Бунинг асоси сифатида ислоҳотлар дастурининг энг биринчи ва устувор йўналиши ёшлар масаласи этиб белгиланганлигини таъкидлаш жоиз.
Соҳадаги вазият ва амалга оширилган тадбирлар таҳлили ёшларнинг кенг қатламига дахлдор бўлган долзарб масалалар, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантириш борасидаги ишлар ўз самарасини бераётганини кўрсатмоқда.
Жойларда, авваламбор, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган кўп сонли ёшларнинг ўз иқтидор ва истеъдодини рўёбга чиқариши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун кенг шароит яратиш, уларни турли зарарли иллат ва ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш каби муҳим вазифалар ҳал этилмоқда.
Мамлакатимизда 30 июнь – “Ёшлар куни” муносабати билан, жорий йилнинг июнь ойи “Ёшлар ойлиги” деб эълон қилинди. Республиканинг барча ҳудудларида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ёшлар фестивали ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Хусусан, 3–10 июнь “Ҳарбий-ватанпарварлик”, 12–17 июнь “Интеллектуал ўйинлар”, 19–24 июнь “Спорт-саломатлик”, 26–30 июнь кунлари эса “Маданият, санъат ва туризм” ҳафталиклари этиб белгилаб олинди.
Бугунги кунга қадар маҳалла ва туман (шаҳар)ларда жами 13 406 та тадбир, лойиҳа, оммавий ёшлар сайиллари ва гала-концертлар ўтказилиб, 2,4 миллион нафардан ортиқ ёшлар қамраб олинди.
Жумладан, ойликнинг “Интеллектуал ўйинлар” ҳафталигида маҳалла-сектор-туман кесимида 6 278 маротаба турли лойиҳа, танлов ва мусобақалар ташкил этилди.
“Заковат” нодавлат-нотижорат ташкилоти, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида таълим муассасалари ва маҳаллаларда интеллектуал олимпиадалар ҳамда ўйинлар, “Бешикдан то қабргача илм изла!” шиори остида заковат, шахмат бўйича рокировка турнирлари, илм-фан соҳаси вакиллари билан учрашув ва маҳорат дарслари ташкил этилди.
Ойлик доирасида ўтказилган “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг республика босқичларида спортнинг стол тенниси, шашка, енгил атлетика, стритбол, стритворкаут турлари, касб-ҳунар (тикувчилик, қандолатчилик, ошпазлик, ҳунармандчилик ва сартарошлик) ва рақс мусобақаларида 7 938 нафар йигит-қиз иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган 900 нафардан ортиқ иштирокчи муносиб рағбатлантирилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятлари маҳаллаларида маънавият-маърифат тарғибот гуруҳлари томонидан “Маърифат соати”, “Миллий қадриятлар”, “Меҳр-мурувват ва саховат”, “Сиз севган қаҳрамон”, “Маърифат оқшомлари” лойиҳалари орқали икки юз мингга яқин ёшлар қамраб олинди.
“Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ҳудудларда ўтказилган йирик гала-концерт ва оммавий ёшлар сайилларида 1 миллиондан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Ўтказилаётган бу каби тадбирлар йигит-қизларнинг интеллектуал салоҳияти ошиши, ҳар жиҳатдан етук камол топишига хизмат қилаётир. Навқирон авлод вакилларида юртда бўлаётган ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси, фаол фуқарролик позицияси шаклланаётир.
“Ёшлар ойлиги” тадбирлари режа асосида республиканинг барча маҳаллалари, туман ва шаҳарларида 30 июнга қадар ташкил этилади. Жумладан, 20–23 июнда Сирдарё, 21–24 июнда Наманган, 22–25 июнь кунлари Андижон вилоятларида ўтказилади.
Барча ислоҳотлар ёш авлоднинг билимли, касб-ҳунарли, ҳур фикрли бўлиб вояга етиши, муносиб даромад топишида барча зарур шароит ва имкониятлардан фойдаланиши учун амалга оширилмоқда. Ўзбекистоннинг ёшлар билан ишлаш борасидаги тажрибаси xорижий мамлакатларнинг ёшлар ташкилотлари ва экспертларининг эътирофига сазовор бўлиб келмоқда. Ўзбекистон ёшлар мамлакати сифатида xалқаро майдонга чиқмоқда. Бу имкониятларни юксак қадрлаш ва улардан самарали фойдаланиш, мамлакатимиз тараққиётига билим ва меҳнатимиз билан ҳисса қўшиш барчамизнинг фарзандлик бурчимиздир.
Дилнозахон КАТТАХОНОВА,
Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари,
сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD).