Наманганда сел келиши оқибатида 16 ва 14 ёшли опа-сингилни девор босиб қолди

    Наманганда сел келиши оқибатида 16 ва 14 ёшли опа-сингилни девор босиб қолди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

    Қайд этилишича, ҳодиса 17 июнь куни соат 16:00 ларда Чуст тумани, “Тоймособод” МФЙ Камарбаста кўчасидаги хонадонда содир бўлган.

    Шу кўчадаги уйда яшовчи 16 ва 14 ёшли опа-сингил яшаш хонадонининг дарвозахонасига кириб келаётган ёмғир сувни тўсиш мақсадида яшаш хонадонини чегара деворини олдига бориб, яшаш хонадонига кираётган сувнинг йўлини тўсаётган вақтида уйнинг девори қулаб кетган.

    Натижада, қизлар девор остида қолиб, сингил воқеа жойида вафот этган. Опаси эса тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

    Ҳодиса жойи туман прокурори Х.У.Хакимов раҳбарлигидаги тезкор тергов гуруҳи аъзолари томонидан кўздан кечирилиб, процессуал ҳужжатлар расмийлаштирган.

    Аниқланишича, қизнинг ўлими қўшма шикастлар, калла мия, бўйин, кўкрак қафас, қорин, чаноқ шикастлари борлиги, калла гумбаз, пешона теппа, ўнг чакка суяк синиқлари калла асосига ўтиши, мияни мажағланиши, бўйин ва кўкрак умуртқаларини кўплаб синиши, чап томондан кўплаб қовурғаларни синиши, ўпкалар ва юракни кўкрак қафасидан пастга чиқиб қолиши натижасида келиб чиққан.

    Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмасининг дастлабки маълумотида вояга етмаган опанинг танасида қўшма шикаст, чаноқ суякларини, ўнг болдир сякларини силжиган синиши, тананинг кўплаб шилинмалари борлиги, ҳолати оғир ҳолатдалиги кўрсатилган.

    Ҳозирда, мазкур ҳолат юзасидан Чуст туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.