Дастлаб ижод мактаби олдида жойлашган, янгиланган Огаҳий уй музейи билан, сўнгра Огаҳий ижод мактабида ўқувчиларнинг билим олишлари, яшашлари, ижод қилишлари борасида яратилган шароитлар билан танишдилар ва бу уларда катта таассурот қолдирди.
Шундан кейин Огаҳий ижод мактабининг «Истеъдодлар маркази»да икки таълим муассасаси ўзаро ҳамкорлигининг асосий йўналишлари, амалга ошириладиган ишлар кўлами ва аҳамияти муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева ва Огаҳий номидаги ижод мактаби директори Сарвар Абдуллаевлар ўзаро Ҳамкорлик шартномасини имзоладилар.
Шартномага кўра, биргаликда Огаҳий ҳаёти ва ижодини ўрганиш ва тарғиб қилишда илмий-тадқиқот ва маданий-маърифий ишларни йўлга қўйиш, мактаб ўқитувчилари ва университет профессор-ўқитувчилари билан, шунингдек, ёш ижодкорларни тарбиялашда ҳамкорликни амалга ошириш, илмий мақолалар чоп қилиш, конференция, учрашув, кўрик-танлов ва «Маҳорат дарслари»ни ташкил қилиш, «Огаҳий ҳаёти ва ижоди-ёшлар тарбияси учун намуна» йўналишидаги йўл харитасида белгиланган ишларни бажаришда мактаб ўқитувчи ва мутахассисларини жалб қилиш ва бошқа масалалар бўйича келишиб олинди.