.

    Давлатимиз раҳбари таклиф ва ташаббуси билан байрам кўлами, мазмундорлиги ниҳоятда кенгайди, янада сайқалланди. Чаппар урган гул-чечакларни ўстирган, гулсавату гулчироқларни пардозлаган, ғояларга бой ҳамюртларимизнинг топқирлиги гул сайли қатнашчиларининг эътирофу олқишига сазовор бўлди. Ўзбекистон миллий симфоник оркестрининг “Очиқ осмон остида” деб номланган концерт дастури, Рус миллий драма театри спектакллари, “Фарғона водийси модалар ҳафталиги кунлари” гул байрамининг ­мароқли ва мазмунли ўтишини таъминлади.

    Қайга борсанг, ёғар гул

    “Мен гўзалларнинг эмас, гўзалликнинг, гўзаллик яратувчиларининг мафтуниман”, деган эди донишмандлардан бири. Гул ҳам тирик жон. Унга меҳрингизни, қалб қўрингизни берсангиз, яйраб-яшнайди. Шоирона айтганда, бунда ҳар гул меҳрга пайванд. Гулларни томоша қилиб, баҳру дилингиз очилади, кўнг­лингиздаги чарчоқлар, ғуборлар ариганини сезмай қоласиз. Санъатни касб этиб, маҳорат билан гул етиштириш, гул яратиш ишқида ёнган, тушида ҳам гул кўрувчи бу нафосат эгаларининг қалби ёруғ, қўлигул. Гуллар воситасида 200 хил бадиий композиция яратилган, жами 20 миллион тупдан ортиқ табиий гул кўчати экилган, фестивалнинг қайноқ нуқтаси — Бобур боғи ҳайрат манзилига айланган.

    Очиқ осмон остидаги музей бунёдкорларининг жонбозлиги туфайли боғ янада кўркам қиёфа касб этди. Фестивалда шаҳар ва туманлар ўз кўргазмалари билан қатнашди. Бошингизга гул ёғилади, пойингизга гул сочилади, қўлингизга гул, байрам рамзи туширилган байроқлар тутқазишади. Мусиқий дастурлар ҳая­жонни оширади. Лобар аёллар, жамалаксоч қизчалар гулдан либос кийган. Овозаси етти иқлимга таралган гуллар фестивали қатнашчилари эса, олам-олам таассурот оғушида.

    Гулдан яратилган ёзувлар, хусусан, давлатимиз ва вилоят хариталари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Эҳ-ҳе, барини санагунча ўзингиз ҳам гулга айланасиз. Руҳиятингиз ҳам гуллай бошлайди. Гуллар хиёбони хаёлингизни банд этади. Гул терапияси, гул билан даволаш, унинг руҳиятга ижобий таъсири тўғрисида эса эшитгансиз, албатта.

    Байрам кунлари маҳаллий ҳамда хорижий, моҳир ва ҳаваскор гулчилар учун алоҳида павильонлар ташкил этилди, гул ихлосманд­ларига қулайлик яратиш учун боққа ёндош расталарда гул савдоси авжига чиқди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган, нафақадаги ёлғиз кекса отахон ва онахонларнинг хонадонларига борилиб, гул совға қилиш акцияси уюштирилди.

    Гул байрами тарихи

    1961 йил 19 август. Бу Наманганда биринчи марта гул байрами ташкил этилган кун. Хиёбон ва гулзорларга 3-4 турдаги гуллар экиб, парваришлаган дастлабки гулчилар Тўқмуллабой қори, Нуриддин ҳожи ва Абдухалил ака эди. Сўнгра улар сафига Ўзбекистон Респуб­ликасида хизмат кўрсатган гулчи-агроном Абдуқаҳҳор Жалилов қўшилди. А.Жалилов шу йили гулчилик солномасида жонли гуллардан чақириқлар, гиламнусха безакли ёзувлар, кун ва ойлар номини тайёрлаб, боғда намойиш қилган шахс сифатида муҳрланган. Шунингдек, Абдуқодир Насриддинов, Эшондада Алихонов, Қозоқжон Жалилов, Нуриддин Ҳамдамов, Йўлдошбой Раҳимов каби заҳматкаш гулчи-боғбонларнинг номлари катта ҳурмат-эҳтиром билан тилга олинади.

    ХIХ асрда ушбу хиёбон ўрнида “Гулзор” номли маҳалла бўлган. У ерда аҳоли гул етиштириш, гулли ичимликлар, нектарлар, гуллардан турли ширинлик ва зираворлар, асал олиш билан шуғулланган. Баъзи гул турлари баргларидан ва илдизларидан шифобахш дамламалар тайёрланган. Наманганлик тарихчи ва жамиятшунос Юсуфжон Исмоиловнинг “Наманган фахри” китобида ёзилишича, ҳозирги Бобур боғига биринчи марта 1933 йили гул кўчатлари ўтқазилган. Манзарали дарахтлар экила бошланганига эса 135 йил тўлди.

    Бундан ташқари, 1960-1970 йилларда шаҳардаги кўплаб кўчаларнинг ўртаси ёки икки четида гулхоналар ташкил этиш бошланди. 60-йиллари ҳатто атиргул байрами ҳам уюштирилган ва кейинроқ бу гул байрами билан бирга ўтказиладиган бўлди. Шундай қилиб, бу ажойиб тадбир кўпчиликни ўзига мафтун этгани учун ҳар йили ташкиллаштириш анъанага айланиб қолди.

    Тўрт тарафга овоза шаҳар

    Наманганнинг ўзига хос брендига айланиб улгурган гуллар фестивали Президентимиз ташаббус ва тавсияси, гулчиликни ривожлантириш йўлида қабул қилган қарор ва фармони билан юқори поғонага кўтарилди. 2018 йилда халқаро мақомга эга бўлиб, тубдан ўзгарди. Дарҳақиқат, гулчилик Наманганда ўнлаб сулолалар орқали авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қадрият.

    — Ҳар бир киши ўртача иккитадан гул харид қилганини ҳисобласак, бу байрамнинг ифори миллионлаб хонадонга кириб борганини анг­лаймиз, — дейди Наманган шаҳри ҳокими Ғофиржон Жамолов. — Байрамга маҳаллий ва хорижий ОАВдан 100 дан ортиқ журналист ва блогер келди. Улар қаторида BBC, Reuters, TRT, Fars news, “Туркель”, “Синьхуа” ва “Спутник” каби етакчи агентлик, телеканал ва нашрлар вакиллари бор.

    Тадбир доирасида Наманган ва Бишкек шаҳарлари ўртасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш соҳасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Қардош шаҳарга 500 минг гул совға қилинади. Гулларни Қирғизис­тон пойтахтига юртимиздан борадиган 100 нафар ландшафтчи экади. Тожикистонлик бир гуруҳ байналмилалчи жангчилар ҳам фусункор гуллар фестивалига гувоҳ бўлди.

    — Чиндан ҳам Ўзбекистон ажойиб ўлка, менга ёқиб қолди. Айниқса, Наманган ва унинг гуллар фестивали, — дейди туркиялик Уфук Гоксу. — Туркияда ҳам халқаро гуллар байрами бор, лекин бизда фақат болалар учун бўлади. Шаҳрингиз масжид-мадрасалари диққатимни ўзига тортди. Меҳмоннавозлик ҳам яхши экан. Туркиялик эканимни айтсам, “Ооо, қардош!” деб ҳурмат кўрсатишди. Мен шундай самимийликни соғингандим. Худо хоҳласа, Наманганга, гуллар фестивалига кейинги йил яна келаман.

    — Одамнинг табиати ўзи гулдай. Шу боис, гулга ошуфта бўлади, кўнгил гул истайди, — дейди Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан келган сайёҳ Отақул Жалилов. — Тили, дини, қарашлари муштарак ўзбек ва қирғиз халқларининг узоқ йиллар кутган орзулари амалга ошиб, чегаралар очилгани биз учун айни муддао бўлди. Сайёҳлик фирмаси орқали 700 кишидан иборат делегация таркибида Халқаро гуллар фестивалини кўргани келдик. Сайлларни кузатиш асносида Наманган вилояти инфратузилмаси, маданияти, урф-одатлари, маданий мероси билан ҳам яқиндан танишдик.

    Озарбайжон Республикасининг “Turkel-media” холдинги бош муҳаррири Рамз Аббос ўғлининг фикрлари билан ҳам қизиқдик:

    — Наманганда иккинчи марта бўлишим. Ҳам сайёҳ, ҳам журналист сифатида сайлларга, ижобий ўзгаришларга бевосита гувоҳ бўлиб боряпмиз. Бу байрам миллатлар ва халқларни ўзаро яқинлаштиради, дўстлик кўпригини мус­таҳкамлашга хизмат қилади.

    — Наманган гуллар фестивалига таклиф қилинганимиздан беҳад хурсандмиз, — дейди Покистоннинг Фасилобод шаҳридан келган Акиб Носир. — Бир-биридан аъло гулларга боқиб, очиғи, лолмиз. Гулларга ўралган автокарвонни энди кўришим. Ўзбекистонни бутун дунёга бўй-басти билан танитадиган шундай йирик миқёсдаги, “туризм магнити” саналган байрамларнинг кўпроқ ўтказилиши тарафдоримиз.

    Қайси гулнинг шуҳрати юқори?

    5 июнь. Наманган шаҳридаги замонавий “Афсоналар водийси” тематик боғига файзли оқшом чўкди. Фестиваль ўз ишини якунлади.

    — Бу йилги фестивалга дунёнинг 30 давлатидан меҳмонлар ташрифи кузатилди, — дей­ди вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов. — Улар ичида Америка, Европа, Шарқий Осиё ва МДҲ давлатлари вакилларини кўриш мумкин. Биргина қўшни Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистондан ҳар куни юзлаб меҳмон қарши олинди. Жами ташрифлар сони кутилганидан зиёда бўлди. Бундай кўламдор фестиваль дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Бу эса, кундан-кунга равнақ топаётган янги Ўзбекистон, қолаверса, янгиланаётган Наманганда халқимиз бахт-саодати, фаровон турмушини таъминлаш йўлидаги изчил ислоҳотлар самараси сифатида баҳоланмоқда. Энг улуғ, энг азиз айём — истиқлолимизнинг 31 йиллик тўйи арафасидамиз. Халқаро гуллар фестивали ушбу қутлуғ санага наманганликларнинг туҳфаси бўлди. Зеро, Шарқ донишмандлари ҳикматларида айтилганидек, поклик ва гўзаллик рамзи бўлган гуллар ҳар қандай байрамнинг бебаҳо нишонасидир.

    Тадбир сўнггида турли номинация­лар бўйича ғолиб ва совриндорлар номи эълон қилинди. “Қадимий гулчи сулола давомчиси” — Ҳакимжон Паттоев 20 миллион сўм, “Энг яхши гул” — Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси 15 миллион, “Энг яхши гулчилик мактаби гулчиси” — Қобилжон Мўйдинов 15 миллион, “Энг кўп гул етиштирган сулола” — Нуриддиновлар сулоласи 10 миллион, “Гуллар фестивали автокарвондаги кун қаҳрамони” — Баҳромжон Шарифжонов 10 миллион сўм билан тақдирланди.

    “Гуллар фестивалини ташкил этишдаги хизматлари учун” Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Саидаҳмад Султонов, Наманган шаҳри ҳокимлиги ҳамда Наманган шаҳри ободонлаштириш бошқармаси ва “Гуллар фестивалини ОАВ орқали ёритишдаги ҳиссаси учун” “O‘zbekiston-24” телеканали вилоят мухбири Ўғилой Болтабоева мукофотланди.

    Фестивалнинг олий ўрин соҳиблари ­“Жентра” автомашиналари билан тақдирланди: “Ҳокимликлар ўртасида энг яхши ландшафт дизайн” — Учқўрғон тумани ҳокимлиги, “Бош­қарма ва ташкилотлар ўртасида энг яхши ландшафт дизайн” — Марказий банк Наманган вилояти бош бошқармаси, “Гуллар фестивали автокарвонида энг яхши безатилган автомобиль” — Наманган вилояти ҳокимлиги, “Энг яхши дизайнер гулчи” — Жавлонбек Мусаев.

    Автомобиллар калитини ғолибларга Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ­Озодбек Назарбеков ва Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон ­Абдураззоқов топширди.

    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Райҳон Ғаниева, Алишер Файз, эстрада хонандалари Ҳамдам Собиров, Ойбек ва Нигора ижросидаги дилрабо куй-қўшиқлар барчани рақсга чорлади. Истеъдодли ёш хонандалар Комрон Мамадалиев ва Шаҳноза Ёқубжонова гул байрами мадҳиясини баланд пардаларда куйлади. Наманган осмонида порлаган мушакбозлик 61-Халқаро гуллар фестивалига расман якун ясади.

    “Namangan Flowers — 2022” халқаро фес­тивали кенг кўламда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижросини таъминлашга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлар замирида ривожланиб бораверади.

    Орифжон Жўраев,

    "Янги Ўзбекистон" газетаси мухбири

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates