Тадбирни Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова очиб берди. “Олима аёлларимизнинг сафи кенгайиб бораётгани, уларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларига асосланган дастурий ишланмалари, инновацион ғоялари, ихтирочилик ва рационализаторлик фаолияти таълим ва илм-фан соҳаси ривожига салмоқли ҳисса қўшаётгани мамлакатимизда хотин-қизларга берилаётган юксак эътибор, яратилган шарт-шароит ҳамда кенг имкониятлар самарасидир”, — деди Шаҳло Турдиқулова.
Мамлакатимизда аёлга бўлган муносабат ўз тарихий илдизларига эга. Аждодларимиз доимо аёлларни қадрлашга, уларга нисбатан ҳурмат ва иззатда бўлишга ундашган. Абдулла Авлоний: “Қизлар билим олишга ҳаммадан кўпроқ интилишлари лозим, зеро, бу билимлар билан улар келажак авлодни тарбиялайдилар”, — деб ёзган эди.
Тадбирга ташриф буюрган аёл ва қизларни, шунингдек, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳам қутлади.
— Аёллар бош бўлган ишларда ҳамиша тартиб, интизом кучли бўлади, — деди вазир. — Аёллар бор жойда бағрикенглик ва адолат ҳукм суради. Ва олимлар ҳақида гапирадиган бўлсам, айнан аёл олималарнинг шогирдлари кўп бўлишини илм билан шуғулланувчи олим, соҳага масъул раҳбар сифатида кузатганман. Улар билим улашишда, фанга ёшларни жалб қилишда биз эркаклардан кўра фаолроқ бўлишади. Айнан олималарнинг илм-фан соҳасида улуши кўп бўлиши инсон капиталининг ривожланишига, демакки, жамият тараққиётига хизмат қилади.
Хотин-қизларнинг илм-фан ва илмий фаолиятдаги ўрнини ошириш ва уларнинг инновацион ғояларини, ихтирочилик ва рационализаторлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш юзасидан Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тегишли чоралар кўрилмоқда. Вазирлик томонидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида 2020 йилдан буён аёллар учун алоҳида танлов — “Олима аёллар грантлари” ташаббускор амалий ва инновацион лойиҳалар танлови эълон қилинмоқда.
Хотин-қизларнинг инновацион ғояларини, ихтирочилик ва рационализаторлик фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг амалий натижаларига эришиш учун олима аёллар хорижий нуфузли илмий марказлар ва университетларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юборилмоқда. Шунингдек, стартап лойиҳалар танловларида ҳамда хорижий давлатларга стажировкага юборилаётган ёш олимлар орасида ҳам хотин-қизларнинг сонини кўпайтириш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, 2020 йил 31 099 нафар илмий ходимлар илмий-тадқиқот ва тажриба конструкторлик фаолияти билан шуғулланган бўлса, уларнинг 39,6 фоизини аёллар ташкил этган. Ҳозирги кунда илмий-тадқиқот ва тажриба конструкторлик фаолияти билан шуғулланган аёлларнинг 3 157 нафари табиий фанлар соҳасида 262 нафар фан доктори, 650 нафар фан номзоди, 90 нафар PhD, 1 643 нафари техника фанлари соҳасида, 2 176 нафари тиббиёт фанлари соҳасида, 607 нафари қишлоқ хўжалиги фанлари соҳасида, 2 006 нафари ижтимоий фанлар соҳасида, 3 395 нафари гуманитар фанлар соҳасида фаолият кўрсатмоқда.
Ҳозирги кунгача илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ умумий йиллик молиявий ҳажми 219,6 млрд сўмлик 174 та илмий лойиҳалар олима аёллар раҳбарлигида бажарилмоқда. Шунингдек, лойиҳалар доирасида тижоратлаштириш салоҳияти юқори бўлган янги ишланмалар яратилмоқда.
Ёш олималарни турли фан соҳаларида ўз интеллектуал салоҳиятларини намойиш этишларида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни мақсадли тайёрловчи таянч докторантура ва докторантура катта аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда республикада мавжуд олий ўқув юртидан кейинги таълим институтлари илмий салоҳиятни юксалтириш, таълим самарадорлигини ошириш ҳамда илмий ва илмий педагогик кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Инновацион ривожланиш вазирлиги Матбуот хизмати