Аномал совуқда юртдошларимизнинг ҳолидан хабар олиш, совуқ кунларда кўчада ва бошқа жойларда меҳнат қилаётганларга бироз бўлса-да иссиқлик тафтини улашиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганларга ёрдам қўлини чўзиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан ҳудудларда ҳарбий дала ошхоналари ёйилиб, аҳолига хизмат қилишни бошлади.
Жумладан, Нукус шаҳридаги “Кўскўл-1,3,4”, 21-кичик даҳа, “Чимбой гузари”, “Айдин жол”, “Анасой”, “Қизилқум” ва “Жеке терек” маҳаллалари, шунингдек, “Жайҳун-учқудуқ” кўчасида ёйилган 10 та ҳарбий дала ошхонасида кунига 100 килогача палов дамланиб, иссиқ чой ва ширинликлар улашилмоқда.
Ўзбек ва қорақалпоқ халқига хос бўлган оғизбирчилик, бағрикенглик, саховатпешалик каби олийжаноб хислатлар, албатта, халқ бошига оғир кунлар келганда, юртдошларимиз аҳволи оғирлашганда янаям кўпроқ билинади. Шу боис, менталитетимизга хос бўлган бу инсоний фазилатлар асрлар давомида сақланиб, улуғ қадриятлар сифатида алоҳида қадрланади.
Ватандошларимизнинг вужудини совуқ кунларда илиқлик билан тўлдиришни мақсад қилган Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари бирдамликда 10 та ҳарбий дала ошхона пунктларини ёйиб, овқат ейиш ва исиниш учун чодирлар, чой қайнатишга мўлжалланган дала ошхонаси ҳамда қозон-ўчоқларни қисқа вақтда ўрнатиб, тушликка миллий таомимиз бўлмиш палов тайёрлашди.
Нукус шаҳар ҳокимлиги томонидан тақдим этилган масаллиқлардан 10 та қозонда тайёрланган таомлар маҳалла турғунлари, ободонлаштириш ҳамда бошқа ташкилот ишчилари, шунингдек, ижтимоий аҳволи оғир бўлган юртдошларимизга тортиқ этилди.
Бундай эътибор ва ғамхўрликдан руҳланган ватандошларимизнинг кайфияти кўтарилгани “Халқ ва армия, бир тану бир жон” деган эзгу ғоянинг амалий ифодасини яна бир бор намоён этди.
Қишнинг совуқ кунларида юртдошларимизга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида ташкил этилган ана шундай хайрия тадбирлари давом этади, дея хабар бермоқда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ Матбуот хизмати.












