Ўзбекистон ва Хитой туризм сектори вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди

    Жорий йил 31 июлда Тошкент шаҳрида жойлашган «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида Хитой Халқ Республикасининг туризм сектори вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.

    Мазкур форум Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини Хитойда тарғиб этиш ва Ўзбекистон-Хитой туризм саноати вакиллари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга бағишланди.

    Бизнес-форум Ўзбекистоннинг «Travel Together» компанияси ва Хитойнинг «Fei Jing Tourism» компаниялари ташаббуси билан Туризм қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ва Хитойнинг давлат ва хусусий сектор вакиллари, жумладан, ҳукумат вакиллари, бизнес раҳбарлари ва инвесторлар, шунингдек, икки давлатнинг етакчи меҳмонхона брендлари ва туризм компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

    «Ўтган йили Хитой Халқ Республикасидан Ўзбекистонга 45 мингга яқин туристлар кириб келган, жорий йилда эса бу кўрсаткич бир неча карра ортиши кутилмоқда. Бунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида туризм соҳасида йўлга қўйилаётган икки томонлама муносабатларимиз ҳам алоҳида ўрин тутади. Хитой давлатида юртингизнинг тарихий масканлари, бой маданий мероси ва гўзал табиати билан яқиндан танишиш мақсадида бўлганлар сони ортиб бораётганлигини қайд этишим лозим. Бу эса икки томонлама сайёҳлар алмашинувида манфаатлидир», деб айтиб ўтди «Fei Jing Tourism» компанияси раҳбари Веи Жей хоним.

    «Хитойдан Ўзбекистонга кириб келувчи сайёҳлар сонини кескин кўпайтириш мақсадида янги лойиҳалар устида иш олиб бораяпмиз. Ўтган йили «Travel Together» томонидан 10 минг нафарга яқин хитойликларнинг Ўзбекистонга саёҳатлари ташкил этилган эди. Шу қаторида мамлакатимиз аҳолиси учун ҳамёнбоп тур-пакетлар ишлаб чиқиш ва уларнинг сифатли саёҳатларини ташкил этиш устида ҳам ишлаяпмиз. Яна бир бор таъкидлайман: амалга оширилаётган ишлар мамлакатлар аҳолисининг сифатли ҳордиқ чиқаришлари учун муҳимдир. Бизнинг компания бу борада етарли тажрибалар асосида фаолият кўрсатади. Сабаби биз жорий йилнинг ўзида «Long Air» авиакомпанияси билан ҳамкорликда Хитойдан Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйдик», деб таъкидлади «Travel Together» компанияси асосчиси Бобур Мирзааҳмедов.

    Форум давомида Ўзбекистон ва Хитой томонлари вакиллари ўртасида B2B форматидаги учрашувлар бўлиб ўтди, унда иштирокчилар туризм соҳасининг бугунги ҳолатини муҳокама қилдилар, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликнинг янги имкониятларини ўргандилар. Форум Ўзбекистон ва Хитой сайёҳлик компаниялари ўртасида бир қатор шартнома ва англашув меморандумларини имзолаш маросими билан якунланди.

    Маълумот учун, Туризм қўмитаси делегацияси жорий йил 19 – 25 январь кунлари Хитойнинг Урумчи, Шанхай ва Шенчжен шаҳарларида ташкил этилган кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этди. Шунингдек, йил давомида ўзида 500 миллиондан ортиқ обуначини жамлаган «Ctrip.com» онлайн саёҳат-платформасида мамлакатимиз туризм имиджи илгари суриб келиняпти. Натижада жорий йилнинг шу даврига қадар мамлакатимизга Хитойдан кириб келган сайёҳлар сони 30 минг нафардан ошди, деб хабар беради Туризм қўмитаси матбуот хизмати.

    No date selected
    август, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates