Нега мутахассислар баҳор офтобидан сақланишни тавсия қилади?

    Баҳор офтоби танамиз учун қанчалик ёқимли ва ҳузурбахш туюлмасин, мутахассислар бу мавсумда қуёш тиғи остида узоқ қолмасликни тавсия этади. Айниқса, аллергияга мойил кишилар ушбу фаслда янада эҳтиёткор бўлишлари лозим. Нега?

    Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова бунга қуйидагича изоҳ берди.

    — Баҳорда қуёшнинг ультрабинафша нурланиш индекси ошиши кузатилади, — дейди мутахассис. — Нурланиш қоқ туш пайти максимал даражага яқинлашиб, то 16:00 гача юқори фаоллигини сақлаб туради.

    Хўш, бунинг нимаси хавфли, дейишингиз мумкин. Гап шундаки, худди шундай шароитда терининг қуёш нурига сезгирлиги ошиши натижасида фотодерматоз касаллиги юзага келади. Статистик маълумотларга кўра, ҳозир бу хасталик дунё аҳолисининг тахминан 20 фоизида учрайди.

    Аслида, қуёш нурининг ўзи аллерген ҳисобланмайди. Бироқ ультрабинафша нурланиш тери ёки инсон танасидаги ҳар қандай модда билан ўзаро таъсирга киришганда, аллергик реакция пайдо бўлиши мумкин.

    Оқибатда бўйин, қўл соҳалари ва кўкракнинг юқори қисмида пуфакча, қавариқ, қизил доғ, куйиш кўринишидаги турли тошмалар юзага келади. Баъзан терининг қипиқланиши, қичишиши ва шишлар ҳам кузатилади.

    Тошмалар офтоб таъсир қила бошлаган илк соатлардан то ҳафта давомигача ҳосил бўлади. Кўпинча фотодерматоз белгилари муолажалардан сўнг йўқолиб кетади. Аммо бу ҳолат инсонни умр бўйи таъқиб қилиш эҳтимоли ҳам мавжуд.

    Айни сабабдан баҳорнинг офтобли кунларида соат 11:00дан 16:00гача қуёш нурлари остида узоқ вақт юрмаслик, агар зарурат туғилса, бош кийим кийиш ёки соябон тутиш, кўзойнак тақиш ва имкон қадар ёпиқ либослар кийишни тавсия этамиз.

    Сезувчан тери учун мўлжалланган қуёш нурига қарши кремлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Лекин баъзи дорилар фотодерматозни келтириб чиқариши ёки хасталикни кучайтиришини унутмаслик керак. Шу боис препаратни қўллашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашиш зарур.

    Атопик дерматитни даволашда қўлланиладиган Элидел ёки Протопик суртмаларидан фойдаланаётган беморларга қуёшда юриш тақиқланади. Ёки бу воситаларни тушдан сўнг оқшомга қадар ишлатган маъқул.

    Шунингдек, Эритромицин, Тетратциклин ва Стрептомицин каби дорилар ультрабинафша нурларини кучли тортиб олиш хусусиятига эга. Ушбу малҳамларни қабул қилган ёки юз соҳаларига суртган беморлар иссиқ кунларда кундузи кўчага чиқишлари мумкин эмас.

    Агар беморларда ультрабинафша нурланиш таъсирида фотодерматоз белгилари пайдо бўлса, Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг ҳудудий филиалларига мурожаат қилишлари мумкин.

    Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates