Мусиқа таълими йўналиши бўйича ўтказилаётган имтиҳонларнинг белгиланган талаблар асосида шаффоф, адолатли ҳамда ошкора ўтиши жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари, шу билан бирга, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан бириктирилган вакиллар томонидан назорат қилинмоқда.
Имтиҳонлар Интернет тармоғи орқали ота-оналар ва кенг жамоатчилик вакилларига тўғридан-тўғри олиб кўрсатилмоқда.
Абитуриентларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш учун Ўзбекистоннинг турли жойларидан тажрибали профессорлар ва мутахассислар жалб қилинган бўлиб, улар томонидан ҳар бир абитуриентнинг тайёргарлиги одилона баҳоланиб, тўплаган баллари ўша вақтнинг ўзида маълум қилинмоқда.
— Бугун набира қизим институтнинг мусиқа таълими йўналишига ижодий имтиҳон топширмоқда. Унинг кичкиналигидан шу соҳага бўлган қизиқишини кўриб, қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилдик. Қизим мусиқа сирларини ўрганиб, олий маълумотли, етук кадр бўлишни ўз олдига мақсад қилган. Мана, бугун институтга келиб, бу ердаги яратилган шароитлардан кўнглим тўлди. Имтиҳон жараёнлари қандай ўтаётганлигини тўғридан-тўғри томоша қиляпмиз, — дейди Қўнғирот туманидан келган нуроний Сейтназар Қудайназаров.
Биз имтиҳонда иштирок этган абитуриентларнинг фикрлари билан ҳам қизиқдик.
— Имтиҳонга яхши тайёргарлик кўрдим. Чолғу ижрочилиги, мусиқа назарияси ва хонандалик маҳорати бўйича устозларимдан ўрганган билим ва кўникмаларимни кўрсатишга ҳаракат қилдим. Имтиҳонлар адолатли ўтмоқда деб ҳисоблайман. Чунки, ўз тайёргарлигимга мос яхши баҳо олдим, — дейди қонликўллик абитуриент Тазабай Ажибаев.
Эслатиб ўтамиз, институтда бакалавриатнинг мусиқа таълими йўналишига имтиҳонлар 1 августдан, жисмоний маданият таълим йўналишига 2 августдан, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси таълим йўналишига эса касбий (ижодий) имтиҳонлар 3 августдан бошланиши белгиланган.
Имтиҳонлар жорий йил 9 августгача давом этади.
Минажатдин Қутлимуратов