“Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” ғоясини амалда рўёбга чиқариш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ишларидаги фаоллигини ошириш, жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштиришда нафақат давлат ва хўжалик бошқаруви органлари шунингдек, тадбиркорлик субъектлари амалий кўмагида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерация ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Истеъмолчилар уйи” лойиҳаси доирасида кўплаб шаҳар ва туманларда “Истеъмолчилар уйи” маъмурий комплекслари қуриб фойдаланишга топширилди. 71 та туман ва шаҳарларда қурилиш ишлари давом эттирилмоқда.
Мазкур ижтимоий лойиҳа доирасида бугунги кунда Зарафшон шаҳар ҳокимлигининг амалий кўмаги билан "KUMUSH ASL NAVOIY" масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти учун маъмурий бино — “Истеъмолчилар уйи” мажмуаси ишга тушди. Куни кеча айни мажмуанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Зарафшон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг янги маскани очилишида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов, шаҳар ҳокими Назирбек Раҳманов, шаҳар сектор раҳбарлари, вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари раҳбарлари, корхона, ташкилот раҳбарлари, маҳаллалар фаоллари, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Очилиш маросими давомида сўзга чиққанлар мазкур мажмуа очилиши "Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни” арафасида соҳа ходимлари учун ўзига хос совға бўлгани ва уларнинг фаолиятини самарали ташкил этишларида алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлашди. Бинони қуриб ҳозирги кўринишга келтирган "KUMUSH ASL NAVOIY" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аҳрор Мирзаевга миннатдорчилик билдирилди. Нуронийлар иштирокида бино очилиш маросимининг махсус ленталари кесилиб, рамзий калит топширилди.
Эндиликда бу масканга ташриф буюрувчи фуқаролар — истеъмолчилар нафақат ўзларини қийнаб турган муаммолари билан мурожаат қилишлари мумкин, балки бепул ҳуқуқий маслаҳат олиш имкониятига ҳам эга бўладилар. Шунингдек, бу ерда фуқароларнинг қўшимча маънавий озуқа олишлари учун ҳам шароитлар ҳозирланмоқда. Яъни мажмуада барча китобхонлар учун зарур адабиётлар билан бойитилган кутубхона фаолияти ҳам йўлга қўйилади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси ва Навоий вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ж.Ходжаев иштирок этди.