Навоий даҳосини идрок этиш ва туйиш сари йўл

    Ёхуд ўттиз китоб — ўттиз қуш

    Алишер Навоий охирги йирик шеърий асари бўлган “Лисон ут-тайр” достонида Семурғ барча қушларнинг подшоҳи экани, аммо уни ҳеч қайси парранда кўрмагани, дийдорига интизор бўлганлари боис, Семурғни қидириб, олис, машаққатли йўлга тушганлари, аммо йўл уқубатлари туфайли барчаси эмас, энг жонфидо, Семурғга етишни ҳаётининг маъноси деб билган ўттизта қуш қолганини ҳикоя қилади. Бу ўттиз қуш етти иқлим каби бўлган талаб, ишқ, маърифат, истиғно, тавҳид, ҳайрат, фақру фано водийлари оша учиб ўтади, машаққат чека-чека жуссалари баайни руҳ каби бўлиб қолади, аммо дилларини Семурғни кўриш, унга етишиш иштиёқи тарк этмайди...

    Алишер Навоий – туркий сўз санъати подшоҳи, сўз ошиқлари учун идеал сиймо, ўзбек адабиётининг Семурғи, Анқоси, Ҳумосидир. Бу мукаррам зотга қанча яқин борсак, унинг виқору ҳайбатини, улуғворлигини шунча теран англаймиз, шоир ижоди қанча кўп тадқиқ этилса, англаганларимиз шунча камлиги тобора кўпроқ сезила боради. Бу гап асло маҳоват эмас, аксар навоийшуносларнинг якдил эътирофидир.

    Навоийни илмий ўрганиш охирги юз йил давомида донғил йўлга тушиб олгани рост. Аммо унинг дастлабки етмиш йилчаси давомида биз Навоийга яқинлашяпмиз деб ўзимизни ишонтира-ишонтира, аслида шоир дунёсига эмас, бошқа ёққа қараб учганимиз тобора аёнроқ бўляпти.

    Чунки яқин ўтмишда Навоий ХХ аср сиёсати рамкаларига солиб ўрганилди, ўшанга мослаб талқин қилинди. Улуғ Алишерни калтабақай қаричлари ила ўлчаб, девонлари, достонларининг ҳамд ва наът қисмларини қирқиб ташлаб, “таҳрир” қилиб, элга “Навоий – шу”, деб тақдим этилди. Бамисоли, ана энди қушга ўхшадинг, дегандай бўлдилар. Оқибатда китобхон кўз ўнгида эртаю кеч “реакцион вазир Маждиддин” билан можаро қилиб юрадиган, кекса ёшида Гули (?) исмли “маъшуқа”си билан хилватда учрашадиган, нуқул КПСС сиёсатига мос гапларни айтадиган сохта Навоий қиёфаси пайдо бўлди. Ҳатто бир шоир Навоийга хитобан, “тирик бўлсанг кўксингга Ленин орденини қўярдик тақиб”, дея уни “алқаган” ҳам эди.

    Истиқлол арафасида ва унинг дастлабки йилларида фаолият кўрсатган навоийшуносларга осон бўлмади – совет мафкураси даврида, масалан, Бобурни шоир сифатида якдил эътироф этиб, аммо подшоҳ бўлганини қоралайдиган илм негизида шаклланган бу авлод зимммасига янги давр навоийшунослигини бирпо этиш вазифаси тушган эди.

    Бир маҳал туппа-тузук олимлар “янги давр адабиёти 1917 йил 7 ноябрдан бошланди”, деб даъво қилар эди. Албатта, бу сўз санъатининг моҳиятига тушунмаслик оқибати. Шу боис, мумтоз адабиётга ҳақиқат кўзи билан назар ташлаш айнан 1991 йилнинг кузидан бошланди, десак ҳам хато бўлади. Унинг илк куртаклари аслида эллик йиллар аввал нишона кўрсатган эди (чунончи, профессор Эргаш Рустамов зўр жасорат билан 1972 йилда “Ўзбек тили ва адабиёти” журналида Аҳмад Яссавий ҳақида мақола чоп эттирган ва унинг бу “шаккоклиги” ўша йилнинг ўзида Ўзкомпартия пленумига қўйилиб, шафқатсиз танқидга учраган. Оқибат кекса фронтовик олим бу руҳий босим туфайли хасталикка чалиниб, оламдан ўтган). Ҳайтовур, ўтмиш адабиётимизга чинакам илмий ёндашишга интилиш ўшандан бери давом этиб келади.

    Мана, китоб жавонимда “Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги” деб аталган, Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди саъй этиб, Фанлар академияси, Бадиий академия, Ёзувчилар уюшмаси ва Маданият вазирлиги ҳамкорлигида чоп эттирган ўттиз жилдли нашр турибди. Уни 2022 йилда “Тамаддун” нашриёти муҳташам бир шаклда, мозийнинг мурабба ғиштларига келбат берадиган ажойиб форматда чоп этибди.

    Ўттиз жилдли навоийшунослик! Навоийнинг шаънига, шавкатига шундай китоблар ярашади, албатта. Биринчи жилдига ўзбек навоийшунослигининг бир отахони ва бир онахони – академик Азизхон Қаюмов (“Нодир саҳифалар”) билан Ўзбекистон Қаҳрамони Суйима Ғаниеванинг (“Навоий насри нафосати”, “Навоий ёдга олган асарлар”) рисолалари жамланган. Биринчи манба Навоийнинг даврдошлари ҳақида нодир маълумотларга ниҳоятда бой, жозибали, яхшигина бадиий тил билан таълиф этилган маноқиб бўлса, кейинги асарда улуғ шоирнинг насрда ҳам бетимсол қалам устаси экани далилланади, сўнггисида эса шоирнинг 220 га яқин асари номи тилга олинганки, шунинг ўзиёқ Навоий ижодига оид библиография учун ниҳоятда асқатади.

    Иккинчи жилд эса навоийшунослигимизнинг “чўбир отлари”, яъни буюк меҳнаткашлари бўлган икки аллома – Абдуқодир Ҳайитметов (“Навоийхонлик суҳбатлари”) билан Абдурашид Абдуғафуров қаламига мансуб (“Буюк бешлик сабоқлари”) монографиялардан таркиб топган.

    Эътибор қилсангиз, мажмуага истиқлол даврига етиб келган олимларнинг улуғ шоир ижодига бағишланган энг яхши асарлари киритилган. Дарслик ёзиб, барчамизга Навоийни ўқитган Натан Маллаев, ҳассос адабиётшунос Ботирхон Акрамов, умри эрта хазон бўлган Шарафиддин Шарипов ёзган битиклар эса учинчи жилдни ишғол этган.

    Бу ўттиз жилднинг ҳар биридаги илмий асарлар номи ва муаллифлар исмини бирма-бир таъвил этаверсак, ёзиб биз чарчаймиз, ўқиб – сиз. Бироқ асарлари мана шу тўпламга кирган олтмиш бир муҳтарам олимнинг лоақал исмини айтиб ўтмасак ҳам бўлмас. Чунончи, академик Алийбег Рустамий, Саидбек Ҳасанов, Муҳаммаджон Ҳакимов, Анвар Ҳожиаҳмедов, Омонулла Мадаев, Ҳасан Қудратуллаев, Раҳим Воҳидов, Нажмиддин Комилов, Муҳаммаджон Имомназаров, Муслиҳиддин Муҳиддинов, Ҳанифа Солиҳова, Маъмура Рашидова, Иброҳим Ҳаққул, Қосимжон Содиқов, Ваҳоб Раҳмонов, Иномжон Азимов, Боқижон Тўхлиев, Ойсара Мамадалиева, Нусратулла Жумахўжа, Алимулла Ҳабибуллаев, Зуҳриддин Исомиддинов, Матназар Абдулҳаким, Комилжон Раҳимов, Султонмурод Олимов, Дилором Салоҳий, Фарида Каримова, Мақсуд Асадов, Шуҳрат Сирожиддинов, Афтондил Эркинов, Нурбой Жабборов, Абдулҳамид Қурбонов, Узоқ Жўрақулов, Маҳмуд Ҳасаний, Сурайё Каримова, Сайфиддин Рафиддинов, Бобомурод Эрали, Абдулмажид Ҳасанхон Яҳё, Эргаш Очилов, Каромат Муллахўжаева, Илёс Исмоилов, Озода Тожибоева, Ҳусниддин Эшонқулов, Отабек Жўрабоев, Хуршид Абдурашид, Акром Маликов, Нодир Рамазонов, Маърифат Ражабова, Назора Бекова, Дилнавоз Юсупова, Олимжон Давлатов, Зуҳра Мамадалиева, Сирдарёхон Ўтанова, София Жумаева.

    Ўттиз жилднинг энг охирида асари келтирилган уч ёш навоийшунос олима – Зуҳра Мамадалиева (“Лисон ут-тайр” образлари: рамз ва мажоз олами”), Сирдарёхон Ўтанова (“Алишер Навоий ғазалиётида ранг символикаси”) ҳамда София Жумаеванинг (“Алишер Навоий шеъриятида рамзий рақамлар талқини”) рисолалари номига эътибор қилишнинг ўзиёқ янги авлод навоийшунослари шоир ижодини бир маҳаллар урф бўлганидай, “ҳаёти ва ижоди”, “ғоялари ва образлари” каби умумий тарзда эмас, ҳар бир асар ва унинг матнидаги у ёки бу парчага юкланган зоҳирий ва ботиний маъноларни очиш, Навоий олами бамисоли муаззам бир иморат бўлса, унинг ҳар бир ғишти, ҳар бир нақшини бамисоли лупага солиб кўриш, шоир ижоди ранг, рақам ва символлар миқёсида ҳам ўрганила бошлаганини кўрсатади.

    Гоҳо шундай ҳам бўладики, ихчамгина мақола катта бир монографиядан салмоқлироқ бўлиши мумкин. Мажмуанинг охирги – ўттизинчи жилди навоийшуносликка катта ҳисса бўлиб қўшилган ана шундай шукуҳли илмий топилмалар безаган. Бу жилд Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби яна ўттиз тўққиз олиму шоирнинг сара мақолаларидан иборат.

    Кўрамизки, жами юз нафар муаллиф бор. Энг ихчами 240, тўласи 480 бет бўлган бу ўттиз китобнинг лоақал бирор жилдидан бирор парчани мисол келтириш дуруст бўлишини билганим ҳолда, қаеридан кўчирма олишга ҳайрон бўлиб, таваккалига механистик бир йўл танладим – энг ўртада бўлган 15-жилдга уч муаллифнинг асари киритилган бўлиб, унинг марказида Матназар Абдулҳакимнинг “Ҳайрат мезони” асари бор экан, шуни нишонга олдим. Матназар аканинг бу рисоласи улуғ шоирнинг еттита ғазалига битилган шарҳлардан тузилган. Ўша мақолалардан бири – “Лаҳзадаги мангулик” бадиаси бундай деб бошланибди:

    “Кечмиш мингйилликнинг улуғ сиймоларидан ҳазрат Навоийнинг вақт ҳақида поэтик мулоҳазалари билан ошно бўлмоқликнинг, назаримда, ҳозир айни вақтидир. Шоир ёзган эдики:

    Боқий топар улки бўлди фоний,

    Раҳравға фано бақо бўлибдир.

    Ҳазрат Навоийнинг ўзи ҳам ҳар биримиз билан бирга дунёдан ўтиб боради ва айни вақтда, халқимиз билан, ватанимиз билан мангулашаверади”. Муаллиф мақола давомида шоир ғазалларидан олинган мисолларни шарҳлай-шарҳлай, ана шу фикрни исбот қилади.

    Ҳа, Алишер Навоий ҳақида таъриф-тавсифлар кўп, бироқ энг гўзал, энг эсда қоларли ва ҳаққоний баҳони Бобурдан бошлаб то Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Матназар Абдулҳакимгача... шоирлар беришган.

    Олтмиш-етмиш йиллар илгари ҳам Навоий, унинг ижоди ҳақида “Навоийнинг қалб дафтари” (Иззат Султон) каби ажойиб асарлар ёзилган эди. Лекин аксар тадқиқотларда шоир ижодининг ўқ томири бўлган ислом дини ва тасаввуф руҳига деярли эътибор берилмас, асосан “ҳаётбахш оптимизм”, “халқлар дўстлиги тараннуми” каби зўраки мавзулар етакчилик қилар эди. Бугун эса улуғ шоирнинг барча асарлари бутун, тўлиқ ҳолда чоп этиляпти, ижодининг пафосини таъйин этишда ҳам бирор чеклов йўқ, шу боис, ушбу тўпламни бугунги кун навоийшунослигининг тиниқ бир ойинаси бўлибди, дейиш мумкин.

    Биз беихтиёр равишда “бугунги кун навоийшунослиги” деяпмиз, бироқ бу тўплам ва унга киритилган асарлар фақат бугуннинг эмас, келажак навоийшунослигига ҳам кўзгу бўлиб қолмоғини тилаймиз, албатта.

    Навоий жаҳон адабиётининг энг улуғ сиймолари қаторида туради. Бундай улуғ шоир камдан-кам халқларнинг толеига битган. Унинг ижодини ўрганишни янада кучайтириш, шу билан бирга, Навоийни фақат ўзбек эли ёки туркий халқларнинг эмас, дунёнинг шоирига айлантиришдай катта вазифа турибди олдимизда. Забун ва муте вақтимизда бунга йўл берилмас эди, бу барчага аён. Аммо истиқлолга эришган ҳозирги пайтимизда ҳам шу ишни пайсалга солсак, тўғри бўлмайди.

    Ёш олим Олимжон Давлатов етакчилик қилаётган Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди Навоий ва, умуман, ўзбек маданиятини дунёга танитиш йўлида яхши ишлар қиляпти. Чунончи, бир йил ичида Навоийни ўрганиш бўйича илмда воқеа бўлган нашрларни тўплаб, бир форматга солиб, барчамизга намоён эта олди. Уч кишидан иборат мўъжаз жамоа ва уларга кўмаклашган саноқли кўнгиллиларнинг бу ҳиммати ҳозирги бозор иқтисодиёти даврида таҳсинга сазовор, албатта.

    Бироқ Навоийнинг ўзи айтганидек, ўзимизни англашимиз шарт. Ана шундагина бу даҳо ижодкорни ҳам теранроқ тушуна бошлаймиз. Насиб қилса, дунёга машҳур Немис маданияти маркази (Гёте институти), Ҳ.Алиев номидаги озарбайжон маданият маркази, Россия фан ва маданият маркази (собиқ “Россотрудничество”), “Француз альянси”, Корейс маданият ва санъатлари саройи, Юнус Эмро институти деган муассасалар каби Навоий институти ҳам таъсис этилиб, дунёнинг барча етакчи мамлакатлари пойтахтларида иш бошлайдиган кунлар узоқ эмас. Чунки давлатимизнинг дунёга очиқлик, миллий қадриятлармизни эъзозлаш, маданият ва санъат арбобларини қадрлаш каби эзгу амаллардан иборат бўлган бугунги сиёсати эндиликда шундай бир ташаббусни ҳам рўёбга чиқаришни тақозо этади.

    Бу ўттиз китобни эса Навоийга етишиш, у мақом тутиб ўтирган юксак маъво остонасига яқинлашиш учун талпиниб учган ўттиз қушга қиёслагимиз келди. Эътибор қилган кишига бу “қуш”лардан ҳар бирининг ранг-туси, шиддати ва ҳиддати аён кўринади. Навоий даҳосини идрок этиш ва туйиш сари йўл олган бу карвоннинг парвози бехатар ва безавол бўлгай.

    Зуҳриддин Исомиддинов,

    адабиётшунос олим

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates