Жумладан, қорақалпоқ диёрида водийдан – Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидан кўплаб ёшлар таълим оладилар. Ушбу битирувчи талабаларни қутлаш ва уларга диплом топшириш мақсадида Қорақалпоғистондан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети раҳбарияти ҳамда профессор-ўқитувчилари Фарғонага келди.
Бугунги битирувчиларнинг аксарияти бундан тўрт йил муқаддам хорижий давлатлардаги олий таълим муассасаларининг юридик факультетларидаги сиртқи бўлимларда ўқирди. Президентимиз томонидан берилган имкониятлар туфайли бу ёшлар Қорақалпоқ давлат университетининг юридик факультетида ўқишни давом эттирди ва бакалавр дипломини қўлга киритди.
Айтиш керакки, Қорақалпоқ давлат университети нафақат юриспруденция йўналишида, балки ижтимоий-иқтисодий соҳаларда юқори малакали кадрлар тайёрлашда таянч олий ўқув юрти саналади. Ҳозирги кунда олий ўқув юртида ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича бакалавр ва магистрлар тайёрланмоқда.
Тадбирни олиб борган Фарғона давлат университети ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов ўз сўзида сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббускорлигида ҳуқуқшунослик соҳасига берилаётган эътибор, инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари борасидаги ислоҳотлар хусусида алоҳида гапириб ўтди.
Тадбир доирасида меҳмонлар Фарғона давлат университетида ҳам бўлдилар. Улар университетда юриспруденция йўналиши талабалари учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, икки университет ўртасида келгусида ўзаро илмий ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича мулоқот қилдилар.
ФарДУнинг "Қатағон қурбонлари" музейига уюштирилган саёҳат эса меҳмонларда чуқур таассурот қолдириб, уларни тарих ҳақиқатлари ва жадидчилик даври сари етаклади.
Ҳамкорлик материал