Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги Назарбек шаҳарчасида ҳам сўнгги йилларда аҳоли сони ортди. Айни пайтда ушбу шаҳарча ҳудудидаги тўққизта маҳаллада 32 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Кўпчиликка маълум, уларни бир неча йилдан буён қийнаётган масала ушбу ҳудуддан ўтувчи темир йўл ва автомобиль йўли кесишмасининг вақти-вақти билан ёпилиб туриши ва узундан узоқ тирбандликларнинг келиб чиқиши оқибатида шаҳар маркази ва шаҳарчага етиб олиш масаласининг қийинлашиб бораётгани эди.
Маълумки, 4Р253 автомобиль йўли билан кесишган темир йўлдан ҳар куни юк поездлари ўтиб туради. Поезд қатнови туфайли автомобиль йўли шлагбаум билан ёпилади, йўллар тўсилади.
Кўприкнинг узунлиги 940 метр 20 эни метрни ташкил этиб, объектнинг умумий қурилиш-монтаж ишлари қиймати 113 миллиард сўм ажратилган. Бош пудратчи «Кўприк қуриш Трести» ДУК нинг 13-кўприк қуриш отряди томонидан объектда қурилиш-монтаж ишлари давом эттирилмоқда.
Ушбу йирик лойиҳанинг дастлабки қурилиш ишлари 2021 йилнинг сўнгги ойларида бошланган бўлиб, дастлаб, тажрибали мутахассислар билан лойиҳанинг ҳар бир жиҳатини пухта ўрганиб, замонавий техникаларда ишлар бажарилди.
Мустаҳкам темир-бетон пойдеворлари босқичма-босқич тайёрланди. Ер ости йўл ўтказгичининг пойдеворларида қурилиш ишлари 100 дан ортиқ тажрибали мутахассислар томонидан 20 дан зиёд замонавий техникалар жалб этилган ҳолда ишлар олиб борилди.
Қурилиш объектига зарур бўлган темир-бетон маҳсулотлари «Кўприкқурилиш трести» унитар корхонасига қарашли ташкилотларда ишлаб чиқарилган бўлиб, материаллар ўз вақтида етказиб бериб турилди. Лойиҳа доирасида геодезия, ҳудуддаги коммуникацияларни кўчириш ҳамда вақтинчалик темир йўл изини қуриш ишлари сифатли бажарилди.
Объектнинг тунел қисмида пойдевор қазиш ишларидан сўнг, бетонланди. 94 дона темир-бетон блоклари монтаж қилиниб, пойдевор қисми билан бириктириш ишлари олиб борилди. 12 та картада котлованларни қайта кўмиш ишлари амалга оширилди.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, белгиланган режа-графикка кўра, кўприкнинг фойдаланишга топшириш муддати шу йил ноябрь ойига мўлжалланган эди. Лекин лойиҳа муддатидан қарийб 6 ой аввал қуриб битказилди.
Ушбу замонавий кўприк ёрдамида 32 мингдан зиёд маҳаллий аҳоли ва меҳмонларнинг анча вақти тежаладиган бўлди. Қолаверса, автоуловлар тирбандлиги барҳам топиши натижасида атроф-муҳим экологияси мусаффолиги ҳам яхшиланади.