Шу йил 30 июнь — Ёшлар кунига бағишланган тантанали тадбир олдидан бир гуруҳ ташаббускор ёшлар томонидан давлатимиз раҳбарига “WikiStipendiya marafoni” лойиҳаси тақдимоти қилинганди. Президентимиз лойиҳани эътироф этиб, жумладан, шундай деди: “Википедияда ўзбек тилидаги мақолалар сонини 100 мингтага етказиш ва хорижий тилларда ҳам Ўзбекистон ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш яхши самара бериши шубҳасиз. Ушбу мақсадлар учун 10 миллиард сўм йўналтирилади”.
Интернет оламида ўзбекча матнли маълумот ва видеоконтентларни кўпайтириш учун алоҳида маблағ ажратилиб, зарур шароит яратилгани ташаббускор ёшларга катта рағбат бўлди.
Аввалроқ интернет тармоғида ўзбек миллий контентини ривожлантириш, она тилимиздаги сифатли маълумотларни кўпайтириш мақсадида “WikiStipendiya marafoni”га старт берилган пайтда википедияда ўзбек тилидаги 140 минг 348 та мақола бор эди. Айни пайтда улар сони 178 минг 25 тага етди. Таҳрир қилинганлари сони ўша пайтда 2 минг 559 тадан ортиқроқ бўлган бўлса, ҳозир 3 мингга яқинлашди. Фаол фойдаланувчилар сони эса 388 нафардан 803 нафарга кўпайди.
Шу йилнинг 1-6 август кунлари “WikiStipendiya marafoni” доирасида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “Ёшлар оромгоҳи”да “WikiOromgoh” лойиҳаси ташкил этилди. 150 нафар фаол иштирокчи, волонтёр ёшлар оромгоҳда жам бўлди. Улар википедия маъмурларидан маҳорат дарслари олиш билан бир қаторда википедиянинг она тилимиздаги контентини бойитишга ҳам ҳисса қўшди.
Бир ҳафта давомида ўзбек тилида 8 мингдан ортиқ мақола ёзилди. Натижада ўзбекча википедия икки поғона юқори кўтарилиб, 55-ўринга чиқди. “WikiOromgoh”да иштирок этган ёшлар махсус сертификатлар, ҳафта давомида ўтказилган интеллектуал ўйинларда ғолиб бўлган жамоа аъзолари эса китоблар тўплами билан тақдирланди.
Куни кеча “WikiStipendiya marafoni” доирасида ўтказилган танловларнинг 8 нафар ғолиби қимматбаҳо совға ва диплом билан тақдирланди.
— “Долзарб мавзу бўйича энг яхши мақола” йўналишида ғолиб деб топилдим, — дейди Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг 2-курс магистранти Дилбар Исматуллаева. — Болаларга, жониворларга нисбатан шафқатсизлик, очарчилик, аутизм спектрининг бузилиши каби мавзулардаги мақолаларим ўзбекча википедиядан жой олди. Танлов лойиҳаси доирасида 30 га яқин мақола ёздим, 800 та мақолани таҳрир қилдим. Википедия қоидаларига кўра, мақола ҳажми 200 та сўздан кам бўлмаслиги ва камида 4 та нуфузли манбадан фойдаланилган бўлиши керак. Ўзбек тилидаги мақолалар ичида менинг ёзганларим энг катта ҳажмда — сўзлар сони тахминан 20 мингта. Сонга эмас, сифатга эътибор қаратдим. Масалан, бир кунда 5-6 та мақола ёзиш мумкин бўлса, мен битта мақолага 1 ҳафта — 10 кунча вақт сарфладим...
Дилбарнинг “Аутизм спектрининг бузилиши” номли мақоласи ўзбек тилидаги википедияда ҳажми жиҳатидан 5-ўринда. Унда аутизм касаллигининг келиб чиқиши, даволаш жараёни ҳақида ўзбек тилида батафсил маълумот келтирилган. Бу фарзанди шу хасталик билан оғриган ота-оналар учун ажойиб қўлланма вазифасини ўтайди.
Ўзбекча википедияда аёллар ҳақида маълумотлар кам бўлгани боис, “WikiAyollar” лойиҳаси бошланди. Лойиҳа доирасида аёллар, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига оид мақолалар кўпайтирилиб, мунтазам жойлаб келинмоқда. Бу билан ўз фаолиятида юқори натижаларга эришган, фаол, қаҳрамон аёллар ҳақидаги мақолалар кўпайишига эришилди. Ўзбекча википедиядан ўрин олган шу мавзудаги мақолалар сони айни пайтда 836 тани ташкил этмоқда.
Наманган муҳандислик-қурилиш институти талабаси Ҳусан Расулов “Аёлларнинг жамиятда тутган ўрни, ҳуқуқлари мавзусидаги энг яхши мақола” йўналишида ғолиб деб топилди.
— Ўзбек тилидаги википедияга 350 дан ортиқ мақолам киритилди. Шундан 200 га яқини аёлларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга бағишланган, — дейди Ҳусан Расулов. — Ундан дунёдаги энг таниқли сиёсатчи, ишбилармон аёллар, хотин-қизлар ҳуқуқини таъминлашга доир маълумотлар ўрин олган.
Айни пайтда “WikiTa’lim”, “WikiKlub” каби янги лойиҳалар йўлга қўйилмоқда. “WikiTa’lim” лойиҳасида таълим муассасалари ўртасида беллашув ташкил этилади. Лойиҳада талабалар мустақил иш, реферат ёзиш ва бошқа ортиқча вазифалардан озод қилинади. Унинг ўрнига википедияни бойитишга хизмат қиладиган мақолалар ёзилади. Мақолалар баҳолаб борилади. Махсус платформа орқали ОТМларнинг бу борадаги рейтинги белгиланади.
“WikiKlub” лойиҳаси доирасида эса “WikiKino”, “WikiKitob”, “WikiМеhmon”, “WikiМаshgʻulot” каби кичик дастурлар йўлга қўйилиши кўзда тутилган бўлиб, матнли, видеоконтентлар кўпайишига хизмат қилади. Бу жуда муҳим. Зеро, болаларимиз учун ўзбек тилидаги видеоконтент, анимацион фильмлар жуда кам.
Интернетнинг миллий сегментида ёшларни ўзига жалб қиладиган, тарихимиз, маданиятимиз, қадриятларимиз ҳақида ишонарли ва қизиқарли маълумот берадиган контентларнинг кўпайиши давлатимиз, тилимиз, миллатимизнинг мавқеини кўтаради. Қолаверса, бу ўғил-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларда китобхонликка қизиқишни янада ошириш, ватанпарварлик туйғуларини камол топтиришга хизмат қилади.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири,
Суратлар муаллифи: Ҳусниддин Исаков.