Низоларни судгача ҳал қилишнинг самарали усули

    Фикр 26 август 2021 1658

    «Медиация» инглизча сўз бўлиб, «воситачилик» маъносини англатади. Низоларни судгача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган мазкур жараёнда холис шахс, яъни медиатор кўмак беради. Жараённинг тўғри ташкил этилиши тарафлар низолашишини тўхтатиб, ярашув битимини тузишга имкон яратади. Қолаверса, судларда тўпланиб қолган иш ҳажмини камайтиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

    Бу усул ўзининг маълум бир шартлари ва тамойилларига эга бўлиб, медиациянинг махфийлиги, ихтиёрийлиги, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилигидан иборат. Унинг баъзи кўринишлари аввалдан мавжуд бўлган. Масалан: маҳалла оқсоқоллари, нуронийлар, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган кишилар қўшнилар ва эр-хотин ўртасидаги низоларни ҳал этишда медиатор вазифасини бажариб келган.

    Республикамизда 2018 йил 3 июлда «Медиация тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, унинг амал қилиш соҳаси ҳам аниқ белгилаб қўйилган. Ҳужжатга кўра, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган, шунингдек, якка меҳнат низолари ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган келишмовчиликларга медиацияни қўллаш мумкин.

    Президентимиз томонидан 2020 йил 17 июнь куни қабул қилинган «Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда белгиланишича, бундан кейин ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида судья тарафлардан келишув битимини тузиш эҳтимолини ёки низони кўриб чиқишнинг муқобил усулларини қўллаш мумкинлигини аниқлаб, томонларга йўналиш беради.

    Вақт, энг асосийси, эмоционал ресурсларни тежайдиган бу усулнинг тартиб-таомилларини амалга оширишда медиаторнинг холислиги таъминланиши ҳам катта аҳамиятга эга. Агар медиаторнинг мустақиллиги ва холислигига тўсқинлик қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлса, у мазкур жараённи амалга оширишдан воз кечиш керак.

    Аслида, низоларни ҳал этишнинг ҳар қандай усули халқимизнинг азалий урф-одати билан узвий боғлиқ. Соҳадаги янги тартибларга халқимизга хос бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, босиқлик, энг асосийси, томонлар ўртасидаги келишмовчиликлар вақтида ҳам бир-бирини ҳурмат қилиш каби қадриятлар асос қилиб олинган.

    Тоштемир Мўминов,

    Профессионал медиатор

    Деҳқонобод тумани