Оилаларни сақлаб қолишга ҳар биримиз масъулмиз

    Инсоният тарихида оила ҳар бир шахс ҳаётида ҳал қилувчи ўринни эгаллаган. Унинг мустаҳкамлиги жамият мустаҳкамлигининг гаровидир.

    Шу боис оилавий ажримлар бугунги кунда долзарб муаммога айланиб улгурди. Оила инсоннинг суянчи саналувчи муқаддас даргоҳ бўлсада, баъзи ёш жуфтликлар ўз оилавий муносабатларини сақлаб қола олмайди. Муаммолар ечими сифатида ажрашиш танланади.

    Дунё бўйича оилаларнинг ажрашиш даражаси Ҳиндистон (1 фоиз), Чили (3 фоиз), Туркия (22 ) каби давлатларда энг паст ҳисобланади, Люксембург ажрашишлар бўйича энг юқори ўринни эгаллаган, ҳар 100 та оиланинг 87 таси ажрашиб кетади.

    Ҳиндистонда ажрашиш даражасининг пастлиги, никоҳ фақат икки ёшнинг ўртасида эмас балки икки оила ўртасида ришталарни вужудга келтириши кимдир ажрашишни хоҳласа ҳам оилавий ор-номус, ота-она ҳурмати сабабли бу йўлдан қайтиши билан изоҳланади.

    Ўзбекистонда 2020 йил давомида 296 934 та никоҳ қайд қилинган бўлса, ажримлар сони 28 254 тани ташкил қилган. Бу янги тузилган ҳар 10 оиладан биттасида ажрим рўй берди, дегани. 2010 йилда ажрашишлар сони 17 794 тани ташкил қилган, бундан кўриниб турибдики, ўсиш динамикаси анчагина юқори.

    Ажрашишнинг асосий сабаблари нимада?

    Халқаро ташкилотлар, хусусан БМТ томонидан ҳар йили ажралишларнинг глобал коэффициенти бериб борилади. Мазкур маълумотларга кўра, никоҳдан ажрашиш статистикаси бир қатор таъсирчан омиллар туфайли кескин ўзгариб бормоқда. Дунё бўйича ажрашишга жуфтликларнинг ўзаро мос келмаслиги, хиёнат, гиёҳвандлик/алкоголга қарамлик, моддий етишмовчилик ҳамда жисмоний/руҳий зўравонлик катта таъсир ўтказади.

    Шунингдек, ўзбек оилаларнинг ажралишларига учинчи шахсларнинг аралашуви, қайнона-келин муносабатлари, фарзандсизлик, ёш оилаларнинг ўз уй-жойига, даромад манбаига эга эмаслиги каби омиллар ҳам катта таъсирга эга.

    Одатда ажралишларнинг сабаблари ҳар хил, баъзилари жуда аҳамиятсиз, бошқалари эса йўқ. Ажрашмоқчи бўлган эр-хотин учун муҳим бўлган нарса бошқа жуфтлик учун аҳамиятсиз бўлиши мумкин. Қандай сабаб бўлмасин ажрашиш ёқимли ҳолат эмас, оила учун ҳам жамият учун ҳам зарарлари кўп.

    Қандай салбий оқибатлари мавжуд?

    Ажрашиш болалар учун аянчли кечади. Кўпгина болалар ўз фикрларига кўра ота-оналарининг ажрашишларида ўзларини айблашади, айбдорлик қайғуга сабаб бўлади. Ажрашиш болалар таълимига салбий таъсир ўтказиб, ўқув жараёни сустлашишига ёки таълим олиш имкониятлари учун моддий таъминот чекланишига олиб келади.

    2011 йилда Wisconsin-Madison университети томонидан ўтказилган тадқиқотдар шуни кўрсатдики, ажрашган ота-оналар фарзандлари аксарият ҳолатларда математика ва ижтимоий кўникмалар бўйича синфдошларидан анча орқада қолади.

    Оила динамикаси ва молиявий аҳволининг сезиларли даражада ўзгаргани сабабли, ажралган оилалардан чиққан болалар бошқа болаларга қараганда жиноятчиликка мойил бўлади. Баъзан болалар ўзларига нисбатан ишончсизлини ҳис қилади.

    2009 йилда Mishcon de Reya юридик фирмаси 20 йил давомида ажрашган оилаларда яшаган 2 минг киши ўртасида тадқиқот ўтказди. Натижаларга кўра уларнинг 42 фоизи ҳаёти давомида турли тажовузларга гувоҳ бўлганини, 49 фоизи тушкунликка тушган ота-оналарини юпатишга, 24 фоизи ёлғон гапиришга мажбур бўлганлигини айтган. Бунинг оқибатида ҳар уларнинг ҳар 10 тасидан биттаси жиноятчига айланган ва 8 фоизи ўз жонига қасд қилган.

    Руҳий тушкунлик. Ажрашиш энг аввало, жуфтликларнинг ўзларига салбий таъсир ўтказади, улар ҳаётида оғриқли из қолдиради. Стресс, хотиралар фожеага айланиши мумкин. Ёлғизлик, турмушдаги паст-баландликларни ёлғиз бошдан ўтказиш ҳар қандай жисмоний оғриқдан ҳам азоблироқ бўлади.

    Шу билан бирга, ажрашиш бир неча турдаги ҳис-туйғуларни оила учун биринчи ўринга олиб чиқади. Йўқотиш, ғазаб, чалкашлик, ишончсизлик, хавотир, аслида буларнинг ўрни меҳр-муҳаббат, келажакка ишонч каби туйғулар билан тўлдирилиши керак бўлган. Ажрашиш болаларни ҳаддан ташқари ҳис қилишга ва ҳиссиётларга сезгир бўлишга олиб келиши мумкин. Оиладаги бўшлиқни тўлдириш учун ташқаридан меҳр излаш натижасида болалар турли “ёмон йўллар”га кириб қолиш эҳтимоли ҳам жуда катта.

    General Social Surveys томонидан ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, ажрашган оилаларда тарбияланган болаларнинг 28 фоизи келажакда турмуш қура олмаган.

    Иқтисодий зарар. Ажрашиш оилаларнинг моддий турмуш тарзига салбий таъсир ўтказади. Икки шахс ўртасида тақсимланган рўзғор бир киши зиммасига тушади. Халқаро миқёсда статистик маълумотларга кўра, ажрашган ҳар бешинчи аёл қашшоқликка тушмоқда, ҳар учинчи аёл уй-жойсиз қолади. Аксарият эркакларнинг турмуш даражаси 10-40 фоизга пасайиб кетади. Бу ҳолат ўз навбатида жамият тараққиётига ҳам ўз таъсирини ўтказади ва камбағаллик ўсиши, ижтимоий ёрдамга муҳтожлар кўпайишига сабаб бўлади.

    Бир уйда яшаган оиланинг ажрашиши оқибатида, яна битта уйсиз одам кўпаяди. Уни уй-жой билан таъминлаш, бошқа моддий эҳтиёжларини қондириш учун давлатга ижтимоий юк ортади.

    Баъзида умуман моддий ёҳтиёжлар қондирилмайди. Болалар тарбияси, уларнинг моддий эҳтиёжини қондириш даражаси бошқаларникидан пастлиги сабаб, улар ўзларини хўрлангандек ҳис қилишади.

    Ажрашиш меҳнат унумдорлигига ҳам салбий таъсир ўтказади. Ажрашаётган ишчилар ишдан қочиш, презентеизм, стресс, хавотир ва соғлиқ муаммоларини юқори даражада ҳис қилади.

    Global Corporate Challenge томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, презентеизм – ишда қатнашиш, лекин ишламаслик – иш берувчилар учун ўша жой вакант бўлганидагидан кўра 10 баравар кўп зиён кўришга олиб келади.

    Шахснинг ғайриижтимоийлашуви. Оила шахснинг руҳий хотиржамлиги, жисмоний ҳаловати, стрессларни бартараф этиш маскани сифатида, қолаверса, инсонлараро муносабатларни тўғри йўлга қўйиши, яратувчанлик қобилиятини ривожлантириш учун муҳим қадрият.

    Инсон оилам, болам-чақам деб яшаб, ишлар экан, ўзини турли жиноятлардан тийиши, қобилияти ва имкониятини кўпайтиришга интилиши, меҳр-мурувватлироқ бўлиши тайин. Бу эса, унинг жамиятда ўз ўрнини топишига, жамиятнинг ҳам эзгу ниятли инсонлар билан бойишига олиб келади. Ажримларнинг кўпайиши эса шахсларнинг жамиятдан бегоналашувига, дахлдорлик туйғусининг йўқолишига олиб келади.

    Ажримларни камайтириш учун нима қилиш керак? Жамиятимизда оилаларни сақлаб қолиш, ажримлар сонини қисқартириш ҳар қачонгидан муҳим аҳамият касб этмоқда.

    Аввало, ёш оилаларни иш, уй-жой, реал даромад билан таъминлаш даражасини ошириш лозим. Болаларни оилавий муносабатларга тайёрлашда диний билимни кучайтириш, оила муқаддаслиги ғоясини сингдириш шарт.

    Шунингдек, амалдаги қонунчиликка никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари орқали ҳам ажрашиш мумкин. Оилаларни сақлаб қолишга кўмаклашиш учун мазкур тартибни бекор қилган ҳолда, ҳар қандай ажрашишни суд тартибида амалга оширишни жорий этиш лозим.

    Яраштирув комиссиялари фаолиятини такомиллаштириш, низоли оилалар билан доимий равишда алоқада бўлишнинг янги механизмларини жорий этиш, фуқароларга ҳар бир оила давлат муҳофазасида эканлигини амалда ҳис қилдириш керак.

    Зеро, оилани асраб-авайлаш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, ажрашиш арафасидаги оилаларни яраштириш энг эзгу амаллардан ҳисобланади.

    Сарварбек ФОЗИЛЖОНОВ,

    Фарғона вилоят юридик техникуми

    2-босқич ўқувчиси.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates